Сирли ороллар

Spread the love

Дунёда «меҳмон орол», «эриган орол» «шох-шабба орол» борлигини эшитганмисиз?

..1831-йилнинг ёз ойлари. Ўртаер денгизининг Сицилия оролидаги балиқчилар майин тўлқинлар узра хиргойи қилиб сузиб борар эканлар, таажжубдан ёқа тутиб қолдилар. Бу нима ўзи, наҳотки, йўлдан адашган бўлсак? Йўқ, йўқ, сабр қилинг. Бу туш ҳам эмас, сароб ҳам. Бу — орол, 18-июл кечаси Сицилия жанубида, денгиз ўртасида бехосдан пайдо бўлган янги оролча сув юзидан 60 метр қад кўтариб турибди. Балиқчилар оролга яқинлашдилар-у, унга қадам қўя олишмади. Қирғоқ ёнидаги сув биқиллаб қайнаб турарди, орол буғ ва дуд ичида қолганди. Чунки бу вулқонли орол, денгиз остидан отилган вулқоннинг сув бетига кўтарилиб чиққани эди.

Бу янги оролчага ном ҳам берилди. Лекин бечора орол талаш-талаш бўлиб қолди. Мамлакатлар «меники-меники» деб жанжал бошладилар. Кунлар? Ҳафталар ўтди. Капиталистлар зўравонлик билан оролни ўзлариники қилиб олмоқчи бўлдилар. Қурол-аслаҳани кемаларга солиб, оролга томон лашкар тортиб кетдилар.

Ҳайҳот! ўзи нима гап? Ё йўлдан адашдиларми, ёки кўз тиндими? Йўқ, йўқ, жаноблар, сиз худди ўша ерга сузиб келдингиз. Аммо орол ғойиб бўлган, кечагина денгиз остига чўкиб кетган эди.

Орадан 30 йил ўтди. ўша орол яна бир кўриниш берди-ю, уч-тўрт ойдан сўнг яна ғойиб бўлди. «Меҳмонга» келиб-кетадиган бундай ороллар ер юзида анчагина бор. Исландия теварагида, айниқса, Тинч океанда кўп.

«Эриган ороллар» деганда, «Бу яна нимаси, ороллар ҳам эрир эканми?» — дерсиз. Ҳа, шундай ороллар ҳам бор. Лаптевлар денгизида 7—8 километр узунликдаги икки орол кашф этилган, уларга Василевский ва Семеновский деб ном ҳам берилган эди. Бир неча йиллар давомида бу икки орол қуриб кетган.

Оролларнинг ериши улар қазилма музлардан — қум-лой аралашган мангу музлаган тупроқдан иборат бўлганлиги туфайлидир. Ёз даврида оролларнинг музи ва юмшоқ ётқизиқлари эриб, тўлқин секин-аста юваверган. Масалан, Семеновский ороли ҳар йили 113 метрдан камайиб турган.

Шимолий денгиздаги Гелголанд ороли 900 йил муқаддам 1000 квадрат километрли каттагина орол эди. Унинг қизил қум-тош жинслари ювилавериб, ҳозир кичик бир қоятошгина қолган.

Катта дарёларда оқиб келаётган шох-шабба, қамиш ва ўтлар тўпланиб, устма-уст қалашиб, бир неча минг гектарли шох-шабба оролига айланади. Бундай ороллар талай ерларгача сурилиб бораверади, баъзан тор жойларда ва тўғонларда оқимни тўсиб қўяди.

Бир неча юз йиллар мобайнида чизилган географик хариталар кўздан кечирилса, ғалати-ғалати номларни ўқиш мумкин. Масалан, эски хариталарда Гама ери, Компания ери, Петерман ери, Воейков ери, Кеннан ери, Санников ери, Андреев ери каби номлар бор. Лекин ҳозирги хариталарда бундай номлар йўқ. Эҳтимол, номи ўзгартирилгандир, деб ўйларсиз. Йўқ, ўзгартирилмаган, балки улар эриб кетганми, чўкиб ғойиб бўлганми — аниқ айтиб бўлмайди. Ҳатто шундай «ер»лар умуман бўлган-бўлмаганлиги ҳам номаълум. Кўпгина экспедицияларнинг бу «ер»ларни обдан қидириши натижасиз тугади. Бизнингча, улар сароб ороллар, тахминий ерлар бўлса ажаб эмас.

Ҳозирги айрим денгизларнинг саёз жойлари тош-тупроққа тўлдирилиб, қуруқликка айлантирилмоқда. Улар ўртасида нефтчилар учун сунъий ороллар бунёд этилмоқда.

Вам может понравиться

Добавить комментарий