Иммунитет кучли бўлса, касал йўламайди

Spread the love

– Фарзандимнинг иммунитети паст бўлгани туфайли тез-тез касалланади. Иммунитетни қандай кўтарса бўлади?

 – Иммун тизими бўлмаганда инсон танаси ташқи ва ички таъсирларга қарши кураша олмасди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Иммунология институти катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди, иммунолог Хайрулла ҲОТАМОВ. – Ҳар қандай касаллик иммун тизими бузилиши сабабли юзага келади. Агар у меъёрида ишласа, организм ҳар қандай касалликдан ўзини ҳимоя қила олади.

Ҳозирги кунда иммунитет пастлиги ибораси кўп ишлатилиб, у ёш танламаяпти. Аёлларнинг ҳомиладорлик даврида тез-тез шамоллаб, турли хас­таликларга чалиниши, вақтида дам олмаслик ва дармондориларга бой таомларни тановул қилмаслик оқибатида чақалоқларда ҳам иммун тизимининг бузилиши учрамоқда. Айрим оналар фарзандини 2-3 ойда сутдан айириб, турли бўтқалар беради. Бу эса чақалоқ иммунитетининг тушишига сабаб бўлади. Болага кўкрак сути орқали керакли озиқа ва дармондорилар етиб боради. Агар бўтқадан сақланиб, фақат эмизилса, бола яхши ривожланади ва касалликларга қарши мустақил кураша олади.

Пасайиш сабаблари

Тартибсиз овқатланиш, кам ҳаракатланиш, алкоголь  истеъмол қилиш, кашандалик, вақтида калория­га, дармондориларга бой овқатларни тановул қилмаслик, тўйиб ухламаслик, сурункали чарчаш ва стресслар сабабли иммун тизимининг сусайиши кузатилади.

Иммун тизими асаб ва эндокрин тизими билан бевосита боғлиқ. Қаттиқ қўрқиш, ҳаяжонланиш ва стресс оқибатида буйрак усти безидан кўп миқдорда глюкокортикостероид гормони ишлаб чиқарилади, булар эса ўз навбатида бегона, ёт йўқотувчи  ҳужайраларнинг ҳосил бўлишини камайтиради. Натижада иммун тизими сусаяди ва касалликка чалиниш эҳтимоли ошади. Доим асабийлашиб юрадиган одамларда касалликларга чалиниш тез-тез кузатилади.

Иммун тизими пасайиб кетишининг яна бир сабаби антибиотиклардан кўп миқдорда, шифокор тавсиясисиз пала-партиш фойдаланишдир. Шифокор маслаҳатисиз турли дори воситаларини қабул қилиш ҳам иммунитетнинг пасайишига олиб келади.

 Тавсия: – 100 грамм наъматак меваси 1 литр қайнаган сувда 1 кун дамлаб қўйилади. Сўнг сузиб, эрталаб ва кечқурун ярим стакандан ичилади. Бу дамлама чидамлиликни оширади. Тайёрланган дамламани 2-3 кундан ортиқ сақлаш мумкин эмас.

– Уйқуга ётишдан олдин 1 стакан илиқ сутга 10 томчи саримсоқ суви аралаштириб, ичилади.

– Ўртача катталикдаги лимоннинг уруғи олиб ташланади, пўсти билан гўштқиймалагичдан ўтказилади. Унга 50 грамм баргак ҳам қўшиб ўтказилади. Бунга яна 200 грамм сариёғ ва2 ошқошиқ асал аралаштирилади. Эрталаб ва кечқурун 1 чойқошиқдан ейилади. Бу шамоллаш мавсумида яхши профилактик тадбир ҳисобланади.

Тез-тез шамоллаяпсизми?

Лоҳаслик, эт увишиши, тез чарчаб қолиш, ҳолсизлик, уйқучанлик ёки аксинча, уйқу босиши, бош оғриши, мушак ҳамда бўғимлар зирқираши иммунитет сусайганининг илк белгиларидир. Лабга учуқ тошаверса, бепарво бўлмаслик керак. Иммунитети паст кишиларнинг териси қуриб, юзининг ранги заҳил, тирноқлари мўрт, сочлари эса нурсиз бўлиб қолади.

Гарчи иммун тизими организмни ҳимоя қилса-да, у ҳам касалликка чалиниши мумкин. Кўпинча мавсум ва об-ҳаводаги ўзгаришлар, яъни иссиқдан совуққа ўтиш, ҳароратнинг кескин ўзгаришига қарши иммун тизими тезда мослаша олмайди. Бу ҳолат куздан қишга киришда ва қишдан баҳорга чиқиш мавсумида кўп кузатилиб, юқумли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Асорати

Иммун тизими ҳамиша меъёрида ишлаши керак. Унинг пасайиб ёки ошиб кетиши ҳам салбий оқибатларга олиб келади. Меъёридан паст ёки ортиқ ишлаши тизимли қизил юғуруқ (красная волчанка), склеродермия, ревматоидли артритларни (бўғимлар яллиғланиши) ҳамда бронхиал астма, аллергик ринит каби аллергик хасталикларни келтириб чиқаради.

Олдини олиш

Иммунитетни меъёрига келтириш ёки кўтариш учун кимёвий воситаларга қараганда, кўпроқ табиий, ўсимликлардан олинган дориларга эътибор бериш муҳимдир. Иммун тизимини кўтарувчи доривор ўсимликларга женьшен, иттиканак (череда), лимон, тошчўпларни мисол келтириш мумкин. Улар асабни мустаҳкамлаш билан бирга, етишмаётган дармондорилар ва микроунсурлар миқдорини тўлдиради ва моддалар алмашинувини мўътадиллаштиради.

Соғлом турмуш тарзини яратинг

Иммун тизимини мустаҳкамлаш учун, аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш керак. Дори-дармонларга ва калорияга бой овқатларни тановул қилиш, вақтида дам олиш, эрталабки бадантарбия машқлари, контраст (гоҳ иссиқ, гоҳ совуқ) душдан фойдаланиш, спорт билан шуғулланиш фойдали.

Иммун тизимининг пасайиши кузатилса, албатта, шифокор кўригидан ўтиш зарур. Кўпроқ мева-сабзавотлар, гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, нон ва бўтқаларни тез-тез тановул қилиш керак. Тананинг касалликларга қарши курашиши учун организмда етарлича куч бўлиши зарур ва шу қарши курашувчи куч, албатта, тўғри, соғлом турмуш тарзи орқали яратилади.

 

манба:http://od-press.uz/

Вам может понравиться

Добавить комментарий