Зираворлар ороли

Spread the love

Занжибар ороли маржонлардан ҳосил бўлган. Майдони 1600 квадрат километр. Оролнинг номи «занжибар» сўзидан олинган болиб, «қоралар диёри» деган маънони билдиради.

Занжибар оролининг туб халқи суахилилардир. Оролга кейинчалик араблар, шунингдек, ҳиндлар, эронийлар ва европаликлар кўчиб келган.

Занжибар ороли қуллар билан савдо қилишда дунёга донг чиқарган. 1859-йилда оролда 19000 қул сотилган. Қул сотиш ва олиш учун Занжибар бозорига турли мамлакатлардан қулфурушлар келган.

Оролнинг иқлими тропик ўсимликлар ўсиши учун жуда қулай. Ҳамма жойда кокос палмаларини учратиш мумкин. Занжибар оролида 3,5 миллион туп кокос ёнғоғи дарахти бор. Оролда кийик, лемур ва қоплонлар, улкан тошбақалар, илон ва калтакесаклар ҳамда кишининг диққатини ўзига жалб этадиган чиройли, ранг-баранг қушлар кўп.

Занжибар ороли қалампирмунчоқ етиштириши билан оламга машҳур. Қалампирмунчоқ дарахтининг асл ватани Молукка оролларидир. Бу дарахт Занжибар оролига ХVIII аср охирида келтирилган. Ҳозир оролда 20 минг гектар майдонга қалампирмунчоқ килади. Дунёда ишлаб чиқариладиган қалампирмунчоқ мойининг 80 фоизини Занжибар беради.

Занжибарда апелсин, лимон ва мандарин, ананас, банан, нон дарахтлари жуда кўп. Катта-катта майдонларга манго, тариқ, шоли, батат ва маниок каби ўсимликлар экилади.

Оролдаги аҳолининг асосий қисми қишлоқларда яшайди. Ҳар бир қишлоқ марказида мажлис ўтказиладиган уй ва масжид бор. Занжибар номи билан юритиладиган шаҳарда шаҳарга хос миноралар ва масжидлар кўп. Бу ерда уйлар тошдан қурилган. Ҳар бир уйнинг атрофини боғ-роғлар ўраб олган. Уйнинг киши диққатини жалб этадиган асосий ва гўзал қисми — эшигидир. Қимматбаҳо пишиқ ёғочлардан қилинган эшикларга гулга, денгиз тўлқинларига, балиқларга ўхшатиб хилма-хил нақшлар усталик билан ўйилган. Уй эшигининг кўркамлигига қараб занжибарликларнинг моддий аҳволига баҳо бериш қийин эмас. ўймакор эшиклар Занжибарнинг анъанавий санъатидир. Эшиклар бошқа санъат турлари каби занжибар халқининг шон-шавкати ҳисобланганидан уни оролдан ташқарига чиқаришмайди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий