Лобнор – дайди кўли

Spread the love

Марказий Осиёдаги Лобнор кўли ажойиб-ғаройиб табиати билан кўпгина географлар диққатини ўзига жалб этиб келган. 1876-йилда Н. М. Пржевалский Лобнор кўлининг ўрнини аниқлаган, уни ўрганган, тасвирлаган. Бу оқмас кўл бўлиб, атрофи қамишзор билан қопланган. Одатда, чўлдаги оқмас кўлларнинг суви шўр бўлади, лекин Лобнор кўли сувининг чучуклиги сайёҳни ажаблантиради. Кейинчалик Лобнор кўлининг координаталари аниқланганда илгариги хариталардаги ўрни ўзгарганлиги — кўл анча жанубда эканлиги маълум бўлади.

Лобнор — дайди кўл. Кўлнинг жойдан жойга сурилиши табиатда камдан кам учрайдиган ҳодисадир. Унинг ўз ўрнини ўзгартириши Торим дарёси ва унинг ирмоғи Кончи дарёсининг сув режимига боғлиқ. Торим дарёси тўлиб оққанида кўпинча сув тошиб, атрофдаги қумлоқ-гил тупроқли ерларни ювиб кетади. Шунинг учун Торим дарёси қуйи қисмининг ўзани ўзгариб туради. Эски ўзан қуриб кетиб, ўрнида саёз кўл қолади, холос. Лобнор кўли айни шу тарзда ҳосил бўлган. Шу туфайли унинг ўзани ўзгариб туради.

Маҳаллий манбаларга қараганда, энг илгари ҳосил бўлган Лобнор кўли Пржевалский топган Лобнор кўлидан шимоли шарқий томонда бўлган. Торим дарёсининг ўзани кейинчалик жануброқдаги сойликка бурилгач кўл ҳам ўрнини ўзгартирган.

1923-йилда Торимнинг чап, серсув ирмоғи — Кончи дарё шарққа бурилиб, қадимги эски ўзанидан, яъни «Қуруқ дарё» ўзанидан оқа бошлади. Натижада Торим дарёси саёзланиб қолди. Дарёнинг қуйи қисми, шунингдек, Пржевалский топган Лобнор кўлининг суви ҳам тобора камайиб, бутунлай қуриб қолди. Унинг ўрнига янги — Лобнор кўли вужудга келди Торим дарёсининг суви экин майдонларини суғоришга тобора кўпроқ сарфланаётганлигидан ҳозирги кунда Лобнор кўлининг суви ҳам камайиб бормоқда.

Вам может понравиться

Добавить комментарий