Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар

Spread the love

Дунёнинг ичига кир, сайр қил, кўр, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин!
Шайх Муҳаммад Нуруллоҳ ҳазратлари(р.а.)
Султон Маҳмуд бир куни соқчилари билан бозор оралар экан, биқинидан бир тиланчи суқилиб садақа сўрабди. Подшоҳ унга бир олтин берибди. Тиланчи пулни чўнтакка уриб дебди:
— Нима қиляпсиз Султоним, катта бир салтанатнинг эгаси ўз укасига биттагина олтин берадими?
— Қанақасига укам бўласан?
— Икковимиз ҳам Одам алайҳиссаломнинг авлоди эмасмизми? Демак, ака-укамиз!
Шунда ггодшоҳ тиланчининг қулоғига аста шивирлабди:
— Бу кашфингни бошқага айта кўрма, агар ҳамма ҳақини таниб, бир-биридан улуш талаб қилаверса, сенга ҳемири ҳам тегмайди!
* * *
Бир бадавий араб бир гуруҳ кишиларни Исломга даъват қилиб, кўп ваъз ўқиди. Аммо улар, ҳеч нарса таъсир қилмагандай серрайиб ўтиравердилар. Буни кўрган арабнинг жаҳли қўзиб деди:
— Наҳотки, бир туянинг оёқ излари ҳозир шу ердан ўтиб кетганига тезаги унинг борлигига далолат қилса-ю, шундай мукаммал, буюк бир коинот унинг яратувчиси борлигига далил бўлолмаса?!
* * *
Шоир Иззат Мулла Фотиҳ жомеъсида таровиҳ намозини ўқиётган эди. Имом жуда тез намоз ўқирди. Намознинг бошланишида таҳоратсиз келган бир киши то таҳорат олиб келгунча, имом салом бериб намозини тугатди.
— Эй воҳ, — деди, ҳалиги киши, — улгуролмадим!
Имомга қай йўл билан танбеҳ беришни билмай турган Иззат Мулла шартта жавоб берди:
— Қандай улгурасан, биродар, биз шу ерда туриб улгуролмаяпмизку!
* * *
Домлага: «Асал билан сирка қўшилмайди, улар бирга тановул қилинмайди», дедилар.
«Нега энди қўшилмас экан», деб домла ярим кило асал билан ярим кило сиркани ичиб дарсга келди. Бироз ўтгач юзининг кўкараётганини кўрган талабалар:
— Ҳа, домла, асал билан сирка бир-бирига қўшилмади-а?! — дейишганида, домла паст келмай:
— Йўқ, нега энди, — деди, — бир-бирига қўшилиб олиб, мени орадан чиқариб ташламоқчи бўлишяпти!..
* * *
Бир киши жуда қариб мункиллаб қолган муборак момонинг зиёратига борибди. Момо оёққа туришга бир икки уринибди-ю, мадори етмагач, яна тўшакка чўзилиб:
— Мени кечир, болам, — дебди, — тура олмадим, аммо кўнгил оёқда…
* * *
Бир киши Ҳасан Басрий(қ.с.) ҳазратларининг олдиларига келиб: «Фалончи сенинг ҳаққингда фалондай пистондай номаъқул гапларни гапирди», дебди.
— Қачон?
— Бугун.
— Қаерда?
— Уйида.
— Унинг уйида нима қилаётган эдинг?
— Зиёфатга борувдим.
— Зиёфатда нима единг?
Ҳалиги киши саккиз хил таомнинг номини санади. Шунда Ҳасан Басрий(қ.с.):
— Ўша одамнинг саккиз хил таоми қорнингга сиғдию бир оғиз сўзи сиғмадими? Тур, кет бу ердан! — дедилар ва ғийбатчини даргоҳларидан қувиб чиқардилар.
* * *
Шакарий Султон Боязиднинг санжоқ бекларидан бўлиб, шоирлиги билан машҳур эди.
Ривоятга кўра, бир касалликдан сўнг Шакарийнинг соқоли оппоқ оқариб кетибди. Шакарий соқолини бўяб юрадиган бўлибди. Султон Боязид сабабини сўраганида, у шундай жавоб берибди:
— Давлатли подшоҳим, қулингиз каминаи камтарин ўз ёшимни шубҳасиз билурмен.
Соқолим эса ёлғон айтадур. Ёлғончилиги учун ҳар гал юзига қора чаплаймен!
* * *
Бир суҳбатда Ориф Ниҳатга дедилар:
— Эгиладиган, букиладиган, қатланадиган, турли туман катта-ю, кичик тешикчаларга ҳам кириб кетаверадиган бир шиша кашф қилдик. Ориф Ниҳат дебди:
— Қисқаси шишани ҳам ўзимизга ўхшатдик десангиз-чи!
* * *
Мавлоно Жалолиддин Румий уйларида ейдиган ҳеч вақо қолмаганини хабар берган аёлларидан қайта-қайта сўрайверибдилар:
— Ҳеч нарса қолмадими?
— Йўқ.
— Оғизга оладиган ҳеч вақо йўқми?
— Йўқ.
— Ҳеч нарса-я?
— Ҳеч нарса…
— Ростданми?!
Ҳазрати Мавлоно шодликларидан юзлари гул-гул ёниб, қўлларини дуога очдилар:
— Аллоҳим, сенга ҳамду санолар бўлсинки, уйим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонига ўхшабди!
* * *
Бир рамазон куни бек шоир Ҳашматдан сўради:
— Ҳашмат, сенинг ҳам қарзинг борми?
— Ҳа, бор тақсир!
— Қанча, жавоб бер?
— Маҳалла баққолига минг танга, қассобга беш юз танга…
— Тўхта, тўхта!.. Мен сендан пулу мол қарзини сўраганим йўқ, рўзадан қарзинг борми деяпман?
Шоир Ҳашмат жавоб берди:
— Бегим, рўза қарзини Аллоҳ сўрамасмиди?! Сизнинг сўрайдиганингиз, ҳайтовур пул қарзидир?..
* * *
Бир киши хасталаниб оғриб қолган дўстига деди: — Кел, ўртоқ озгина Қуръон ўқиб дам солай, шояд Аллоҳ шифо берса!
— Э, қўйсанг-чи, шу гапларингни!..
— Нега энди?
— Қуръон Аллоҳнинг каломи! Бунга гап йўқ. Аммо уни ўқиб пуф деганинг билан, инсонга таъсири бўлармиди?!
Шунда дўсти хастанинг кўзига тик қараб деди:
— Ит экансан! Чўчқасан! Эшшаксан!..
Хаста жаҳлдан қизариб-бўзариб, тили тутилиб, ғўлдираб қолди.
— Ана кўрдингми! — деди дўсти. — Оддий ҳақорат сўзлари инсонга шунча таъсир кўрсатади-ю, Аллоҳнинг каломи бетаъсир қоладими?!
* * *
Ўн минг чақирим баландликда учаётган тайёра(самолёт) бирданига ишдан чиқиб, пастга шўнғий бошлади. Тайёра ичидаги бир кам уч юз йўловчи жон ҳовучлаганча, Аллоҳдан нажот сўраб, дуо қила бошладилар. Фақат бир кишигина хотиржам ўтирарди. Унинг бефарқлигига ҳайрон қолган шериги хуноби ошиб деди:
— Ҳой, инсон! Тайёра тушиб кетяпти! Ҳадемай ерга урилиб, портлаб кетади. Ҳеч бўлмаса, бир оғиз дуо ўқисанг-чи?!
— Э, портласа менга нима? — деди ҳалиги киши. — Дадамдан қолган мулкмидики!..
* * *
Бир шайх ўтирган жойидан деразага боқиб, ёнида ўтирганларга дебди:
— Сизга ёлғон айтаман… фалончи ўтиб кетяпти.
Ҳамма ўрнидан туриб, деразадан ташқарига қарабди. Шайх кулимсираб:
— Мен сизларга ёлғон айтаман десам ҳам, ўринларингиздан туриб қарадингиз. Дунё ҳам шундай ёлғончидир, кўра-била ноғорасига ўйнайверамиз!
* * *
Умрини Аллоҳни инкор қилиш билан ўтказган бир кишининг ўлими ҳайитга тўғри келди.
Одамлар:
— Қара-я, яхши одам эканки, шундай яхши кунда вафот этди, — деганларида, бир
мусулмон жеркиб берибди:
— Ҳой, нодон! Абу Жаҳл ҳам Маккада ўлмаганмиди?!
* * *
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларидан сўрабдилар:
— Аллоҳ ишқи надир? Жавоб берибдилар:
— Мен бўл-да, бил!
* * *
Рус элчиси таътилни ўтказиб келиш учун юртига боришдан олдин ҳокимнинг олдига кирибди:
— Русияга кетяпман— дебди у, — у ердан сизга нима келтирай?
— Йўқ, йўқ, — дебди ҳоким қўлларини силкиб, — бошимизга бир ғавғони бошлаб келмасанг бўлди, бошқа ҳеч нарсанг керак эмас!
* * *
Боязид Бистомий ҳазратлари жиннихона ёнидан ўтаётганларида, бир табибнинг ҳавончада дори майдалаётганини кўриб:
— Беҳад гуноҳкорман, — дебдилар, — шу касалимга қарши доринг борми?
