Ким қандай саломлашади?

Яқинда юртимизга ташриф буюрган бир чет эллик меҳмон билан танишиб қолдим. Хорижлик сайёҳдан диёримизга келиб, олган таассуротларини сўраганимда, одамларимизнинг танишу нотанишга бирдек қўли кўксида “Ассалому алайкум” дея чиройли табасссум билан салом беришини алоҳида эътироф этганди.

Ҳа, ўзбекона саломлашувимиз, ширин лутфимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Дарвоқе, дунёдаги турли минтақаларда, миллат ва халқларда саломлашиш қандай эканлигини билиш кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шу боис, қуйида турли халқларнинг саломлашишлари билан танишамиз:

Картинки по запросу приветствие

Хитойлар “ни хао”, турклар “ийи гунлар”, греклар “калимера” ва африка Суматра ороллари аҳолисининг “жамбо”, “салветте”, “хийве пейве” дейиладиган саломлашиш кўринишлари борки, уларнинг ҳам том маъноси бир-бировига соғлик, омонлик, куннинг яхши ўтишини тилашдир.

Салом-аликнинг дунё халқлари орасида турли ўзига хос кўриниш ва анъаналари бор. Масалан, қадимги хитойликлар бир-бирини кўрганда, икки қўлини кўкрагига босиб, сал энкайиш билан салом беришган. Бу одат бизда ҳам бор, кичик болаларимизга бобоси, момоси ёки яқин қариндошларига салом беришда, боланинг икки қўлини кўксига босишини ва энкайишини талаб қиламиз. Лапландияликлар (шимолий Европа халқлари) бурнини-бурнига текизиб, лотин америкаликлар қучоқлашиб, французлар бир-бирининг чаккаларини ўпишиб, самоаликлар (Океания ороллари халқларидан бири) ҳидлашиб саломлашишади.

Сахарада истиқомат қилувчи туагер қабиласи вакиллари юз метр масофадан туриб бир-бирига салом беришни бошлайдилар. Улар сакрайдилар, таъзим бажо келтирадилар, хуллас, ҳар хил қилиқлар қилишади. Бу тарздаги салом-алик ярим соат давом этиши мумкин.

Мабодо Тибет томонларга бориб қолсангиз, у ерда йўловчилар сизга тилларини кўрсатиб ўтсалар, сира хафа бўлманг! Тўғри, бу қилиқ бизда мазах қилишнинг ўзгинаси, аммо тибетликлар тилларини яхши ниятда чиқариб кўрсатадилар, яъни, сизга заҳмат етказиш учун қўлимда ҳеч нарсам (қуролим), тилимда ҳам ҳеч вақом (заҳарим) йўқ, маъносида…

Узоқ Шимолнинг эскимос халқлари кўришаётганда муштлари билан бир-бирларининг бошларига ё елкаларига уриб-уриб қўядилар.

Африканинг айрим қабилаларида кўришаётган одамнинг қўлтиғида қовоқ бўлиши керак. Бу ерларда қўлида қовоқ кўтариб туриб саломлашиш жуда катта ҳурмат белгиси саналади.

Зулусларда ҳайрат оҳангида “Мен сени кўряпман” деб айтиш салом ўрнини босади.

Гренландияликлар об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар бир-бирларини кўрганларида “Об-ҳаво яхши” дейишади.

Малайзияда аксарият ҳолларда “Қаёққа кетяпсан?” деб саломлашишади. Қоидага мувофиқ, алик олаётган одам бундай пайтларда “Сайрга” деб жавоб қайтариши лозим.

Кениядаги акамба қабиласида чуқур ҳурмат белгиси сифатида бир-бирларининг юзига туфлашади.

Янги Зеландиялик аборигенларнинг саломлашиш тарзи янада ажойиб. Улар аввалига қўрқинчли сўзларни айтиб қийқиришади, кейин қўллари билан ўз қоринларига муштлай бошлайдилар, оёқлари билан ер тепадилар ва ниҳоят кўзларини олайтириб, тилларини осилтирадилар.

Умуман олганда, дунё халқларига бирдек тушунарли имо-ишоралар, қўл, кўз, юз, бош, лаб ҳаракатлари бор. Бу аъзоларнинг ҳаракати билан ҳар қандай одам таржимонсиз ҳам бир-бирларини бемалол тушунаверадилар. Ҳатто, Колумбияда бунақа имо-ишораларнинг икки мингтаси тўпланиб, изоҳли луғат сифатида чоп этилган экан. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай имо-ишоралар қадим замонлардан мавжуд. Хусусан, бош бармоқни кўтариб, “Қойил! Зўр!” деган маънода ҳавода силкиш қадимги римликлардан қолган.

Бизда, одатда, хайрлашаётганда қўл силкиб қўяқоламиз. Лотин Америкасининг айрим мамлакатларида бўлса, ҳавода қўл силкиш “Марҳамат қилинг! Хуш кўрдик!” дейиладиган пайтда қўлланилади. Мабодо, Анд оролларига бориб қолсангиз, яна бир ажойиб манзарага гувоҳ бўласиз. У ерликлар сиз билан хайрлашаётганликларида кафтларини кўтариб, унга пуфлаб қўйсалар, кўнглингизга олманг! Бу ҳам ҳурмат белгиси.

Италияликларнинг хатти – ҳаракатлари ҳам улардан қолишмайди. Бу юрт одамларининг бармоғини чап қўлига текизиб қўйиши: “Эҳтиёт бўлинг!” дегани экан. Қадимги Мисрда бармоқларини жуфтлаб чаккасига текизиб қўйиш катта ҳурмат белгиси саналса, бизда фақат ҳарбийларгина бармоқ учларини чаккаларига қадаб саломлашадилар.

Шимолий африкаликлар ҳузурида бўлганингизда, улар сизга қараб, ўнг қўлини пешонасига, лаби ва кўксига текизиб қўйишса, “Мен сен ҳақинг ўйлайман, сен ҳақингда сўзлайман, сени ҳурмат қиламан” деганини тушуниб олаверинг.

Итальянлар “салют” (соғ бўлинг, кўп яшанг), руминлар “сервс” (хизматингиздамиз), монголлар “менд” (соғ бўлинг) ёки “бояр” (хушвақт бўлинг), руслар “привет” (қут, барака тилайман) сўзларини хайрлашганда ҳам айтганлар.

Дунёда қанча халқ, қанча миллат ва элат бўлса, ана шунча анъаналар, урф-одатлар, саломлашишнинг турли кўринишлари бор. Бу эса биз яшаётган заминнинг нақадар кенг, бой, сирли ва ранг-баранг эканлигидан далолатдир.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.

Вам может понравиться

Добавить комментарий