Мартинка оролидаги фожиа

Spread the love

Кичик Антил ороллари гуруҳига кирадиган Мартиника оролининг шимоли ғарбий қисмида Мон-Пеле вулқони бор. Унинг баландлиги бир ярим километр.

Оролнинг аҳолиси энг кўп бўлган савдо шаҳри — Сан-Пер шу тоғ этагида. Мартиника ороли ҳар хил тропик дарахтлар, шакарқамиш, какао ва кофе плантациялари кўп бўлган гўзал ва хушманзара жойдир.

1902-йил апрел ойининг бошида тоғнинг тепасида оқ тутун пайдо бўлиб, теварак-атрофга олтингугурт ҳиди таралади; 24-апрелда тутун бурқираб осмонга кўтарилади. Бир неча кундан кейин тутун қуюқлашиб, кулранг тусга киради… 2-майда тутун қорайиб, тоғ тепасини туман қоплайди. 2-майдан 3-майга ўтар кечаси кратер тепасида узлуксиз равишда чақмоқ чақиб, тўп отилгандек гумбурлаш овозлари эшитилади. Ҳавони олтингугурт ҳиди босиб кетади.

Эрталаб ташқарига чиққан одамлар кўчалами ва тоғ атрофларини кул қоплаганини кўриб ваҳимага тушади. Бу шаҳарда яшовчи бир аёлнинг Париждаги қариндошларига ёзган мактуби диққатга сазовордир: «Одамларни ваҳима босяпти. Уй-жойларимизни кул қоплаб олди. Вулқондан тобора зўраяётган ёнғин вақтидаги каби қора тутун борган сайин кўпроқ чиқяпти. Баъзи кишилар тоғ тепасидан аланга чиққанини ҳам кўришибди. Мен кечаси олтингугурт ҳидидан уйғониб кетдим. Хоналарга кул тўлган. Бугун мактабларда ўқиш бўлмади, болаларга жавоб бэриб юборишди. Боғларда яшовчи оилалар шаҳарга қайтиб келишмоқда. Сан-Пер ҳаддан ташқари ғамгин; бутунлай кулга беланган; уйлар, кўчалар, дарахтларнинг ҳаммаси кул рангида.

Агар шундай давом этаверса, ҳаво етишмай бўғилиб ўлишимиз ҳеч гап эмас. Кўплар ақлдан озди. Ажалимиз яқинлашяпти, шекилли… Бизни нима ҳалок етаркан: ўтда куйиб ўламизми ёки бўғилиб? Ҳозирча тирикмиз…» Бу хат ёзилганидан 5 кун ўтгач, 8-майда хатнинг муаллифи Сан-Пер шаҳрининг барча аҳолиси қатори ҳалок бўлган.

Шаҳардан четда, вулқон таъсири этиб бормайдиган жойда бўлганларнинг ҳикоя қилишича, бу фожиа қуйидагича рўй берган.

4-майда кул отилиб чиқиши давом этган, ер остидан гулдурос товушлар эшитилаверган, тунда эса тоғда аланга кўринган. 5-майда тоғдан суюқ лой қайнаб чиқиб, шиддат билан тоғ ёнбағрига оқиб туша бошлаган. Шаҳар атрофини 7—8 метр қалинликда лойқа қоплаган. Бу оқим денгизгача етиб борган, денгизда даҳшатли тўлқин вужудга келган. Шаҳар халқи саросимага тушган. 6-майдан 7-майга ўтар кечаси қаттиқ момақалдироқ бўлиб, кучли жала қуйган. Тоғдан чиқаётган тутун қуюқлашаверган. Гумбурлаган овозлар тобора кучайиб, ҳар 5 секундда такрорланиб турган.

Шаҳар аҳолиси ҳаяжонда бўлса ҳам, бунинг фожиали тугаши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Бу ҳодисани текширишган мутахассислар аҳволни хавфсиз деб топганлари учун аҳоли шаҳарда қолаверган.

Фожиадан бир кун илгари Сан-Пер шаҳридан оиласи билан бир неча километр нарига кўчиб кетган ва шу сабабли омон қол-ган бир киши ўз кўзи билан кўрганларини бундай ҳикоя қилади: «8-май куни эрта билан тоққа қараган кишини ваҳима босмаслиги мумкин эмас эди. Тоғ қорайиб, турли жойидан тутун чиқиб турарди. Ҳаво сокин, табиат бамисоли уйқуда. Соат 8 лар чамаси. Сан-Пер томон қараган эдик, вужудимизни даҳшат босди… Тўсатдан тоғнинг кўриниши ўзгарди. Бутун тоғ бирйўла ларзага келгандек бўлди-ю, ҳамма томонидан минглаб тутун устунлари бурқираб чиқа бошлади, устун тепасида чақмоқ чақнарди. Орадан бир неча дақиқа ўтиши билан дунё остин-устин бўлаётгандек туюлди. Биз денгиз томон югура бошладик. Клен югуриб кетатуриб дам-бадам орқамга ўгирилиб қарар ва мудҳиш манзарани кўрар эдим. Энди тоғ кўринмасди: уни машъум аланга ёритиб турган қуюқ тутун пардаси тўсган. Бу алангали тутун пардаси фавқулодда тезлик билан устимизга бостириб келмоқда. Ана, у осмонга кўтарилиб, уни ҳам ўт гумбази каби қоплаб олди. Момақалдироқнинг даҳшатли овози тинмайди. Денгиз қўнғир-қора тусга кириб бўртиб чиқди, катта-катта пўртаналар қирғоққа ёпирила бошлади, йўлида нимаики учраса барчасини ямлаб ютаверди. Ҳалок бўламиз, шекилли!..