Табиб бошини кўтариб улгурмасдан, жиннихона панжарасидан қараб турган бир хаста жавоб берибди:
— Тавбанинг томири билан истиғфорнинг япроғини аралаштир. Қалб ҳавончасида тавҳид тўқмоғи билан туйиб майдала. Инсоф элагидан ўтказ, кўз ёш билан йўғир, ишқ тандирида пишир ва бомдод билан шом орасида кўпроқ тановул қил. Кўрасан, хасталигингдан асар ҳам қолмайди!
Бистомий ҳазратларининг кўзлари жиққа ёшга тўлиб дебдилар:
— Ё, Роббим! Бу дунё хастахонасида не табибларинг бор!!!
* * *
Мулла Иззат ошхонада жуда бефаросат киши билан ўтириб қолибди. Ҳалиги киши таомга санчқини шунақаям қўполлик билан санчибдики, товоғидан бир парча эт отилиб кетиб, мулла Иззатнинг ёнига тушибди:
— Бечора таом! — дебди милла Иззат. — Шу бефаросатнинг дастидан менга эмас, Аллоҳга сиғин!..
* * *
Меҳмед Акиф қўлини ювганидан сўнг, Найзан Тавфиқ узатган сочиқнинг кирлигини кўриб бақириб юборибди:
— Йўқ, йўқ қўлимни ҳозиргина ювдим!
* * *
Чор аскарлари асирга тушган Шайх Шомилнинг устидан кулиш учун, бир неча кун на бир бурда нон ва на бир қултум сув берибдилар. Сўнг қип-қизил чиройли бир олмани олдиларига қўйибдилар. Уларнина хаёлича, оч ва ташна Шайх Шомил олмани фашиллатиб ейиши, улар эса маза қилиб кулишлари керак эди. Аммо орадан яна бир неча кун ўтибди ҳамки, Шайх Шомил олмага қўл урмай, уни томоша қилиб ўтираверибди. Бу ҳолдан ҳайратга тушган уч рус аскари
олмани емаётганининг сабабини сўрашибди.
— Менга бир пичоқ келтирсангиз, — дебди Шайх.
Келтиришибди. Шунда Шайх Шомил олмани қўлига олиб тўрт қисмга бўлибди. Уч қисмини уч аскарга бериб, энг кичик бўлагини ўзига олибди…
* * *
Хасислиги билан ном чиқарган бой ҳар гал сайислари келиб, отларга арпа бериш кераклигини айтишганида: «Ла ҳавла», «Ла ҳавла», дейверар, ҳеч арпа бергиси келмас экан.
Бир куни аравага қўшилган отлар дармонсизликдан силласи қуриб йиқилиб қолибди. Бой қаҳри келиб, сайисига ўдағайлабди:
— Отларга нима бўлди?
Сайис ҳам бўш келмапти:
— Нима бўларди, хўжайин, «ла ҳавлани» еявериб, «ва ла қуввата» бўлди!
* * *
Ботил дин ҳам мафкураларни нега чуқур ўрганиш шарт эмаслигини сўраганларида Маҳмад Салаҳ шундай жавоб берибди:
— Бир овқатнинг ачиганлигини билиш учун унинг ҳаммасини ейиш шарт эмас-ку!
* * *
— Қариб қолдингиз энди рўза тутмасангиз, тоқат келтиришингиз қийин бўлади, — деганларга Аҳнаф бин Қайс шундай жавоб бердилар:
— Аллоҳнинг буйруқларига тоқат қилмоқ, азобига тоқат қилмоқдан осонроқ кечади.
* * *
Султон Алпарслон йигирма етти минг кишилик аскари билан Византия тупроқларида олға борар экан, разведкага юборган зобитларидан бири кўзлари ола-кула бўлиб келиб қолди.
— Султоним, — деди у ҳансираб. — Уч юз минг кишилик душман аскари бизга яқинлашиб келмоқда.
Султон Алпарслон ҳеч димоғини бузмай жавоб берди:
— Биз эса уларга яқинлашиб бормоқдамиз.
* * *
Жуда кўп тамаки чекадиган бир меҳмон, кетар экан, у ёқ-бу ёққа қарайверибди:
— Ҳеч нарсам қолиб кетмадимикан?
— Қолди, — дебди мезбон.
— Нима?
— Тутунингиз.
* * *
Тарих соҳасида жаҳон миқёсида тенги кам олимлардан бўлган Маҳмуд Камолдан сўрадилар:
— Сиздаги билимнинг ўндан бирига ҳам эга бўлмаганлар сиздан бир неча баробар кўпроқ танилдилар. Бунинг сабаби нимада экан?
— Мен билмоқ учун ўргандим, улар билинмоқ учун!
* * *
Бир христиан попи ўлкамизга келиб, ёшгина боладан черковнинг йўлини сўрабди.
Бола попни черковга кузатиб қўйибди. Миннатдор поп дебди:
— Баракалла, ўғлим! Эртага ҳам шу ерга келсанг, сенга жаннатнинг йўлини кўрсатаман.
Бола жавоб берибди:
— Черковнинг йўлини билмаган, жаннатнинг йўлини қаердан билардингиз?!
* * *
Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан:
— Ё, Расулуллоҳ, шайтон кимларга васваса солади, — деб сўраганларида, ул муборак зот:
— Ичи бўш уйга ўғри тушмайди, — деб жавоб берган эканлар.
* * *
Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд(қ.с.)дан муридлари бир каромат кўрсатишни сўрашди.
Ҳазрат ўринларидан турдилар-да, енгил-енгил беш-олти қадам юриб, яна жойларига чўкдилар.
Муридлар ҳайрон бўлиб қарашди. Ҳазрати Нақшбанд(қ.с.) дедилар:
— Икки елкамда тоғдай-тоғдай гуноҳларни кўтариб, қушдай енгил юришимнинг ўзи каромат эмасми?!
* * *
Дўстим билан, бугун кўчада кўз зиносидан сақланиш нақадар қийин эканлигидан нолидик.
Шунда у бир ривоятни айтиб берди:
Ҳазрати Усмон(Р-А.) ҳузурларига бораётган ҳазрати Анас бин Молик(Р.А.)нинг кўзлари йўлда гўзал бир аёлга тушди. Чиройига мафтун бўлиб, икки-уч бор қайрилиб қарадилар-да, ҳазрати Усмон(Р.А.)нинг уйларига кирдилар.
Ҳазрати Усмон(Р.А.) ҳазрати Анас(Р.А.)нинг кўзларига қараб:
— Кўзларингда зино изларини кўряпман, Аллоҳдан уялмадингми, номард! — дедилар. Ҳазрати Анас(Р.А.) ҳайратланиб:
— Ё Усмон, қаердан билдинг? Ё пайғамбарлик ҳамон давом этяптими? — деганларида, ҳазрат Усмон(Р.А.) жавоб бердилар:
— Йўқ, пайғамбарлик Расулуллоҳнинг вафотлари билан кесилди. Фаросатим билан билдим.
* * *
Поездга кеч қолган Нажиб Фозил кўнгли чўкиб вокзалдан қайтаётган экан. Бир таниши
кўриб қолиб, ҳол сўрабди:
— Ҳа, устоз, нима бўлди? Поезддан кеч қолдингизми?
Мағлубиятни тан олмайдиган Нажиб Фозил жаҳл билан деди:
— Бу қанақа гап! Қувиб юбордим поездни, даф бўлиб кетди!
* * *
Туркияда Риза деган бир касаба бор. Бир рамазон куни ризаликлар муаззини намозга чақириладиган азонни шом кирмасдан ўн дақиқа олдинроқ ўқиди. Бундан хабар топган муфтийлик, радио орқали, ризаликларнинг ўша кунги рўзалари бузилгани, рамазондан кейин қазо қилишлари лозимлигини айтди. Эртаси куни муфтийликка бир киши сим қоқиб сўрадш
— Тақсир, мен асли ризаликман. Аммо бир неча йилдан буён Олмонияда яшайман. Мен ҳам рўзани қазо қилиб тутайми?
* * *
Бир киши машҳур турк шоири Маҳмад Акиф Эрсойни мазах қилмоқчи бўлибди:
— Афандим, сиз мол дўхтирлигини битирган эдингиз-а?!
— Ҳа, бир еринг оғрияптими?!
* * *
Нуроталик Анвар акамиз Рамазон ойида қишлоқларида кечган бир воқеани айтиб бердилар:
Бир қўшнилари иккинчисини йўлда ушлаб дебди:
— Уч кундан бери уйингга бир коса, бир косадан нишолда юбораман. Фақат косани бўш қайтарасан, номард, ана энди сенга тош юбораман, ейсан!
— Майли, майли ака, шу тошнинг устига озгина нишолда қўйиб юборсангиз бўлди.
* * *
Модомики коинот эгасиз, ўз-ўзидан пайдо бўлиб, тартибсиз(стихияли) ривожланаётган экан, бунча олим иимани ўрганмоқчи бўлиб юрибди?!
* * *
Бир киши ёзган рўмонини баҳолаш учун Найзан Тавфиққа ўқитиб, фикрини сўради.
