Дунёдаги энг узун қабр

Ҳар бир шаҳарнинг ўзига хос, ажралиб турадиган рамзи мавжуд. Хитойнинг ана шундай рамзи ҳамиша Буюк Хитой девори саналган. Унинг кириш қисмига Мао Сзендуннинг “Агарда Буюк Хитой деворида бўлмаган бўлсанг, унда хақиқий хитойлик эмассан” деган сўзлари ёзилган. Хитой тилидан тўғридан тўғри таржима қилинганда унинг номи “Узун мустаҳкамлик” деган маънони англатади. Дарҳақиқат, ушбу девор Хитойнинг чегараларини аниқлашда, тоғдан келадиган шамолни бироз тўсишда, қўққисдан бўладиган ҳужумлар ҳамда савдо йўлларини асрашда жуда катта хизмат қилади. Буюк Хитой деворининг қурилиши дунёдаги енг катта меъморчилик лойиҳаси бўлган. Шунингдек, энг катта санъат асари ва энг катта техник қурилиш деб ҳам тан олинган эди. У Лядунск кўрфазидан бошланиб, шимолий Хитой оралаб Гоби даштини бирлаштиради. Буюк Хитой деворининг бир учидан иккинчи учигача бўлган масофа 2450 км ни ташкил етади. Девор устки қисмининг кенглиги йўл сифатида ҳарбийлар учун қулайликни оширади. 5 қатор бўлиб саф тортган харбийлар унда бемалол ҳаракатланишлари мумкин.

Учта Буюк Хитой девори
Буюк Хитой деворининг қурилиш ишлари бизнинг эрамиздан аввалги VII асрларда маҳаллий аҳоли томонидан ўз ҳудудлари атрофини мустаҳкамлаш мақсадида бошланган. Хитойнинг бутун тарихи давомида 3та Буюк Хитой деворини санаш мумкин. Уларнинг ҳар бири ўртача 5000 кмдан иборат бўлиб, қурилиш учун 2000 йилдан зиёд вақт кетган.

 
1. Биринчи Буюк Хитой девори Император Син Шихуанди даврида, император ва давлатнинг қуч қудратини намойиш этиш ҳамда маҳаллий ахолини мўғулларнинг ҳужумларидан сақлаш мақсадида қурилган. Қурилиш ишларида фаоллик кўрсатгани учун генерал Мен Тянюни алоҳида тақдирлаган. Ушбу қурилишда 500 000 одам иштирок этган, улардан кўплари Конфуций таълимотчилари эди. Император эса бу художўйлар илмини йўққа чиқаришни истарди. Шу сабабли ҳам уларнинг барча тарафдорларини қурилиш ишларига мажбуран жўнатган. Қаршилик кўрсатганлар эса девор орасига қўйиб юборилар эди. Айнан шунинг учун ҳам маҳаллий халқ орасида бу деворни “Дунёдаги энг узун қабр”, “Кўзёшлар девори” деб аташади. Император девор устига ҳарбийларни жойлаштирганди. Деворнинг у бошидаги хабарни бу бошидаги соқчиларга етказиш учун бир сутка вақт кетар эди. Бироқ ўша давр учун бу тезлик катта ютуқ саналарди.


2. Иккинчи Буюк Хитой девори бизнинг эрамизга қадар бўлган 206 йилда Хан сулоласи Императори томонидан ҳамиша ҳужум уюштирувчи Гуннлар қабиласидан ўз халқи ва ҳудудини ҳимоя етиш учун қурдирила бошланган. Ўша вақтларда тупроқ ўрнида ер асосан тошлардан иборат эди. Шунинг учун ҳам иккинчи Буюк Хитой деворини қуришда асосан тошлардан фойдаланилган.


3. Учинчи Буюк Хитой деворини қуриш учун эса Мин сулоласи 1 миллондан ортиқ одамни жалб этганди. Ушбу қурувчилар бир неча гуруҳларга бўлиниб, бир вақтнинг ўзида 10 тага яқин деворни тиклашган. Айрим жойларда эса шунчаки пойдеворни қуриб, кейинчалик эса деворга ўтилган. Буюк Хитой деворидаги миноралардан ёнидаги икки қўшни минорани кўриш имконияти бўлиши керак эди. Миноралардаги қўриқчилар бир-бирига хабар етказиш учун тутун, барабан ва оловдан фойдаланишган. Минораларга эса келган хабарчилар дам олиши ва отларни алмаштириши учун етарли шароитлар қилиниши керак эди. Қурувчилар иш давомида мана шу масалаларни ҳам инобатга олишган.

“Кўтарилиш, юксалиш”
Хитойлик ахолининг ўзи Буюк Хитой деворини “Кўтарилиш, юксалиш” деб қабул қилади. Бунинг ажабланарли ери йўқ. Сабаби Буюк Хитой девори бир неча минглаб юқорига ва пастга элтувчи зиналарга ега. Ахир бу деворнинг ўзига хослиги ҳам ана шу чўққиларидадир. Илгариги даврда кимки Хитойга киришни истаса бу девор унга тўсиқ бўлган. Ҳатто Буюк Хитой деворининг айрим жойларига алоҳида рухсатнома билан киритувчи жойлар ҳам қилинган. Рухсатнома берувчи эшик соқчилари кундузи ишлаган бўлиб, мамлакатга ҳам одамлар фақатгина кундузи киритилган. Кечаси эса дарвозалар ҳатто императорнинг ўзи келса ҳам очилмаган. Шу боисдан ҳам ўша даврда эшиклар атрофида мамлакатга кириш учун навбатини кутаётган одамлар томонидан вақтинчалик яшаш жойлари қурилган.

1644 йилга келиб эса мамлакат бошига янги сулола келиши оқибатида буюк Хитой деворига зарурат туғилмаган ва у қаровсиз қолдирилган. Йиллар ўтиб бу девор бузила бошлайди. Ҳатто маҳаллий аҳоли деворнинг бўлакларини ўз уйи қурилиши учун ишлатиш мақсадида олиб кетади. 1962 йилга келиб Буюк Хитой девори мамлакатнинг миллий ёдгорлиги деб эътироф этилади. Ва уни қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 1987 йилда эса бу девор ЮНЕСКОнинг маданий мерос рўйхатидан ўрин олади.

манбаа: megadunyo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий