Энг узун дарё

Spread the love

Кўпинча, Нил дарёси Виктория кўлидан бошланади, деб ҳисобланилади. Бу — нотўғри фикр. Аниқроғи, Нил дарёси Виктория кўлидан оқиб ўтади. Нил дарёси Виктория кўлига қуйиладиган Кагера дарёсидан бошланиб, ўртаер денгизига қуйилади.Нил дарёсининг узунлиги 6671 километр. У Ер ша-ридаги энг узун дарёдир. Нил дарёсининг бошланиш жойида қайиққа ўтирган киши ҳар куни 100 километр йўл босиб ўтса, дарёнинг делтасига — Қоҳирага икки ойдан кейингина етиб келади.

Нил дарёси сувидан, асосан, Мисрнинг шимолида яшовчи кишиларгина баҳраманд бўладилар. Эрамиздан олдинги V асрда яшаган юнон олими Герадот: «Миср Нилнинг совғасидир»,— деган. Дарвоқе, қадимги маданият марказларидан бири — Миср Нил дарёси туфайлигина вужудга келган.

Ҳар йили кузда, яъни октабр — ноябр ойларида Нил дарёси 40 кун тошади. Тошқин пайтида қишлоқларни сув босмаслиги учун улар нисбатан баландроқ жойларга қурилган. Тошқин вақтида қишлоқлардаги аҳоли бир-бирлари билан қайиқлар ёрдамида алоқа боғлайди. Шунга қарамай Нил дарёсининг тошишидан аҳоли фақат хурсанд бўлади, чунки сув қанча кўп тошса, экин ҳосили шунча мўл бўлади. Сув қайтгандан кейин ерларда унумли лойқа қатлами қолади, деҳқон (фаллах)лар экин экишга киришадилар. Баҳорда ҳосил йиғиштириб олингандан кейин ерлар ёз бўйи яна қақраб ётаверади.

Виктория колидан оқиб чиқувчи дарё Виктория-Нил дарёси дейилиб, Киога кўлига қуйилади. Киога кўлидан оқиб ўтгач, 40—50 метрча баландликдан тушиб Мёрчисон шаршарасини вужудга келтиради, кейин Алберт кўлига қуйилади.

Шаршара суви пастга тушаётганда чангдек майда зарраларга бўлиниб кетади. Бу сув зарралари қуёш нурида ранг-баранг товланиб, чиройли камалак ҳосил қилади.

Алберт кўлидан Алберт-Нил дарёси оқиб чиқади. Бу дарё тоғлар орасидан ўтиб остона ва даралар ҳосил қилганлиги учун Баҳрил Жабал , яъни «Тоғ дарёси» деб юритилади Баҳрил Жабал дарёсига ўнг томондан Ҳабашистон тоғидан Собат дарёси келиб қўшилгандан кейим дарё Оқ Нил – Баҳрил Абёд номи билан аталади. Баҳрил Абёд соҳилларида кийиклар, туяқушлар, филлар, бегемот, ҳатто шер ҳам учрайди. Ёввойи ҳайвонлар баъзан қишлоқ, ҳатто шаҳар аҳолисини ҳам безовта қилиб туради.

Оқ Нилнинг Тана кўлидан оқиб чиққан Кўк Нил (Баҳрил Азрок) билан қўшилишидан ҳақиқий Нил дарёси ҳосил бўлади.

Хартум шахридан Асвонгача Нил дарёси ҳосил бўлади. Хартум шахридан Асвонгача Нил дарёси 6 та остона ҳосил қилиб оқади.

Одатдаги дарёларнинг суви қуйиладиган жойигача кўпайиб бораверади. Чунки Хартум шаҳридан кейин дарёга бирон бир ирмоқ қўшилмайди; бунинг устига дарё сувикучли буғланиб ерга шимилиб камайиб боради.

Нил дарёси Ўртаер денгизига қуйилиш жойида катта делта ҳосил қилади. Делта 24 минг квадрат километр майдонни эгаллаган. Мисрнинг экин экиладиган майдонининг 3/5 қисми ана шу делтада жойлашган. Делтада кўллар ҳам бор. Уларни ўртаер денгизидан тор, энсиз қуруқлик — кокиллар ажратиб туради.

Нилнинг делтаси кузда биздан учиб кетган қушларнинг қишки манзилгоҳи ҳисобланади. Узоқ шимолдан келган қушлар бутун қиш бўйи ва эрта баҳорда бу ерни «обод» қиладилар. Бу вақтда ўртаер денгизи соҳили яқинидаги саёз кўллар, айниқса, гавжум бўлади. Европадан учиб келган сон-саноқсиз ўрдаклар кўкариб кетган сувларда ғужғон ўйнайдилар, ёввойи ғозлар овози узоқ-узоқларгача таралади, осмонда денгиз қалдирғочлари, оққушлар галаси, бургут ва қирғийлар парвоз қилишади; бургут ва қирғийлар ўзларига ўлжа қидириб кўп ҳам овора бўлмайдилар, чунки уларнинг ўлжаси учишни хай-олига ҳам келтирмайдиган қушлар оламида хоҳлаганча топилади.