Рўмонни ўқиб чиққач, Найзан деди:
— Бўлмайди.
Ҳалиги киши тутақиб кетди:
— Ўзингиз ҳеч рўмон ёзганингиз йўқ-ку!
Найзан Тавфиқ жавоб берди:
— Рост, мен тухумнинг тўқини палағдасидан ажрата оламан. Аммо ҳеч тухум туққаним йўқ-ку…
* * *
Сўрабдилар:
— Отанг Ҳазрат Талҳа(р.а.) жуда жўмард одам эди. Имрон, сен нега бунча хасислик қиласан?
Имрон жавоб берибдилар:
— Мен Аллоҳ йўлида ҳовучимни ёпмайман, аммо ботил ишларда очмайман ҳам!
* * *
Бир олим ғийбатчига дебди:
— Айтайлик, сен ёмонлаётган одамнинг обрўси камайди, аммо бу тўкилган обрў сеникига келиб қўшилмайди-ку!
* * *
Буюкларимиздан сўрадилар:
— «Аллоҳ мен билан», дейиш тўғрими? Аллоҳ ҳеч қули билан бирга бўлиши мумкинми?
Жавоб бердилар:
— Қул ўз қуллигини билса… мумкин.
* * *
Меъмор Синон машҳур Салимия минораларини қураркан, бир тўда болалар чуғурлашиб, ниманидир кўрсатаётганларини кўриб қолибди. Уларга яқинлашиб: «Нима гап» деб сўрабди.
— Амаки, — дейишибди улар, — шу минорангиз бироз қийшайибди.
— Ҳа, ундай бўлса, ҳозир минорани арқон билан торттириб тўғрилаймиз. Сизлар, қараб туринглар, — деб арқон келтиришни буюрибди.
Меъмор Синон, то болалар тўғри бўлди дейишмагунча, минорани бир арқон билан торттираверибди. Болалар, тўғри бўлди, дейишгач тўхтатибди. Шу орада бир киши келиб:
— Уста, бу арқон шундай катта минорага ҳеч бир таъсир қилмаслигини яхши биласиз. Нега энди болаларнинг гапига кириб бундай қилдингиз, — деганида, меъмор жавоб берибди:
— Шундай қилмасам, бу чурвақалар шаҳар бўйлаб минора қийшиқ, деган гап тарқатишади. Миноранинг эгри эмаслигига ҳеч кимни ишонтиролмаймиз. Энди эса, минора эгри эди, арқон билан торттириб тўғрилатдик, деган гап тарқатишади. Бу гапга эса ақли бор одам ишонмайди!
* * *
Қози, одамларга қарзини тўламай юрган бир кишини чой ичши баҳонасида уйига чақиртириб, эшик олдига боғлаб кирган отини соттирибди. Бадалини қарз соҳибларига бериб,  ҳалиги кишига дебди:
— Пиёда юрмоқ, бўйинда қарз билан от мингандан шарафлироқдир!
* * *
Бир моддиюнчи(материалист) сўрабди:
— Аллоҳга нима учун ишонасан? Мусулмон жавоб берибди:
— Бор бўлгани учун!
* * *
Минбарга чиқиб олиб, ҳеч тушмаётган бир шоирга залдагилар ҳар томондан гап отдилар:
— Қисқароқ қил!.. Қисқароқ!..
Шоир, бағоят босиқ бир оҳангда жавоб берди:
— Мендан кейинги киши қисқароқ қилади!
* * *
Имом Хатиб мактабида ўқиб юрган кезларимиз эди. Ўтилган дарсларни такрорлаш учун мактаб томонидан икки ойлик лагерларга чиқиларди. Бир гал қирдаги лагерга чиқдик. Биз сув ичадиган қудуқдан пишлоқчилар ҳам истифода қилишар эди. Бир кун сув жуда камайиб кетди.
Мудиримиз болаларни тўплаб:
— «Йа Ғиясал Мутағисин», деб тасбеҳ ўгиринглар, Аллоҳ бизга сув берсин, — деди-да, ўзи бир тарафга кетди. Авжимиз келиб, бараварига баланд-баланд ўқий бошладик. Бир пайт, қаердандир ҳаллослаб мудиримиз етиб келди:
— Ўчиринглар овозларингни! — деб бақирарди у. — Ўчиринглар лаънатилар, қолган сувни ҳам йўқотасанлар! Буларга«Йа» денглар десам, «Ла» деб ҳайқиради-я!
* * *
Яна бир гал мудиримиз:
— Ҳамма алоҳида-алоҳида дарс қилсин! Иккитангни бир ерда кўрмайин, нақ калтак ейсанлар! — деб буюриб кетди.
Бироз дарс қилдик. Кейин ҳаммамиз бир дарахтнинг соясига ўтириб олиб ашула айта бошладик. «Силкитсанг-чи, силкитсанг-чи рўмолчангни!», деб айтиладиган ашулани роса берилиб куйлаётганимизда, яқингинамиздан мудирнинг овози эшитилиб қолди: — Ҳа, мана боряпман, силкиб-силкиб таёқчамни!
* * *
Кураш мусобақаси пайтида бир полвон иккинчисини такка босибди. Шунда тагда
қолганнинг тарафдорлари унга«оёғини ўра, ол, оёғини ол, оёғини ол!» деб бақира
бошлабдилар.
Шунда тагда қолган полвон зўрға бошини чиқариб тарафдорларига бақирибди:
— Э, қўлимдан келса эди, жонини олардим, кучим етмаса нима қилай!
* * *
— Катта одам бўлиб кетибсан, дўстим. Буюк бир давлатнинг вазири бўлиш!..
— Э-э, катталигим қурсин, биродар! Ўзимиз қураётган шу давлатни тил учида истаганча бошқараман-у, Аллоҳнинг кичкина бир пашшасигаям кучим етмайди. Кечаси билан сўриб чиқади, занғарлар!
* * *
Истамбуллик олим Яҳё Камолдан сўрабдилар:
— Сизга Анқаранинг қаери кўпроқ ёқади?
— Истамбулга қайтадиган тарафи.
* * *
Бир қабила оқсоқоллари Ҳазрати Умар(р.а.)нинг олдиларига келиб:
— Қуръондаги фалон сура фалон оят фалон ҳарф устидаги нуқтани ўша ҳарфнинг остига қўйсангиз. (Масалан, «нун» «бе» бўлса) биз бутун қабиламиз билан Ислом динига кирамиз, — деб шарт қўиишибди.
Ҳазрати Умар(р.а.) шундай жавоб берибдилар:
— Ўша нуқтага ўта мустаҳкам бир илгак илдириб, илгакнинг бошқа учига бутун коинотни осиб тортсангиз ҳам, нуқтани пастга тушира олмайсиз!..
* * *
Очкўз бир вазир подшога хушомад қилибди:
— Шоҳим, ақл солиғи олишни ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Дунёда кимса йўқки, тентакман, деб даъво қилса! Ҳамма бир-биридан ошириб солиқ тўлашга тушади! Шоҳ ёзилиб кулибди:
— Дарвоқе, оқилона тадбир. «Топағон»лигинг эвазига сени ақл солиғидан озод қиламан!
* * *
Бир олимдан сўрабдилар:
— Укангни кўпроқ яхши кўрасанми дўстингними?
— Укамни, — деб жавоб берибди у. — агар дўст бўлса!..
* * *
Бир фақир, қирқ ямоқ тўни билан подшоҳ ҳузурига кирибди. Унинг бу иши подшоҳга ёқмаганини кўриб вазир дўқ урибди:
— Шоҳ ҳузурига яғири чиққан кийимда кириш айб эканлигини билмайсанми?!
— Подшоҳ ҳузурига йиртиқ кийимда кириш айб амас. Билъакс, бу даргоҳдан шундай чиқиш айбдир,— дебди фақир.
* * *
Калтак еган болага тасалли берибдилар:
— Хафа бўлма болакай, таёқ жаннатдан чиққан, яхши нарса!
— Ҳечамда, — дебди бола йиғидан тўхтамай, — яхши бўлса жаннатдан чиқмасди.
* * *
Абдулҳақ Шиносий ўлгудай озода, ўта олифта бир адабиётчи эканлар.
У киши бир коса сув келтиришни сўрабдилар. Олдиларида ўтирган Сулаймон Назиф хизматчига дебди:
— Ҳой ука, шу акахонингизга аталган сувни аввал яхшилаб ювиб келтиринг!..
* * *
Бемор:
— Дўхтир, бу ароқ ички аъзоларимни куйдириб ташламадимикан-а?
Дўхтир:
— Ички аъзоларингизни куйдирганини билмайман, аммо жаҳаннамда бироз ёндириши мумкин.
* * *
Яҳё Камол бағоят семизлигидан чарчаб, бир дўкон соясида ўтириб дам оларкан, ичкаридан хизматчи чиқиб сўрабди:
— Буюринг тақсир, нима оласиз?
Яҳё Камол табассум билан жавоб берибди:
— Ўғлим… Рухсат берсангиз, бироз нафас оламан!
* * *
Кунлардан бир кун Баҳлул Даҳа ҳазратлари, Хорун ар-Рашид тахтини бўш кўриб, шартта ўтириб олибдилар. Соқчилар ул зотни тахтдан тушириб, роса калтаклашибди. Бундан бехабар халифа Хорун ар-Рашид, йиғлаб ўтирган ҳазратга раҳми келиб, сабабини сураганида:
— Тахтдаги бир дақиқалик салтанатим учун шунча калтак едим, — деб жавоб берибди ҳазрат. — Унда йиллаб ўтирган сизнинг азиз бошингизга қандай балолар келишини ўйлаб йиғлаяпман!..
* * *
Саҳобалардан бири, Ҳазрати Абу Бакр(р.а.)дан сўрабди:
— Гуноҳга ботиб кетдим, бир дуо қилинг!
Ул зоти муборак:
— Ё Раббим! Бир гуноҳкор иккинчисидан дуо сўраяпти. Иккисини ҳам афу эт! — деб дуо қилибдилар.
* * *
Бир золим шоҳдан сўрадилар:
— Шунча одамни нега қатл эттиргансиз?
— Аниғини билмайман-у, лекин улардан бир беадаби бу жазога шунақаям лойиқ эдики…
* * *
Йўловчи ҳайдовчидан намозини ўқиб олиши учун автобусни тўхтатиб туришини сўрабди:
— Қазо қилиб ўқийсан! — дебди ҳайдовчи.
— Мен қазосини ўқимай, сен рулдаёқ қазо қилиб қолсанг нима бўлади?! — дебди йўловчи.
* * *
Маҳмат Кирқинчи Хўжадан:
— Ҳазрати Одам нега жаннатдан ерга туширилди? — деб сўраганларида, у киши шундай жавоб берибдилар:
— Ёмон бўлибдими?! Икки киши келдилар. Иншооллоҳ, миллиардларча инсон билан қайтадилар. Жаннатда қолганларида, ҳамон икковлон юраверган бўлишарди.
— Аммо дўзахга тушадиганларнинг сони ҳам!..
— Шайтонга алданиб, имтиҳондан йиқилганларни миқдорини билмоқ муҳим эмас. Битта товуққа йигирма бешта тухум бостирсанг, ўн саккизтаси лук чиққанда ҳам, еттита товуққа эга бўлмайсанми?!
* * *
Бир шамсия таъмирчиси ёзган шеърларини Шекспирга ўқитибди. Шекспир шеърларни катта бардош билан ўқиб чиққанидан сўнг, шамсиячи шоирга дебди:
— Дўстим, сиз шамсия қилинг, кўп шамсия қилинг, фақат шамсия қилинг…
* * *
Бир бой давлатмандлигидан керилиб, шайхга дебди:
— Сизга қанча пулу олтин керак бўлса, мана мендан сўранг!
— Йўқ, — дебди шайх. — Мен қулимнинг қулидан нарса сўрамайман!
— Ие, қанақасига сизга қул бўлай? — дарқаҳр бўлибди бой. Шайх жавоб берибди:
— Нафс менинг қулим, сен эса нафснинг қулисан!..
* * *
Қирқинчи Хўжадан сўрадилар:
— Каъбани илк кўрган кишининг дуоси мутлақо қабул бўлар экан. Биз кўришимиз билан нима деб дуо қилайлик?
— «Ё Роббим, бу ерда нимаики дуо қилсам ҳаммасини қабул қил» деб…
* * *
Бир киши Муҳаммад бин Восийнинг оёғига чиққан ярани кўриб:
— Сенга раҳмим келяпти, — деганида, у:
— Мен эса худди шу яранинг кўзимдан чиқмаганига шукр қиляпман, — дебди.
* * *
Мерганлиги билан танилган овчининг қаршисига туриб олган барваста бир киши:
— Эй йигит, зўр бўлсанг, қўлимдан туту ерга ур! — деганида овчи:
— Дўстим, — деб жавоб берибди. — Мен мерганман, тутганимни эмас, отганимни ерга
ураман.
* * *
Бир кўзи кўр киши ботқоқлик бир ерни сотиб олиб сувини қочирибди. Яхши ишлов
берибди. Ер экишга тайёр, унумли ҳолга келибди: Қилган ишидан ягона кўзи қувониб, ўзига шундай дебди:
— Эй ер, ана энди асл соҳибингни топдинг!
Ногаҳон, ер тилга кирибди:
— Устимдан сен билан бирга тўқсон тўққизта бир кўзли«соҳиб» одам ўтди. Энди менга эгалик қилиб ўтган икки кўзлиларнинг ҳисобини ўйлаб кўр?!
* * *
Буюкларимиздан бирига савол берибдилар:
— Тақсир сиёсатнинг қаерида турайлик? Жавоб берибди:
— Хўжа Насриддиндан«Жанозанинг қаерида турайлик», деб сўрашганида: «Қаерида турсанг туравер, фақат ичида бўлма» деган экан.
* * *
Суқротнинг ўлимга ҳукм этилганини эшитган хотини:
— Сени ноҳақ ўлдиришяпти, — деб йиғлай бошлабди.
— Ўчир, — дебди Суқрот. — Ҳали мени ҳақ бўла туриб ўлдиришларини истабмидинг?!
* * *
Чўлда бир дарвешга дуч келдим: — «Бошимга соя қил, бошқа садақанг керак эмас», — дерди у.
* * *
— Кўп гапирадиган, гапни чўзадиганлар билан қандай муомала килиш керак? — деб сўрадилар Фаробийдан.
— Кўп гапирганни кам тинглаш керак! — деди у.
* * *
Тиббиёт имтиҳонида талабани саволга тутавериб қийнаган ўқитувчи охири:
— Бир хастани терлатмоқ учун нима қиласан? – деб сўраганида, талаба жавоб қилибди:
— Олиб келиб, сизга имтиҳон топширтираман!
* * *
Дунё неъматларига аҳамият бермайдиган, ўзини жуда камтар тутадиган буюк Ислом олимларидан бири, фақат бир киши ўтиши мумкин бўлган тор йўлакда, ўзига бино қўйган шаҳарнинг катта бойларидан бири билан тўқнаш келибди. Қорни кажавадай келадиган бой:
— Мен бир девонага йўл бериб четга чиқмайман! — деб пишқирибди. Ҳалиги олим киши йўл берар экан, ғоят сокин оҳангда дебди.
— Мен эса йўл бераман!
* * *
— Хўжам, инсон маймундан пайдо бўлган дейишади, шу ростми?
— Унда, олма помидордан пайдо бўлган экан-да?
* * *
Ўқитувчи:
— Инсон одамсимон маймундан пайдо бўлган.
Ўқувчи ўқитувчига ишорат қилиб паст овозда:
— Баъзилари одамсимон эшакдан.
* * *
Яҳудийлардан, бири, имтиҳон қилиб кўриш учун Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг ёнларига келди ва қўлидаги таомни кўрсатиб:
— Эй Ислом Пайғамбари бу менинг ризқиммидир? — деб сўради.
Яҳудий«ҳа» жавобини олиши билан қўлидаги емакни отмоқчи, рад жавобини олса, шу заҳоти оғзига солмоқчи эди. Буни билиб турган Сарвари Олам ҳеч тараддудланмасдан жавоб бердилар:
— Есанг, ризқингдир!
* * *
Бемор:
— Э-э, дунёни роҳатини кўрдик-да дўхтир, ҳалигинггаям бордик, ҳар туридан чекдик, ҳар туридан ичдик.
Дўхтир беморнинг анализлари натижаларига тикилар экан:
— Вой бўй, нимага ўзингизни бунча уринтирдингиз?
Бемор:
— Ёшликда, энди дўхтир, ёшлик. Ёшлик яхши нарса, қаригандан кейин чатоғимиз чиқади-ю…
Дўхтир беморнинг гапини бўлиб:
— Унда«хушхабар»ни эшитинг. Сиз қаримайсиз!..
* * *
— Эҳ ёшлик, ёшлик! Сувдай ўтиб кетди-я!
— Қарилик ҳам!
* * *
Кўк гулдираса, ўғрига инсоф битади!
* * *
Хастани АЛЛОҲ даволайди, ҳақини табиб олади.
* * *
Иссиқ барчага бир хил. Совуқ ҳар кимнинг кийимига кўра.
* * *
Бу дунё кемасига минган инсон охиратга томон кетмоқда. «Мен охиратга бормайман»,
демоқ нақадар аҳмоқликдир. Кема-ку, охиратга кетмоқда, қудрати етадигани бўлса, марҳамат, тушиб қолсин!
* * *
Одамлар тандир кабобу жигар кабоб есин, биз балиқ ейлик? Бу қандай кўргулик, пешонам
қурсин!
* * *
Дунёда ҳеч қандай далил қолмаган тақдирда ҳам, бир микробнинг ҳаёти АЛЛОҲни англаш
ва англатишим учун етарлидир!
ПАСТЕРНАК
* * *
Дунё ясанган, безанган чиройли бир келинчак кабидир! У барчага кулиб боқади, аммо ҳеч кимга тегмайди.
Дунёнинг бу кайфиятини англаган буюк зотларимиз унга қиё ҳам боқмай ўтиб кетаверибдилар.
* * *
Олмос каби бўлки, ёнсанг, на ерда кулинг, на кўкда тутунинг қолмасин!
