Ўлик денгиз

Spread the love

Узунлиги 76, эни 10—15 километр келадиган бу кўлни кўрган киши ҳайрон қолади. Ахир, сув — ҳаёт манбайи, сув бор жойда ҳаёт фаровон деймиз. Унинг қирғоқларида на бир гиёҳ ва на бир парранда бор. Ҳатто сувида бирорта балиқ зоти учрамайди. Суви шу қадар шўрки, юз ювсангиз сал ўтмай бетингиз оппоқ тузга бўялади. Чўмилмоқчи бўлсангиз, ҳаракатингиз зое кетади — сувга киролмайсиз, оёғингиз ботмай, бамисоли пуфакдек қалқиб юрасиз. Унинг бир литр сувида 250—300 грамм туз бўлгани сабабли суви жуда оғир, ҳаётдан маҳрум.

Теварак-атрофи тошлоқ чўл ва жазирама иссиқ бўлганидан кўл суви тез буғланади. Иордан дарёсидан келаётган сув бу кўлнинг асосий манбайидир. Уни араблар «Баҳри лут», яъни «Ўлик денгиз» деб аташади. Ушбу кўл ҳаётдан маҳрум бўлсада, икки хусусияти билан машҳурдир.

Биринчиси шуки, ўлик денгиз дунёдаги энг чуқур ҳавзалардан бири. У Ғарбий Осиёдаги ер ёриғида ўрнашган бўлиб, сувининг сатҳи ўртаер денгизи юзасидан 392 метр пастда, сувининг туби эса яна 356 метр чуқур. Бинобарин, ўлик денгиз туби океан сатҳидан 748 метр пастликдадир.

Денгиз сувида бир неча ўн миллиард тонна хилма-хил минерал тузлар, жумладан, калий, магний, натрий хлорид, бромнинг мавжудлиги денгизнинг иккинчи хусусиятидир. Бу тузлар химия, медицина ва ҳарбий саноат учун хомашё манбайидир. Мазкур денгиз тузини теваракдаги бир қанча химия заводлари қабул қилади. Демак, номи «ўлик» бўлса ҳам, денгиз фойдаси «тирик» экан.

Вам может понравиться

Добавить комментарий