Мураббийлар кимлар?

Spread the love

Мураббийлар кимлар? Булар оталар, оналардир. Булар ака-опа, амаки-тоға, аммахолалардир. Ўқитувчилар, тарбиячилардир. Булар ҳунар ўргатаётган устозлар, қўшни болага насиҳат қилаётган ҳамсоя, ибратли ертагу ўгитлар хазинаси бўлган буви-бувалар ва келин тарбиялаётган қайноналардир. Камчилигингни биргалашиб ўнглаётган дўстинг ҳам мураббий! Гарчи гаплашиб кўрмаган бўлсанг-да, сен кийинишини, муомаласини, юриш-туришини ҳавас қилаётганинг – кўз танишинг ҳам мураббийдир.

Агар зийрак бўлсанг, асфалтни ёриб чиқаётган майса, интизом билан бир чизиққа тизилиб учаётган лайлаклар ҳам сабоқ бераётганини кўрасан. Йўлакда сенга назокат билан йўл бериб, кайфиятингни кўтарган йўловчию малолини солмай, бешарпа яшаб келаётган тамизли қўшнинггача баҳоси йўқ мураббийдир!

Бу дунё тўла мураббий ва дунёда ҳамма мавжудлик мураббийга муҳтождир! Атрофга холис устозлик, мураббийлик қилиш — бу ибодат, мураббийлардан иштиёқ билан илм, ҳунар  ва тажриба ўрганиш эса яна ибодатдир.

МУРАББИЙ БЎЛИШНИНГ ШАРТЛАРИ

Дейлик, сиз мураббийликни ҳеч орзулаган емассиз. Аммо шуни унутмайликки, ўртада юрганки одам, жамоа билан яшаётганки одам диққат марказидадир. Унинг ҳар бир гапи, ҳамма иши кузатилади. Демак, у мураббийлик мақомидадир. Инсоннинг бир камчилиги бор, ўгиту насиҳатларни хушига ёқсагина қулоғига олади, асосан еса кўрганларига тақлид қилади, ергашади. Шу нуқтаи назардан айтганда, бугунги ўзимизни тутишимиз, кийинишимиз ва тутумларимиздан ёшлар қандай андоза оляптилар? Биз, катталар, миллатимиз, зотимизнинг ранги, тусида турибмизми? Она тилимизда ўзимиз яйраб, бировларнинг ҳам юрагини ёзадиган қилиб гаплаша оляпмизми?

Инсонлар эргашадиган фазлу камолингиз бўлса, кони савоб ичрасиз. Агар атрофга қусурингиз ўша, қанча одамсизни такрорлаётган бўлса, ўшаларнинг жами гуноҳига тенг шериксиз! Дейлик, сиз устозликни орзу қилгансиз ва шу йўлдасиз. Аммо жилд-жилд китоб ўқиб, йиққан илмини ваъзга айлантириб, кўргазмали қуроллар тўплаб, турфа услублар қўллаб, ўқитяпман,

уқдиряпман дейиш ҳали мураббийлик эмас. Сиз инсонларнинг ҳеч йўқ бир шохини кўкартириш, қулфи дилини очиш, дунёсини кенгайтириш, кечаги ҳолатидан бугунини юксакроқ қилиш учун бу ишга қўл урдингиз. Аммо олдин билинг: умрингизни сарфлаб олиб бораётган ҳаракатларингиз рўпарангиздаги тингловчигаюқяптими, йўқми?

Бори гап шунда!

Мураббийликни хоҳлаган, шу касбга ўқиганки одам мураббий бўлиб қолмайди. Устозликнинг ўзига хос парҳезлари, босиб ўтилмайдиган чегара чизиқлари бордир!

Биринчидан, дилингизда устоз-тарбиячиликнинг ёзилгану ёзилмаган қонун-қоидаларига бўйсунаман деган ҚАСАМИНГИЗ бўлсин!

Иккинчидан, НИЯТИНГИЗ СОФ бўлсин! Мен одамларни фақат яхшиликка ўргатаман денг, орқамда ўз қўлим билан яратилган файзли боғлар қолади деб тиланг! Токи шогирдларингиз сизнинг шарофатингиз билан фақат савобга дахлдор бўлсинлар.

Учинчидан, ҳақиқий мураббий бўламан десангиз, бировга бир нарса ўргатишни астойдил хоҳланг ва сиздан илм олувчига муҳаббат қўйинг! Ҳар бир ишингизга бемор боласига парвона бўлаётган онадай берилиб, фидойилик билан тутунинг. Бунинг отини ИХЛОС дейдилар!

Шу иштиёқ сизда қанча кучли бўлса, Тангри сизга шунча кўп уқув беради, еп беради, мушкулларингизни Ўзи осонлаштиради.

Мураббийликда таътилга чиқиш,соғлиги, кайфиятига қараб фаолиятни тўхтатиш деган гап йўқ. Йўлда ҳам, чўлда ҳам, ҳамма фасл, ҳамма манзилда, қўйингчи, умрингизнинг охирги нуқтасигача сиз иш устидасиз. Бу дегани, сизнинг борлигингиз, ҳар бир сўз, ҳар ишорангиз одамлар учун нур, мадад ва халоскордир.

манбаа: www.ziyouz.com кутубхонаси /Tursunoy Sodiqova/

Вам может понравиться

Добавить комментарий