* * *
Биз йўлда учрашдик. Азон эшитилди,
— Юр, жомеъга— дедим. — Бугун жумъа!
— Масжидга бормаслигимни биласан-ку, — деди.
— Биламан-у, аммо қачонгача бормайсан?!
— Нима десам экан, руҳим тўғри келмайди. Ҳали тайёр эмасман. Қолаверса, шимимнинг тиззалари титилиб, дазмоли бузилишидан ҳам қўрқаман… арзимайди.
Кулгим қистади.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Ҳазил-пазили йўқ. Оқ кийимни яхши кўришимни, доғ туширмаслигимни биласан-ку!
Ҳақиқатан ҳам, шундай эди. У кўпинча оқ кийим киярди. Кийимлари доим дазмолланган, тоза, озода эди…
Орадан икки ой ўтиб, бехос, унинг жомеъ масжидида эканлигини эшитиб қолдим. Югурдим.
Жомеъдаги намоз сафларининг энг олдида эди.
Секин-аста олдига яқинлашиб паст овозда:
— Қани, оғайни, сенга нима бўлди? Масжидга бормайман демаганмидинг? — деб сўрадим.
Ундан садо чиқмади. Чунки бошдан оёқ оппоқ кафанга ўранганча тобутда ётар, унинг учун жаноза намози ўқишларини кутар эди.
* * *
Салжуқ султонларидан бири, мавлоно Жалолиддин Румийни зиёрат қилиб, гап асносида салтанатлари орасидаги фарқни сўрабди.
— Сенинг салтанатинг, то кўзинг очиқ турган муддатгача давом этади. Меники эса кўзим юмилганидан кейин бошланади, — дебди мавлоно.
* * *
Луқмони Ҳакимдан:
— Хастага нима едирайлик? — деб сўрабдилар.
— Аччиқ сўздан бошқа, нима едирсангиз едираверинг— дебди Ҳаким.
* * *
Бир француз ёзувчиси Меҳмед Акифдан:
— Аёлларингизни уйдан чиқармас эмишсизлар шу ростми? — деб сўраганида, Акиф:
— Авваллари шунақа эди. Аммо кейинчалик чиқардик. Чиқаришга чиқардиг-у, энди ҳеч қайтариб уйга кирита олмаяпмиз, — деб жавоб берган экан.
* * *
Олоуддин Башардан:
— Шайтон нега майхонага кетаётганларни васвасага солмайди? — деб сўраганларида.
— Васваса солса адашиб масжидга кириб кетиши мумкин-да! — деган экан.
* * *
Икром билан Акбар дунёнинг энг буюк Ислом олийгоҳи Мисрдаги Азҳар дорилфунунига қатор фанлардан кириш имтиҳонлари топширишибди.
Икром имтиҳон натижаларини кутишга вақти йўқ эканлигини билдириб, Акбарга дебди:
— Акбар, мен уйга қайтаман. Имтиҳон натижаларини телефонда айтиб қўя қоларсан.
Фақат, ҳозир бўл. Мен уйда бўлмасам-у, дадам жавоб берсалар, олган бўш баҳоларимни айта кўрма!
— Ие! Бўшларини айтмасам, имтиҳон натижаларини қандай биласан?
— Бу жуда осон. Агар битта фандан бўш бўлса: «Икромга Ҳасандан салом», иккита бўш бўлса: «Ҳасан ва Ҳусандан салом», мабодо учта бўш бўлса: «Ҳасан, Ҳусан ва Алидан салом», деб қўясан, тамом вассалом. Ҳаммаси бўш бўлмас-э, ўлдими!
Икром уйга кетибди.
Имтиҳон натижалари маълум бўлгач, Акбар дўстига сим қоқибди. Телефон дастагини Икромнинг отаси кўтарган экан, Акбар шартга кўра:
— Дўстим Икромга айтиб қўйинг, унга бутун уммати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан салом! — дебди.
* * *
Бир мулла, қандай воқеа юз бермасин: «Тақдир экан», деб қўяркан. Унинг икки дона қўйи бор экан.
Қишлоқ подачилари бир куни: «Қани, нима деркин?», деб шу икки қуйни сурувдан ажратиб яшириб қўйибдилар-да, муллага:
— Қўйларингни бўри еб кетди! — дебдилар.
— Тақдир экан, — дебди мулла елка қисиб. Эртасига қишлоқдагилар қўйларини далага ҳайдашибди. Кучли жала қуйиб, фавқулодда қирнинг ён-бағридан тошиб келган сел, дарада тўпланиб кетаётган сурувни жарликка суриб кетибди. Жонларини зўрға сақлаб қолган ҳазилкашлар, фалокатни кеча қилган чатоқ ишларидан кўриб, бошларига яна бирон бало
келмасдан, мулланинг уйига йўл олишибди:
— Кароматингга тан бердик! Бизни кечир! Қўйларинг тирик, қирдаги қўтанга яшириб қўйганмиз. Аммо қишлоқда сеникидан бошқа биронта ҳам тирик қўй қолмади!
Мулла елка қисибди: — Тақдир экан…
* * *
Имом-хатибда ўқиб юрган пайтларимиз эди. Домламиз билан Ислом оламининг бошига келган фалокат— кўчаларни тўлдириб ташлаган беҳаё, беадаб манзаралар, суратлар хусусида сўзлашиб кетаётган эдик. Шаҳарнинг энг тиқилинч майдонига етганимизда орқадан биров қаршидан келаётган кишига бақирди:
— Ҳа, нима бўлди?
— Э, сўрама, фалокат! Фалокат!..
Нима экан, деб атрофдагилар бир дам аланглаб қолдилар.
— Қандай фалокат?
— Қандай бўлар эди? Учу— нолга қолдик!..
Бу жавобдан енгил нафас олган домламиз, бирор бир беллашувда ютқазиб қўйганлари англашилган бу йигитларнинг маънавий ҳолига ачинди:
— Аллоҳ! Аллоҳ! Одамларнинг фалокат ҳақидаги тушунчасига қаранг!..
* * *
Даврада таркидунёчилик, охир-оқибатда одамни наҳсга бостирувчи нафсни тийиш ҳақида баҳс кетаётган эди, Бир киши шундай ривоят бошлади:
«Бир сержант йўлда дарвешни учратиб қолибди, қараса ҳоли паришон… Ачиниб сўрабди:
— Сен кимсан?
— Ҳеч ким…
— Шунақасиям бўладими?
— Бўлади. Ўзинг кимсан?
— Сержант.
— Кейин ким бўласан?
— Лейтенант.
— Кейин-чи?
— Майор.
— Ундин кейин-чи?
— Полковник.
— Яна?
— Генерал.
— Хўп, ундан кейин?
— Маршал!
— Маршал ҳам бўлдинг дейлик, ундан кейин ким бўласан?
Сержант, ундан кейин келадиган ўлимни ўйлабди.
— Ҳеч ким.
— Қара-я, — дебди дарвеш, — менинг рутбам ҳозирданоқ сеникидан баланд зкан!..»
* * *
Ҳазрати Шиблий хасталаниб қолдилар. Халифа ул зотни даволашга мажусий бир табибни юбордилар, Табиб ҳазрати Шиблийдан сўради:
— Кўнглингиз нимани истаяпти?
— Сенинг мусулмон бўлишингни!
— Мусулмон бўлсам, шифо топиб тўшакдан турасизми?
— Албатта!..
Табиб исломни қабул қилди. Ҳазрзт Шиблий ҳам сиҳат топиб, ўринларидан турдилар. Буни эшитган халифа дедилар:
— Мен беморга табиб юбордим десам, беморни табибга юборган эканман!
* * *
— Э, қўй шу гапларингни, кайфни бузма! Ўзинг ҳам намозни жуда эрта бошладинг-да!
Яшаш яхши нарса! Олтмишларга кирсак худо хоҳласа, биз ҳам бошлаймиз ибодатни. Қани
кўтар! — И-и-и, мен ололмайман! Гуноҳ-а!..
— Эй, олтмишларга кирсак, бу гуноҳларни тозалаб ювиб ташлаймиз дедим-ку, ол!
— Кечирасан-у, олтмишгача яшайман деб, Худо билан шартнома тузиб қўйганим йўқ-да!..
* * *
Автобусда узоқ йўлга кетаётган эдик. Ёнимдаги нотаниш шеригим билан анча суҳбатлашдик. Вақт ўтди, манзилга яқин қолди. «Ҳаммамиз тушиб-тушиб кетамиз. Шу шеригимни ҳаётда яна бир марта кўраманми йўқми? Бир кун қиёматда: — «Сен фалон соат мен билан суҳбат қилдинг-у, ўзинг ҳақ йўлда бўла туриб мени бир оғиз даъват қилмабсан», — деб
ёқамдан олмасин, деган хаёлга бордим. Шу ўй билан шеригимга савол ташладим:
— Бу, автобусни энг яхши биладиган киши ким экан-а?
— Шофер бўлса керак-да.
— Э, йўғ-е, — деди олдимизда ўтирган киши. — Бунақа автобусларнинг битта устаси бўлади, у ёқ-бу ёғи бузилса, ўшанга олиб боришади. Билса, ўша билади-да.
Баҳсга яна бир киши қўшилди.
