Тошкент кўчаларида отлиқ отряд хизмати йўлга қўйилди

Пойтахт ИИББ пост-патрул хизмати ва жамоат тартибини сақлаш Бошқармаси томонидан отлиқ отряд хизмати йўлга қўйилди.

Пост-патрул хизмати Бригадаси тузилмасида ташкил этилган отлиқ отряди шаҳардаги дам олиш масканлари ва сайилгоҳларда назоратни олиб боришмоқда.

Ушбу бригада айни пайтда Алишер Навоий номли кутубхона, Hyatt меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги кўчаларда ҳам патруллик қилмоқда.

Отлиқ патрул хизматининг иш вақти ҳар куни соат 17:00 дан бошланади.

Uzreport.news хабарига кўра, отлар Германия ва Испаниядан келтирилган бўлиб, улар ҳар қандай шовқин-суронга кўникма ҳосил қилган. Автомобилларнинг товушли ишоралари, гавжум одамларнинг ҳаракатлари отларни ҳуркитмайди.

Ҳозирда шахсий таркибни ўқитиш, уларнинг билим савияси, жанговар шайлиги, от миниш кўникмалари, хизмат йўналишида қайси тартибда ҳаракатланиши бўйича ҳам дарслар мунтазам ўтказилмоқда.

Отлиқ патрул хизмати ходимлари фуқароларга тез тиббий ёрдам керак бўлса, ёрдам кўрсата олади. Хорижлик сайёҳларга истаган маълумотларини тақдим этиб, қизиқтирган саволларига жавоб беради.

Манбаа: даракчи.уз

Вам может понравиться

Добавить комментарий