Тўсатдан жануб томонда ҳаддан ташқари кучли бўрон қўзғалди, дарахтлар ерга ёнбошлади, оловли тутун пардаси биздан 300 метр наридаги қишлоқ ёнида тўхтади. Биз омон қолдик.

Шамол аста-секин сусайиб, икки-уч минутдан кейин тинди. Биз Сан-Перга қарадик. У баҳайбат гуканга ўхшарди. Ярим соатча устимизга қизиган тошлар ёғиб турди. Шаҳардан ном-нишон қолмади».

Сан-Пер аҳолиси билан бирга куйиб йўқ бўлди. Бу фалокат вақтида ўлганлар сони 30 минг кишидан кам эмас. Бу вақтда Сан-Пер лимаҳида турган кемалар ҳам ҳалок болди: баъзиларини тепадан ёғиб турган қизиган тошлар куйдириб юборди, бошқаларини денгиз тўлқинлари қирғоққа улоқтириб парчалади, чўктириб юборди; бир пароходгина тасодифан зарарланмай қолиб денгизга чиқиб олган, лекин кемадагиларнинг кўпчили-гини қизиган тошлар куйдириб ҳалок қилган. Шулар орасида омон қолган йўловчи бу мудҳиш ҳодиса ҳақида бундай деган: «Биз 8-майда Мартиникага келганимизда тонг ёришаётган эди. Эрталаб соат 6 да пристанга лангар ташладик. Пристанда биздан бошқа яна 18 та пароход ва 4 та елканли кема бор эди. Тўсатдан ҳаво ларзага келди. Кимдир: «Анавини қаранглар!» деб бақириб, тоғни кўрсатди. У ерда кўрганимизни тасвирлашдан ожизман… Тоғ кўз олдимизда ёрилиб кетгандек туюлди. Баланд олов устуни тик юқорига кўтарилди ва олов булутига айланиб устимизга ёпирилиб кела бошлади. Мен лангами кўтармоқчи бўлиб пароходнинг олд томонига югурдим. Шу он даҳшатли олов булутидан чўғдай қизиган тошлар, қайноқ сув ва аланга устимизга ёғила бошлади. Айни вақтда қўлтиқдаги сув кўтарилиб, ҳайқириб кемаларга ёпирилди. Бу баҳайбат тўлқин бизнинг кемамизга ҳам етиб келиб бир дамда унинг мачтасини, трубасини ва устидаги қайиқларни юлиб олиб кетди. Нафасим бўғилиб ҳушдан кетибман… Кўзимни очсам, нтрофимизни олов, қизиган тош, чўғ ҳолдаги жисмлар хароб қилиб ташлабди, аллақаёқлардан матросларнинг куйиб қорайган гавдалари келиб тушмоқда… Мурдалар орасида қолиб кетдим… Атрофимиздаги чўкмай қолган кемалар ловуллаб ёнаяпти, қўлтиқ мурдаларга толиб кетган…

Соат 3 ларда франсуз крейсери келиб мэени ва жароҳатланган 16 кишини қутқарди. Жароҳатланганларнинг 9 таси йўлда оламдан ўтди».

Ловуллаб ёнаётган шаҳарга кириб бўлмас, аланга ўраб олган қирғоқ ва тоғ этаклари, ёнаётган кемалар узоқдан кўриниб турарди.

Ҳалок бўлган шаҳарга уч кундан кейин, 11 майдагина кириш мумкин бўлди. Шаҳарга биринчи бўлиб кирганларнинг кўз ўнгида намоён бўлган даҳшатли манзарани таърифлаб беришга сўз ожизлик қилар эди. Шаҳарда ёниб қора кўмир бўлмаган, куйиб кулга айланмаган нарсанинг ўзи кам… Баъзи уйларда одамлар стол атрофида ўтирганича ўлиб қолган; булар тўсатдан, бир лаҳзада жон берган бўлса керак.

Сан-Пернинг ўзигина эмас атрофи ҳам харобага айланган, дарахтлар илдизи билан қўпорилган; қўлтиқ яқинидаги айрим уйлар ёнмаган бўлсада, ундаги кишилар газдан бўғилиб ўлишган.

Мартиника оролида 1902-йилда бўлган вулқон отилиши — ер юзида рўй берган жами вулқон отилишларининг энг даҳшатлиси, энг фожиалисидир.

Вам может понравиться

Добавить комментарий