— Буни ишлаб чиқарган заводнинг ишчилари билади!
— Ҳаммадан кўп инженери билади!
Ҳар ким ўзича фикр билдира бошлади. Шунда мен овозимни баланд кўтариб дедим:
— Айтингларчи, шу автобусни ўйлаб чиқарган конструктордан ҳам яхшироқ биладиган киши бўлиши мумкинми?!
Ҳамма гапимга қўшилди. Тинчландик. Мен ҳам нафас ростлаб, асл мақсадга ўтдим:
— Хўш, инсонни-чи? Инсонни ким яхши билади?
— Туққан онаси-да.
— Дадасидай биладигани йўқ. Нақд пуштикамаридан бўлган!
Баҳс қизиди.
— Энг яқин дўсти билади!
— Э, сени хотинингдан яхшироқ биладиган киши йўқ!
— Бор! Дўхтирлар!
— Ҳа, айниқса, психолог бўлса!..
Ўрнимдан туриб кетдим:
— Ҳой, биродарлар, бизни яратган АЛЛОҲдан ҳам яхшироқ биладиган зот борми дунёда?!
Ҳикматли латифалар ва нишонга урилган сўзлар
www.ziyouz.com кутубхонаси 19
— Ҳа-а, буниси хаёлда йўқ-да!
— Тўғри айтдинг!
— Аммо йигит калланг бигиз экан, тошга қаратсанг тешаман дейди-я!
Кулишдик.
Бу гаплардан руҳланиб яна хитоб қилдим: — Модомики, бизни энг яхши биладиган АЛЛОҲ экан унинг китобини ўқишимиз ва айтганларига амал қилиб яшашимиз керак эмасми? Ёки бизни энг яхши биладиганнинг кўрсатган йўлидан ҳам тўғрироқ йўл кўрсатувчи бўлиши мумкинми.
Бу гапим ўтирганларга маъқул келди. Аммо ҳеч кимдан садо чиқмади. Ҳамма ўйловга тушган эди!..
* * *
Африка бўйларида саёҳат қилиб юрган кемадан бир жиноятчи ушланди. Жиноятлари шу қадар оғир эдики, ҳакамлар уни шу заҳоти сувга чўктириб ўлдиришга буюрдилар. Жиноятчи эпчиллик билан сув остида қўл оёғини арқондан бўшатиб соҳилга чиқди. Дунёдан бехабар бир занжи қабиласи яшайдиган манзил экан! Улар уммондан чиқиб кёлган оқ танли жиноятчини тангриларининг юборган ризқи деб ўйлаб, пишириб едилар. Ҳақ рост. Тақдирида ўтда куйиб ўлиш ёзилган экан, киши сувда чўкиб ўлмайди.
* * *
Шогирд:
— Устоз, қурбақа сувда кўп сузаверганидан оёқларида сузгичлар пайдо бўлган, деган назарияга қандай қарайсиз?
Устоз:
— Ўша назарияга кўра, бургут тошбақанинг устини чўқийвериб тошга айлантириб юборган бўлса керак.
* * *
Энг катта юлдуз туркумлари каби, кичикдан кичик зарралар ҳам бир қонунга асосан ҳаракат қилади. Бу АЛЛОҲнинг ягона эканлигига далолат эмасми?!
* * *
Давра катта эди. Суҳбат қизигандан қизиди. Кимдир:
— Ҳозир Азроил алайҳиссалом келса-ю: «Уч кундан кейин жонингни оламан, тадоригингни кўравер», деса, нима қилардинглар? — деб ўртага савол ташлади.
— Барча гуноҳларим учун тавба тазарру қилардим.
— Кеча-кундуз намоз ўқирдим.
— Ота-онамнинг розиликларини олардим.
— Барча қарзларимни тўлаб чиқардим.
— Молимнинг катта бир қисмини бева-бечораларга бўлиб берардим.
Ҳалиги кшии яна гап ташлади.
— Нимага шу ишларни қилмаяпмиз? Ё ичимизда биров, яна уч кунгача тирик қоламан, деб
қатъий ишонч билан айта оладими?
Дарҳақиқат, уч кун у ёқда турсин, яна ўн дақиқа яшашимизга ҳам кафолат йўқ эди!..
* * *
Ҳозир ўқи, қабрда ўқиёлмайсан.
Зубайр КУНДУЗАЛП
* * *
Йўл удирки, ҳаққа бора.
Юнус ЭМРО
* * *
Қизғанчиқлик ожизликнинг исёнидир.
Ҳазрати АЛИ(р.а.)
* * *
Бир мажлисда Комедиан Аддиа Жортардан:
— Касал одам нима қилиши керак? — деб сўрашганида, у:
— Мутлақо дўхтирга боринг. Чунки дўхтир ҳам тирикчилик қилиши керак. Буюрган дориларини олинг, чунки дорихоначи ҳам тирикчилик қилиши керак. Аммо зинҳор дорини ича кўрманг, чунки сиз ҳам ҳали тирикчилик қилишингиз керак! — деб жавоб берибди.
Мажлисда иштирок этаётган гўрков шарт ўрнидан туриб, ҳайқирибди:
— Жортарга қулоқ солманг, дорини ичинг, чунки биз ҳам тирикчилик қилишимиз керак.
* * *
Султон кўпчилик Усмонли подшоҳлари каби сафар ҳозирликларини кўраркан юрадиган томонини сир тутармиш. Бир куни яна сафар тадоригини кўрар экан, вазири қай томонга юриш қилинажагини айтишни қаттиқ сўрай бошлабди.
— Сен сир тутишни биласанми? — сўрабди Султон. Вазирнинг кўзларида умид учқунлари чақнабди.
— Албатта султоним, албатта биламанда. Султон шу ондаёқ жавоб берибди:
— Мен ҳам…
* * *
Йўлда ўзларига тўқнаш келаётган молни кўриб, Имом Аъзам йўл берибдилар. Сабабини сўраганларга эса шундай жавоб қилибдилар:
— Молнинг шохлари бўлса, менинг ақлим бор!
* * *
Шаҳарнинг энг бой кишиси«кимки фақирлигидан шикоятчи бўлса, фалон майдонга келсин» деб эълон қилди.
— Майдон одам билан тўлиб тошиб кетди.
Барча бойнинг назридан умидвор эди. Бой киши иккинчи марта эълон тарқатди.
— Бир фақир фақирлиги учун гуноҳлари кечирилиб, жаннатга кириб қоладиган бўлса-ю,
ўша пайт жаннатни менга бағишлашга рози бўлса, бугундан бошлаб барча бойлигим ўшаники.
Шартимга рози бўлган келсин, мол-давлатимни қабул қилиб олсин.
Бироз вақтдан кейин майдонда ҳеч ким қолмади.
Бойнинг молу давлатидан фақирларники кўпроқ бўлиб чиқди.
* * *
Муаллим савол қилди:
— Болалар, агар Аллоҳ ҳаммамизнинг жаннатга киришимизни истаса, нега бу дунёга юборди?
Бир ўқувчи ўрнидан туриб жавоб берди:
— Муаллим сиз ҳам ҳаммамизнинг аъло баҳолар билан синфдан синфга кўчишимизни истайсиз, аммо нега имтиҳон қиласиз. Барчамизга бирдай беш баҳо қўйиб чиқмайсиз?!
* * *
Қатл олдидан маҳкумга. «Охирги истагингни айт?», дедилар.
— Тажриба орттирдим, — деди у, — бу менга яхши дарс бўлди.
* * *
Ўқитувчи келтирган қанд-қурсини яшириб дарсга кирди-да, ўқувчиларга қараб:
— Аллоҳ бор дейдиганлар, қани, ҳозирнинг ўзида бергин деб ундан бирон нима, масалан,  қанд сўрашсин-чи, Аллоҳлари уларга берармикин. Аммо мендан сўрасангиз шу заҳоти беришим мумкин, — дебди. Ўқитувчининг ҳийласини билиб қолган бир ўқувчи дебди:
— Муаллим, қанд менга аллергия беради, яхшиси сиздан битта олма сўрай қолай…
* * *
Хафақонлик дардига йўлиққан фалсафа муаллими дарс бошлади:
— Инсон коинот ҳокими. Бутун борлиқ…
Бир шаддод ўқувчи шартта гапни бўлди:
— Ўз қон босимига ҳоким бўлолмаган инсон, қандай қилиб коинотга ҳоким бўлсин?!
* * *
Ваҳби Қорақош хўжадан бир йигит сўради:
— Хўжам, кундуз кунлари ишлайман, ишим кўп, намоз ўқишга вақтим етмайди. Ҳамма намозларимни қазо қилиб, кечқурун ўқийверсам бўлармикин?
Хўжа жавоб берди:
— Айтайлик, аскар бўлсангу қўмондонинг бир кунда беш марта ҳузурига чорласа, сен кун бўйи бормай, кечқурун бориб унга беш марта салом берсанг бўлармикин?!
* * *
Шеър ёзишга қизиқадиган бир аёл Маҳмад Чинорлидан сўради:
— Маҳмадбек аёллар яхшироқ шеър ёзишадими, эркакларми?
— Эркаклар.