Айрим жойларда оппоқ соқақушлар, қизғиш-пушт ранг фламинго, ола-була чибислар галасидан сув юзи ҳам, ботқоқлик ҳам кўринмайди. Оққушламинг катта гураҳлари сув чеккаларида худди улкан нилуфар гулига ўхшаб ётади. Дарахтлар, буталар, ўтлар орасида ҳам турли қушларни учратиш мумкин. Тўрғайлар ва бошқа ранг-баранг қушлар хониши ҳар томондан эшитилади.

Иккинчи Нил «туғилиши» мумкинми? Бу саволга «ҳа» деб жавоб бериш мумкин. Нил дарёси бепоён Саҳройи Кабирнинг кичик бир қисмини сув билан таъминлайди, холос. Саҳронинг катта қисми ҳозирда ҳам сувсиз қақраб ётибди; лекин фан ва техника жадал ривожланаётган асримизда Саҳройи Кабирга сув чиқариш масаласини ҳал этиш мумкин.

Саҳройи Кабирни сув билан таъминлаш ва суғориш масаласига доир бир неча лойиҳа тузилган. Шундай лойиҳалардан бири — Конго дарёси ёрдамида «иккинчи Нил» барпо этиш лойиҳасидир. 1935-йилда немис муҳандиси Г. Зергел Африкадаги энг катта ва серсув Конго дарёсининг йўналишини ўзгартириш лойиҳасини тузди. Бу лойиҳага мувофиқ Саҳройи Кабирни, шунингдек, бутун Африка табиатини ўзгартириш мумкин.

Конго (Заир) дарёси серсувлиги жиҳатидан дунёда Амазонка дарёсидан кейин иккинчи ўринда туради. Бу дарёнинг суви Волга дарёси сувидан 5 баравар кўп. Конго ҳавзасининг ўрта қисми сойлик, теварак-атрофи эса тоғлар билан ўралган. Конго дарёси океанга яқин жойда анча торайиб, эни икки километрга етар-етмас Стенли шаршарасини вужудга келтиради. Дарада эса 26 километр масофада 96 метр баландликдан оқиб тушиб 32 та шаршара ҳосил қилади. Лойиҳада ана шу дарага катта тўғон қуриш кўзда тутилган. Қарабсизки, тропик чангалзорлардан иборат улкан сойлик — Конго ҳавзаси бир неча йилдан кейин чучук сувли катта денгизга айланади қолади. Бўлажак Конго денгизининг майдони Англия майдонидан 3 баравар, Нидерландия давлати майдонидан 21,5 баравар катта бўлади. Бу денгиз сувининг бир қисми диаметри 7—10 метр келадиган тоннеллар орқали Атлантика океанига чиқарилади. Тоннеллардан чиқувчи сувлар электр станцияларнинг кучли турбиналарини айлантиради. Бўлажак Стенли ГЭСида 200 та генератор ишлайди; ГЭС йилига 240 миллиард киловатт-соат электр энергия берадиган бўлади. Бу бутун Европанинг шу кунги чтиёжини қондироладиган энергия миқдорига тенг бўлиб, Конгўҳавзасига ёндош ҳудудни дунёдаги энг йирик индустриал ўлкалардан бирига айлантириш имкониятини беради.

Конго денгизидаги сувнинг кўпроқ қисми Чад ҳавзасига йўтиалтирилади. Муайян вақт ўтгач, катталиги Балтика денгизи, Қора денгиз, Каспий денгизи, Оқ денгиз ва Азов денгизининг жами майдонига тенг келадиган улкан Чад денгизи ҳосил бўлади. Чад денгизи сув билан тўлгач, унинг суви қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган улкан Саҳройи Кабир томон йўл олади. Саҳронинг ғарбий қисмида сунъий йўл билан яратилган бу янги дарё Тунис ёнида ўртаер денгизига қуйилади. Уни иккинчи Нил деб атаса бўлади. Ҳозирги Нил дарёси Миср учун қандай аҳамиятга эга бўлса, иккинчи Нил ҳам Чад, Нигер, Жазоир, Тунис ва Ливия мамлакатлари учун шундай аҳамиятга эга бўлади.

Иккинчи Нил туғилгач, Саҳройи Кабирнинг, умуман, Африканинг иқлими, табиати тубдан ўзгаради. Жазирама иссиқнинг шашти қайтади, иқлим анча юмшайди.

Саҳройи Кабирдаги қақраган чўллар ўрнида катта-катта воҳалар, соя-салқин боғлар, экинзорлар пайдо бўлади, шаҳар ва қишлоқлар барпо этилади, турли саноат корхоналари қад кўтаради.

Вам может понравиться

Добавить комментарий