Смарт-соатлар энди Тошкентда!

Spread the love

Сўнгги йилларда мобил технологиялар шу қадар ривожланиб кетдики,  телефондаги барча нарсани қўл соатига жойлаш имкони пайдо бўлди… Улар смартфоннинг ўзига хос ёрдамчилари бўлиб, ускунани чўнтакдан чиқариб туриб, жуда кўп вазифаларни бажариш имконини беради.

Ҳозирда бизнинг бозорда Samsung, Sony ҳамда Apple сингари йирик компанияларнинг “ақлли” соатлари тақдим этилган.

Уларнинг айримлари ўз смарт-гаджетларининг бир нечта авлодини чиқаришга ҳам улгурди. Масалан, Samsung 4 та авлод, Sony – 3 та, Apple – ҳозирча битта авлодини тақдим этди. Ҳар бир фирма харидорларни бирор оригинал нарса билан ҳайратга солишга, ўз девайсларини ўзига хос ноодатий нарса билан янгилашга интилмоқда. Эътиборингизга юқоридаги ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган смарт-соатларнинг сўнгги моделларини тақдим этишга қарор қилдик.

SAMSUNG: иккитаси бирда

Samsung компаниясида смарт-соатларнинг сўнгги модели GearS аввалги Gear 2 каби ўз ичига олган камераси билан аҳамиятга молик. У қўлингизга тақилган соат ёрдамида видео ва расм суратга олишга ёрдам беради. Ушбу девайсдаги инфрақизил порт телевизор ва кондиционер каби турли маиший техникани бошқариш имконини беради. Датчикларнинг стандарт йиғиндиси акселерометр, гироскоп, компас, ва пульсометрларни ўз ичига олади. Бу эса жисмоний фаоллигингизни кузатишга ёрдам беради. Стандарт тартибда ускуна қувватсиз ҳам ўртача 2-3 кун ишлай олади. Соатда тежаш тартиби ҳам бўлиб, у билан бирга ускунанинг қуввати 6 кунгача етиши мумкин. Шу билан бирга гаджетда SIM-карта ҳам мавжуд бўлиб, у соатни телефонга уламасдан туриб ҳам қўнғироқлар амалга ошириш имконини беради. Ушбу имконият аккумуляторга қўшимча оғирлик беради. Бу энг қизиқарли техник тавсифлар эди, энди дизайнга ўтамиз. Samsung ўз соатининг сўнгги авлодида дисплейни эгилувчан хусусият билан яратишга  қарор қилди, бу эса қулайликка ижобий таъсир қилди. Гаджетнинг стандарт камари ҳали ҳам резинали, шунингдек, унинг IP67стандартидаги намликдан сақланган ҳимояси ҳам мавжуд.

Тахминий нархи

Samsung Gear 2 — ўртача 1,1 млн. сўм, GearS сўнгги модели эса сизга 400 минг сўм қимматроққа айланади. Таъкидлаш жоизки, фақат Samsung соатлари бир йиллик фирма кафолатига эга.

SONY: сув остида ҳам ишончли

Рўйхатимиздаги навбатдагиси – японияликлардан «ақлли» Sony SmartWatch 3 соатидир. Техник томондан улар аввалги моделлардан деярли фарқ қилмайди. «Темирида» фарқ жуда ҳам кам: бу ерда ҳам ҳудди ўша датчиклар, инфрақизил портдан ташқари, дисплей ҳам бироз кичикроқ. Аммо дизайн ва ташқи кўринишида фарқ бироз кўпроқ. SmartWatch 3 экрани ҳам тўртбурчак, аммо эгилган эмас. Бироқ соат ҳажми билакда қулай жойлашишга имкон беради. Sony соатларининг габаритлари барча маънода Samsung моделиникидан ихчамроқ, ортиқча деталларсиз дизайни ҳам оддийроқ. Шу сабабли япон гаджети хушбичимликни хуш кўрувчилар учун айниқса қўл келади. Шунингдек қўшиб қўйиш лозимки, ушбу соатлар аввалгидагидек камерага эга бўлмаса ҳам, чанг ва намдан ҳимояланганлиги даражаси энди юқорироқ ва IP68 даражасига етиб бормоқда. Бу эса сувга чидамлиликни таъминлайди.

Тахминий нархи

Япониянинг Sony SmartWatch 3 соати Samsung Gear S гаджетининг нархи билан деярли тенг, SmartWatch 2’нинг эскироқ модели 660 минг сўмни ташкил қилади.

APPLE: ҳаммага – ўзига хос модель!

Ва ниҳоят, дунёнинг энг машҳур Apple корпорациясидан соат. Ушбу корпорация маҳсулотларини ўрганар эканмиз, гаджет “ҳаммага ҳам тўғри келмайди” деган таассурот уйғонади. Худди шу соатларнинг уч талқинини яратиш ташаббусининг ўзи нималарга арзимайди дейсиз: Apple Watch Sport – ҳамёнбоп, классик услубдаги Apple Watch – бироз қиммат ҳамда Apple Watch Edition – олтин билан қопланганлиги сабабли жуда қиммат. Девайслар талқини бир-биридан материаллари билан ажралиб турса-да, техник томондан деярли бир хил. Бу эса шубҳаларни тарқатади. Apple соатларининг тоифаларга бўлиниши ҳақида унутиб, унинг техник томонларига эътибор қаратамиз. Хўш, биз нимани кўряпмиз? Етарли даражада инновацион маҳсулот: «корпус ичидаги тизим» ишлаб чиқариш технологияси максимал даражада ихчамликка эришиш имконини беради, сенсори ҳам жуда сезгир. Жисмоний фаолликни ўлчаш датчиклари GPS-приёмнигини инобатга олмаганда Apple’нинг бошқа моделлари билан бир хил. Ихчам ҳажми сабаб Apple Watch’нинг аккумулятори жуда кучсиз: у стандарт ишлатилганда бор-йўғи бир суткага етади. Ташқи кўринишга тўхталадиган бўлсак, уни таърифлаш учун жуда кўп сўз керак: кичик тўрт бурчак экранли, резина камарли, чиройли металлик соат. Apple бекорга ушбу гаджет устида узоқ иш олиб бормади: автоном ишлаш вақтидан ташқари яққол кўринадиган камчиликлар йўқ.

Тахминий нархи

Энг арзон Sport моделининг нархи – 3,5 млн. сўмдан бошланади. Apple Watch классик талқини учун миллион сўм кўпроқ пул тўлаш керак.

Албатта, ким учундир смарт-соатлар бундай нарх тўлайдиган даражага арзимайдигандай туюлиши мумкин. Ушбу девайсларнинг асосий вазифаси бўлмиш телефондаги маълумотларни етказиб бериш уларни сотиб олиш учун муҳим кўрсаткич саналмайди. Аммо барча технотенденцияларни кузатиб, ўзини мана шундай янги гаджетлар билан сийлашни хуш кўрувчилар ҳам бор. Шу сабабдан танлаш имконияти  сизда қолади!

Смарт-соатларнинг базавий функциялари қуйидагилар:

  • Вақт ва муддатни кўрсатиш;
  • Қўнғироқни амалга ошириш;
  • СМС-хабарларни кўриш;
  • Мусиқани бошқариш;
  • Соатлардан суратга олиш имконияти ҳамда видеога олиш.

Гаджетларнинг охирги моделлари яна радиомодуляр билан жиҳозланган, бу эса қўнғироқларни телефонга уланмасдан амалга ошириш имконини беради.

Вам может понравиться

Добавить комментарий