— Ие, қанқасига? Аёл киши шунчалик нозиктаъб, мулойим, гўзал яратилган бўлса-ю, яхши шеърни қўполдан-қўпол эркаклар ёзса?
— Хоним, гап бунда илҳом масаласидадир. Биз эркаклар ўша нозиктаъб, гўзал аёллардан илҳомланиб шеър ёзамиз. Аёллар эса биздай қўпол яралмишлардан нима илҳом ҳам олар эдилар?!
* * *
Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!
Жалолиддин РУМИЙ
* * *
Абу Дардо(р.а.)га аёли фақирликларидан шикоят килди, Жавоб бердилар:
— Сабр қил. Олдинда шундай бир чўққи борки, унга фақат юки енгилларгина чиқа оладилар.
* * *
Иброҳим бин Адҳамга бой бир коса олтин келтирди.
— Буни биздан қабул қилсангиз.
— Мен фақирдан мол олмайман.
— Мен фақир эмишманми?!
Иброҳим бин Адҳам сўрадилар:
— Ҳозирги давлатингдан ўн баравар кўпроқ давлатга эга бўлгинг келадими?
— Албатта! — деди бой кўзлари чақнаб.
— Бу ҳолинг фақирлик бўлмай нима?! Бераётган нарсангга мендан кўра, ўзинг
муҳтожроқсан!..
* * *
— Аллоҳ бор бўлса, мўъжиза кўрсатсин! — деган кишига бир шайх:
— Дунёда мўъжиза бўлмаган нарсани сен кўрсат! — деб жавоб берибди.
* * *
Инглиз элчиси турк ўйларининг ташқи деворларида«Ё Ҳофиз» (Муҳофаза қилгувчи Роббимиз) деган лавҳаларни кўриб бир туркдан сўрабди:
— Шу лавҳаларнинг маъноси нима?
Ҳалиги турк, ўйлаб қараса, Ислом динини билмайдиган бир кишига бу сўзларнинг маъносини билдириш учун жуда узоқ гапириш керак. Шунинг учун қисқа қилиб, инглизлар тушунадиган тушунча билан дебди:
— Бу кўрганларингиз Ислом суғурта ширкатининг лавҳаларидир.
* * *
Боязид Бистомий ҳазратларидан:
— Сиз сув устида юрар эмишсиз. Қандай қиласиз? — деб сўрадилар.
— Бир қуруқ ёғоч ҳам сувда юзади. Биз ёғочча бўлмадикми?!
* * *
Абдулазиз Баккина ҳазратлари бир кун муридларига дедилар:
— Бу дунёда ижарачи каби яшанг. Уй соҳиби каби яшасангиз, кетишингиз қийинлашади!
* * *
Мусиқа муаллими болага танбеҳ берди:
— Мен сенинг ёшингда мусиқани сув қилиб ичган эдим!
Бола жавобда деди:
— Демак, муаллимингиз меникидан тузукроқ эканда?!
* * *
Ҳазрати Али(к.в.) иштирок этган бир мажлисда сир сақламоқ хусусида гап кетди.
— Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай? — деб сўрадилар ул зотдан. Ҳазрати Али(к.в.) жавоб бердилар:
— Ҳар қандай сир, сақлаганимиз муддатича бизнинг асиримиздир. Ошкор қилган дақиқамиздан эътиборан, биз унга тобедирмиз.
* * *
Маккада баъзи кишилар ёлғончи пайғамбар Мусайламатул Каззобнинг ёнига бориб:
— Ҳазрати Муҳаммад(с.а.в.) қайси дарахтка ёнларига чақирсалар у дарахт томир-помири билан олдиларига келарди ва У зотнинг пайғамбарликларига шаҳодат берар эди. Сен ҳам пайғамбарман деяпсан. Қани, бирор дарахтни чақиргин-чи, келармикин? — дедилар.
Мусайламатул Каззоб танг аҳволда қолди ва истар-истимас бир дарахтга қараб:
— Эй дарахт, ёнимга кел— деб чақира бошлади.
Табиийки, дарахтдан бир ҳаракат кутилмади. Мусайлама сир бой бермай давом этди:
— Нима ҳам қилардик, пайғамбарларда кибр-ғурур бўлмайди, у келмаса, мен бораман.
* * *
Бир мажлисда«Хотин кимдир?» деган баҳс юритилар экан Ҳамид:
— Хотин— бу ари демакдир, — деди. Бир киши унинг фикрига эътироз билдирганида Ҳамид айтмоқчи бўлган гапини кенгроқ қилиб тушунтирди:
— «Хотин— ари» деганимнинг маъноси шуки, ари хам игнасини санчиб жонни оғритади, ҳам патак-патак бол беради.
* * *
Султон Абдулазиз Париждалигида НаполеонIII Фуат Пошога султон ҳақида баъзи латифаларни айтар, унинг устидан кулар ва тез-тез танбеҳ бериб:
— Эҳтиёт бўл, яна султон ҳазратларига айта кўрма! — дерди. Бир мартасида Фуат Пошо чидай олмай жавоб берди: — Қўрқманг жаноб, султонга айтганларингизни етказмайман. Ахир унинг сиз ҳақингиздаги латифаларини айтаётганим йўқ-ку!
* * *
Шаҳобиддин Сулаймон бир кун Аҳмад Ҳошимга:
— Уч кундан бери зеҳнимда муҳим бир фикр айланади, — дебди. Аҳмад Ҳошим унинг мушоҳада хусусидаги ноқислигига ишора қилиб дебди:
— Жуда гуноҳга қолибсан-ку? Қўйвор, кетсин! Бечора уч кундан бери зеҳнингда бир ўзи зерикиб ўлгандир?!
* * *
Сўзни жуда олифталик билан қўллайдиган бир профессордан сўрадилар:
— Қайси ҳайвонни кўпроқ хуш кўрасиз?
— Айтолмайман, одобсизлик бўлади.
* * *
Ҳазрат Шабий фикрини чалғитмоқ бўлиб сўрадилар:
— Шайтон хотинининг исми нимадир?
— Никоҳида гувоҳликка ўтмаганман!
* * *
Маҳмад Акифнинг онаси қазо қилганида, кўп вақтлардан буён кўришмаган дўстлари, таъзия изҳор этиб мактуб ёзишди. Шоир жавобан шундай хат ёзди:
«Ёҳу! Сизлардан садо чиқиши учун, бизнинг уйимизда жаноза қўпиши керакмиди?!»
* * *
Насриддин Хўжадан сўрадилар:
— Хўжам! Шу, дунё неча чақирим келаркин?
Шу асно ёнларидан тобут кўтариб ўтдилар. Насриддин Хўжа тобут томонга ишорат қилди:
— Ана ундан сўранглар, ўлчаш ишини битириб қайтяпти!..
* * *
Кутилмаганда келиб қолган қўшниларни меҳмонхонага таклиф қилган уй бекаси кўрпача келтиргани ён хонага чиқибди.
— Вой-бўй, — дебди қўшни аёллардан бири, — уйнинг бесаранжомлигини!
— Умрим бино бўлиб, бунақа фалокат аёлни кўрмаганман! — дебди иккинчиси.
— Вой, нимасини айтасиз, — дебди учинчиси ярим овозда, — қачон келсам, уйи шунақа исқирт!
Уй бекаси кирибди.
— Кечирасиз, қўшнижонлар, — дебди у, — жуда хижолатда қолдим. Ҳозиргина уйни таъмирлаб бўлган усталарни жўнатиб, энди у ёқ-бу ёқни йиғиштиришга киришаётган эдик.
— Вой, ҳечқиси йўқ, қўяверинг, — дейишибди қўшнилар.
Шу пайт остонада бир бола кўринибди:
— Ойижон, — дебди у уй бекасига. — Боя иш устидаги хиргойингизни сизга билдирмай ёзиб оламан деб, магнитофонни ёқиб қўювдим. Шуни айлантириб қўшниларимизга эшиттиринг, бир маза қилишсин. Буни эшитган қўшнилар қизариб-бўзариб, ўз сўзлари ҳам ёзилиб қолганини билиб, тазарру қилиб, узр сўрай бошлашибди.
— Бу ердан-ку, қутулдик, — дебди аёллардан бири кўчага чиқишган, — елкаларимиздаги фаришталар барча ишларимизни ёзиб бораётибди. Тонгла маҳшар— ҳисоб-китоб куни нима қиламиз?!
* * *
Бир қўрқоқ урушда ҳамиша пана-пастқамларда яшириниб жон сақлашни ўйларкан. Бир куни у ҳаммани ҳайратга солиб, қилич яланғочлаганча, биринчи бўлиб жангга отилибди.
Олдинги сафда ботирларча жанг қилибди. Охири, ботир деб донг чиқарибди.
Сабабини сўрабдилар. У шундай дебди:
— Авжи жанг вақти бир ҳандақда жон ҳовучлаб ётган эдим. Бир камон ўқи бошимдан ошиб ўтиб тупроққа санчилди. Бир пайт қарасам, ерга қадалган ўқ қимирлагандай бўляпти.
Қизиқсиниб бориб қарадим. Ўқ инига кириб олган илонга суқилибди! Ўз-ўзимга дедимки, ҳар қанча яширинсанг ҳам, ажал келса, барибир топиб олар экан! Шу-шу қўрқувни ташладим.
