Ажойиб саванналар

Spread the love

Саванналар иссиқ ўлкалардаги ўрмон-дашт зонасидир. Африка саванналари йилнинг қурғоқчил мавсумида чўлдан фарқ қилмай қолади.

Ҳаво ҳарорати +50°C га етиб ўт-ўлан, ўсимликлар қовжирайди, дарахтларнинг барги тўкилади. Жазирама иссиқ одамлар ва ҳайвонларнинг мадорини қуритади. Арзимаган иш, кичик бир ҳаракат ҳам малол келиб, кишини ҳолдан тойдиради.

Ёғингарчилик мавсуми бошланиб, дастлабки жала қуйиши билан саваннанинг манзараси ўзгаради: қақраб ётган ерлар сувга тўйинади, дарахтлар куртаклайди, навбатдаги жаладан кейин дарахтлар барг ёзади, ниҳоллар ўсиб чиқади, гуллар очилади ва ҳаммаёқ яшил гилам билан қопланади. Шуниси қизиқки, бизнинг ўлкалардаги ўсимликларда бир, бир ярим ой мобайнида рўй берадиган ривожланиш-ўзгариш саваннада тўрт-беш кунда содир бўлади.

Жанубий яримшардаги саванналарда паст бўйли бошоқли ўтлар ҳам, одам бўйидан баланд ўтлар ҳам ўсади. Саванналарнинг асосий ўсимлиги — ўт-ўланлир. Дарахтлар (мимоза ва палмалар) кўпинча тўп-тўп бўлиб ўсиб туради, шунингдек, дарё ва кўлларнинг ёқаларида ҳам учрайди. Ер шаридаги энг катта дарахтлардан бири — баобаб Африка саванналарида ўсади.

Саванналарнинг ҳайвонот дунёси ҳам ажойиб. Термитларнинг баланд инлари ўтлоқларда эҳромдек қад кўтариб туради. Ҳамма жойда жуда кўп миқдорда ҳар хил заҳарли илонлар учрайди. Баъзи илонларнинг узунлиги ҳатто олти метрга этади. ўтлар орасида тувалоқларни пайқаш жуда қийин. Туяқушлар салобатли қадам ташлаб ўтишади.

Саваннада кийиклар, оҳулар, қуёнлар, филлар, жирафалар, тўнғизлар, кўлларда ва кўл ёқаларида беўхшов бегемотлар учрайди. Филлар дарахтларнинг шох-шаббаларини синдириб, ўтларни пайҳон қилиб ўтиб қолади. Мимоза дарахтлари орасидан жирафаларнинг чиройли бошларигина кўринади. Кенг ялангликларда бепарво ўтлаб юрган зебралардан биронтаси ўз ўлжасини пойлаб ўтлар ичида кўринмай ётган шерга эҳтиётсизлик қилиб яқинлашса борми, уни ажалдан ҳеч нарса қутқариб қололмайди… Шер бир сакраса, бас, бечора зебра унинг панжалари тагида… Очофат, қонхўр шер ўлжасини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирмаса-да, йиртқич бургут шердан ҳайиқмай гўштга чанг солади, юраги дов бермаётган чиябўрилар шернинг «овқатланиб» бўлишини бир чеккада пойлаб ётадилар… Уларга шердан қолгани ҳам бўлаверади.

Гўзал оҳулар душманидан қўрқмайди. Улар жуда ҳушёр бўлиб, хавф-хатарни узоқдан сезишади ва яшин тезлигида югуриб хавф-хатардан қутулишади.

Сайёҳ Брем саваннада кўрганини шундай ҳикоя қилади: «Бизнинг борадиган манзилимиз узоқ бўлганлигидан саваннада тунашга тўғри келди. Биз саваннанинг ўт-ўлани камроқ бўлган қумли жойини танладик. Ёққан гуканимиз теварак-атрофни ёритиб турарди. Тун. Жимжитлик. Оёқлари билан биргаликдаги катталиги кафтча келадиган ўргимчак, унинг кетидан иккита чаён оловга қараб югурди, улар борган сайин кўпаяверди. Биз дарҳол қисқичларни олиб ҳашаротларни бирма-бир оловга ирғита бошладик, улар келаверди бизлар ирғитавердик, алламаҳалгача шу тарзда овора бўлдик; ниҳоят, бу хавфли махлуқлар анча камайди, шундан кейингина бироз эркин нафас олдик. Кўп ўтмай заҳарли илонлар «ташриф буюрди». Булар ичида энг ёвузи сарғиш-қум рангидаги шохли илондир. Кундузи илонлар қумга кўмилиб ётади, кечаси шу тарзда ўрмалаб юради. Шохли илонни  кўришим билан баданим сесканиб кетди; ахир, чақса кишини, албатта, ўлдиради. Яна қисқичларга ёпишдик ва илонни бошидан қисиб олиб гулханнинг қоқ ўртасига ташладик. Жирканч махлуқлар бизга тун бўйи тинчлик бермади; тонг отар пайтидагина бироз тинчиб, уйқуга толдик. Эрталаб туриб кўрпаларни қоққанимизда ичидан бир нечта илон тушди.

Кўнгилсизликлар ҳали бу билан тугамади. Мен тунда кийимларимни ёнимга тахлаб қўйган эдим. Эрталаб кийинмоқчи бўлиб қўлимга олсам ҳайрон бўлиб қолдим: кийимларим илма-тешик бўлиб кетибди, кийишга ярамайди: термитлар шундай қилибди. Бу разил ҳашаротлар дуч келган нарсани кемириб нобуд қилади. Баъзида катта-катта дарахтлар ўзидан ўзи ағдарилиб тушади: улами термитлар кемириб қирқиб кетади. Термитлар милтиқнинг ёғоч қисмини ҳам, юк машиналарининг кузовларини ҳам, ёғоч уйларни ҳам кемириб, кукунга айлантиради.

Қуёш уфқдан кўрингач, биз йўлга тушдик».

Вам может понравиться

Добавить комментарий