Саҳройи кабир

Spread the love

Саҳройи Кабир ер юзидаги энг катта чўл бўлиб, Африканинг шимолий қисмида жойлашган, қитъанинг 1х3 қисмини эгаллайди.

Унинг майдони Ўзбекистон ҳудудидан 15 баравар катта. Саҳройи Кабир шимолий яримшарнинг қуруқ пассатлар зонасида бўлганлигидан ёғингарчилик ниҳоят даражада кам, ёғганда ҳам ер намланмайди, ҳавоси жуда қуруқ ва ҳаддан ташқари иссиқ. Тароблис шаҳри яқинидаги Азизия қишлоғида ҳавонинг ҳарорати соя жойда ҳатто +58°га этган ҳоллар ҳам бўлган. Қуёш нури тушиб турган тош ва қоялар +90°дан ҳам ортиқ қизиб, сувнинг қайнаш даражасига яқинлашади.

Ер бетига яқин ҳаво жуда қизиб кетиши натижасида ҳаво ҳарорати ва хусусиятлари жиҳатидан бир-биридан фарқ қиладиган қатламларга ажралади. Бундай қатламларда ёруғлик нури синиши натижасида сароб вужудга келиб, уфқда мавж уриб турган кўллар, кўм-кўк воҳалар, шаҳарлар кўзга кўринади.

Кундузи Саҳройи Кабирда жазирама иссиқ бўлса, тунда ҳаво совиб кетади. Шуниси қизиқки, кундузги жазирама иссиққа чидаган киши тунги совуққа бардош беролмайди. Саҳройи Кабирда чанг ва тўзонли кучли шамоллар, қум бўронлари тез-тез бўлиб туради. Шамол қум зарраларини жуда катта тезликда учирганидан йўлидаги ҳар бир нарсани юлиб-юлқиб, емириб, парчалаб, ҳатто учириб кетади.

Жазирама иссиқ кунлардаги шамоллар натижасида ҳаво электрлашиб қолади. Иссиқ шамол бир неча соат ичида бутун бир воҳанинг ҳосилини нобуд қилиши мумкин. Саҳройи Кабирда қуюнлар ҳам бўлиб туради. Қуюн пайтида қум ва чанглар осмонга гирдоб бўлиб кўтарилади. Саҳройи Кабирда қишлоқлар кам бўлганлигидан қуюн унча катта талафот келтирмайди,

Шамол Саҳройи Кабирнинг чанг-тўзонларини баъзан минглаб километр масофага, ҳатто Европага ҳам учириб бориши мумкин. Саҳройи Кабирда қаттиқ шамоллар эсмаган кезларда «қуруқ туман» бўлади. Бундай «туман» туфайли сал нарироқдаги буюмлар ҳам кўринмай қолади, ҳайвонлар йўл тополмайдилар.

Саҳройи Кабирда кўллар ҳам учрайди. Лекин улар шўр ботқоқликдан иборат бўлиб, юзини қаттиқ туз қатлами қоплаган бўлади.

Саҳройи Кабирнинг ери тўзон — «тупроқ», қум ва тошлоқдан иборат. Тўзон «тупроқ»ли ерларда оёқ тизза баравар «тупроқ»қа ботиб кетиши мумкин. Саҳройи Кабирнинг кўпроқ қисмини қумли чўллар ишғол қилган, айрим жойларида қумлар зичлашиб қаттиқ қатламга айланган, бошқа жойларида баландлиги 100—200 метр келадиган кўчиб юрувчи қум тепаликлар бор. Саҳройи Кабир қуёш нурида қўнғир-қизғиш, сарғиш-тилла рангда товланади. Саҳройи Кабирнинг катта қисми тошлоқдан иборат. Тошлоқ чўллар қиррали тошлар ёки майда шағал билан қопланган. Бундай чўлларда туяларнинг, ҳатто машиналарнинг ҳам юриши қийин.

Вам может понравиться

Добавить комментарий