* * *
Бир кун олдин дўстим билан метрода кўришишга келишиб хайрлашгандик. Ўша соатда етиб келдим, бир соат кутдим, йўқ, икки соат кутдим, йўқ, уч соат кутдим… асабларим чидамади уйига қараб йўл олдим. «Доим шунақа қилади» деб ўйладим ичимда, уни ҳурмат қилганим сайин ўзидан кетяпти, унинг вақти вақт-у бизники пўчоқ экан-да. Бундай олганда бир пуллик одаму яна қадрини оширганига ўлайми. Э, юзига роса сўкаман ҳозир, нима бўлса бўлсин. Битта ўртоқ кам…» Жаҳл билан эшикни очдим. Биринчи кўзим тушган одам маҳалланинг мурдашўйи эди. Ювиб бўлишибди. Дўстгинамнинг жанозасини ўқиб уйга қайтдим.
* * *
Бола, чўнтак харажатлари учун дадасидан олган пулларини вақтидан аввал еб қўйди. Яқинда таътил бошланади. Маза қилмайди. Йўлини топиш керак. Қўлига тушган журналда, ҳар бир хизмат учун ҳақ тўланиши лозимлигини ўқиб, кўзлари чарақлаб кетди. Бу мантиққа кўра, оиласи учун қилган ишларининг ҳар бирига ҳақ олиши керак! Дўкондан нон келтиришни беш сўмга, аҳлат тўкишни ўн сўмга, онаси билан бозорга бориб келишини йигирма сўмга баҳоласа, қимматга тушмайдигандек эди.
Худди шундай қилди. Бир вараққа ой давомида бажарган ишларини ёзиб нарх қўйди.
Умумий сумма2500 сўмни ташкил этди. Хатни секингина онасининг ёнига солиб қўйди. Бойиш йўлини топганидан боши осмонда!
Эрталаб дарс столи устидан2500 сўм пул ва бир энлик хатча топди:
«Сени ўлим билан олишиб дунёга келтирганим, йиллар бўйи устингни тоза тутганим, минг бир азоб билан ўстираётганимнинг ҳақи— фақат севгинг ва ёноғингдан олганим биргина ўпичдир! Ишлаб топган пулингни ўйнаб-кулиб ишлат, болажоним!..»
* * *
5 октябр. Бугун бор бўла бошладим. Буни ҳали ота-онам билмайдилар. Бир олма уруғидан ҳам кичикроқман. Аммо нима бўлганда ҳам, мен борман.
19 октябр. Бироз ўсган бўлсам ҳам, бирон ҳаракат қиладиган аҳволда эмасман. Онам ўз қони билан мени боқмоқда. Қалбининг шундоққина тагига жойлашиб олганман. Қизиғи шундаки, борлигимдан онам ҳали ҳам бехабар!
23 октябр. Оғзим шакллана бошлади. Ўзингиз ўйланг, бир йилдан сўнг маза қилиб кула оладиган бўламан! Тилга кираман. Энг аввал«Нана» сўзидан бошлайман. Энди ким мени йўқ дея оларди?! Ноннинг ушоғи ҳам нон-да, тўғрими? Сизга бир сирни очай, мен қиз боламан.
Гулларни яхши кўрадиган бўламан!..
27 октябр. Бугун қалбим ура бошлади. Бундан кейин ҳаётимнинг охиригача дукиллаб туради. Уни завқу шавққа тўлдираман ҳали. Мана эшитинг: Дук, дук, дук!

2 ноябр. Ҳар соатда зиғирдай ўсаман. Қўлларим, оёқларим бичимга келди. Аммо бу қўл-оёқчаларим билан ҳали бери онамга қараб югура олмайман, дадажонимнинг бўйнидан
қучолмайман!..
12 ноябр. Бармоқ чиқара бошладим. Вой-бўй, мунча кичик бўлмаса! Ҳали улар билан соч тарайман, гуллар тераман!..
20 ноябр. Бугун онам дўхтирга борди. Бор эканлигимни билди. Роса севинган бўлсангиз керак-а, онажон?! Яқинда қўлларингизга оласиз мени, эркалатасиз!
25 ноябр. Ота-онам қиз эканлигимни ҳалиям билишмайди. Балки ўғил ёки эгизак
кутишаётгандир. Уларга«сюрприз» бўламан. Қани энди, онажонимдай қора соч, чарос кўзли
бўлсам!
13 декабр. Энди атрофга бемалол қараяпман. Фақат қоп-қоронғи жойдаман… Барибир бахтиёрман! Оз қолди кўзларим дунё юзини кўришига.
24 декабр. Онажонимнинг қалб уришини эшитяпман. Менинг қалбимни ҳам ҳис қиляпсизми, онажон? Жуда соғлом қизча бўламан. Тезроқ дунёга келмоқни, бағрингизда маза қилиб ухламоқни истайман. Сиз ҳам менинг тезроқ туғилишимни истаяпсизми, онажон? Юзчаларимдан чўлпиллатиб ўпасизми? Мени яхши кўрасизми?..
28 декабр. Онажоним дўхтирга келдилар… Вой, нималар деяпсиз, онажон, ризқни Аллоҳ беради-ку! Бу ёғидан хавотирланманг!
29 декабр. Эҳ, онажоним! Нега туғилишимни истамаяпсиз! Нега жажжи қўлчаларим билан юзларингизни силашимни, сизга эркаланишимни хоҳламаяпсиз? Афсус… Оҳ, баданим оғрияпти! Қаттиқ оғрияпти! Мени қутқаринг, онажон!.. Она… жон..
* * *
Шайх Умар Фаррух ҳазратларининг зиёратларига келган киши ёнларидан туриб кетгиси келмайди. Чунки у кишининг нурли чеҳралари, роҳатбахш суҳбатлари инсонга жаннат боғчасида ўтиргандай кайфият бағишлайди. Аммо қайтиш ҳам керак. Истар истамас, баъзилари кўзига ёш олиб қайтадиган муридларини юпатиш учун шайх:
— Бу дунё дорул фироқ азизим— дейдилар, — бу дунё дорул фироқ.
* * *
Намоз пайти: «Келиб бизга қўшилгин», деганларида: «Аллоҳга эҳтиёжим йўқ!», деган
йигитчани сўроққа тутдилар:
— Ошу нонга эҳтиёжинг борми?
— Бор.
— Сувга-чи?
— Албатта.
— Ҳавога-чи?
— Бўлмасам-чи!
— Еру қуёшга-чи?
— Шубҳасиз!
— Бас, — дедилар, — буларнинг бари Аллоҳники!
Йигитча шартта ўрнидан туриб кета бошлади.
— Ҳой, қаёққа?
— Таҳорат оламан!..
Мард удирки, енгилганда тан олсин. Инондим дегани ҳамон намозга турсин!
* * *
Бир солиҳ йигит Хизр алайҳиссаломни кўргиси келаверадиган бўлиб қолди. Нияти унинг дуосини олиш эди. Бир шайхнинг олдига бориб, «Хизр алайҳиссалом билан учраштир» деб кўп ялиниб ёлворганидан сўнг шайх:
— Менга яқинроқ ўтирда кўзингни юм, — деб буюрди. Бир дақиқадан сўнг«оч» деб амр қилди. Йигит ўзини Каъбатуллоҳнинг рўпарасида кўрди. Ҳайратланди, юраклари ҳаприқиб кетди.
— Шу ерда ўтир— деб яна буюрди шайх— бомдод намозини ўқиганингдан сўнг ўнг томонингда оқ кийимда Хизр алайҳиссаломни кўрасан унга маҳкам ёпиш.
Йигит бомдод намозини ўқиганидан сўнг шошиб ўнг томонига қаради. Оппоқ кийимлик хушсурат бир киши ўтирарди.
Шайхнинг«ёпиш» деган сўзини моддий ёпишиш деб ўйлаган йигит у кишининг қўлини маҳкам ушлаб олди:
— Сиз Хизрмисиз? — деди у.
— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин, мени қўйиб юбор.
— Йўқ аввал айтинг, сиз Хизрмисиз?
— Аллоҳ оқибатингни хайрли қилсин қўйиб юбор!
Йигит ушлаб олган кишисининг Хизр алайҳиссалом эканлигини аниқ билиб, кейин ундан дуо истамоқчи эди.
— Айтинг, — дерди у. — Айтинг, Хизрмисиз, ростини айтинг?!
Шунда Хизр алайҳиссалом дедилар:
— Эй йигит! Кеча сени каромат билан бу ерга келтириб қўйган киши бугун имонсиз ҳолда дунёдан кўз юмди. Мен сени оқибатинг хайрли бўлсин деб дуо қиляпман, бундан ортиқ сенга нима керак?!
Ҳа, бир умр имон билан ибодат билан ўтяпман деб ғурурланиб юрган инсон охирги дақиқаларда адашиши, шубҳаланиб қолиши, натижада тили калимага бормай қолиши ҳам мумкин. Аллоҳ бундан ўзи асрасин.
Аллоҳ барчамизнинг оқибатимизни хайрли қилсин. Омин!

манбаа: www.ziyouz.com кутубхонаси

Вам может понравиться

Добавить комментарий