Соат минтақаси

Spread the love

Муайян нуқтадаги маҳаллий вақт шу нуқтанинг шарқ ва ғарб томонларидаги бошқа жойлар вақтидан фарқ қилади.

Аҳоли яшайдиган пунктлар орасидаги алоқа воситалари унча ривожланмаган пайтларда вақтни ҳисоблашдаги бу хилма-хиллик сезилмаган. Кейинчалик темирйўл транспорти ривожлана бошлагач, мамлакатлар ўртасида алоқалар кучаяди, вақтни аниқ билишга бўлган эҳтиёж зўраяди. Вақтни аниқлашдаги хилма-хиллик кўп ишларда ноқулайлик туғдиради.

Турли жойлардаги соатлар кўрсатадиган вақтдаги чалкашликни ва бундан келиб чиқадиган қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида XIX асрнинг саксонинчи йилларида Америка Қўшма Штатларида ҳар бир темирйўлни ёки бу темирйўл маълум қисмининг ўз вақти белгиланган, яъни мазкур жой учун ўртача вақт танлаб олинган. Бунинг натижасида АҚШ-да вақт ҳисобининг 75 га яқин тизими пайдо бўлган ва айрим йирик темирйўл бекатларида учтадан соат ўрнатилган. Соатлардан бири шу бекат вақтини кўрсатса, иккинчиси — ғарб томондан келадиган поездлар вақтини ва учинчиси шарқ томондан келадиган поездлар вақтини кўрсатган.

Вақт ҳисобидаги бундай ўзбошимчалик тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етади. 1870-йили Канада темирйўллари инженери Сандфорд Флеминг соат минтақалари таъсис этишни таклиф қилади. 1883-йили Америка Қўшма Штатлари ва Канадада С. Флеминг таклифи кўриб чиқилади. 1884-йилда эса бу таклиф 26 мамлакат иштирокида ўтказилган Халқаро конференсияда қабул қилинади.

С. Флемингнинг таклифига мувофиқ Ер шари 24 соат минтақасига бўлинади. Ер шари ўз ўқи атрофида 24 соатда бир марта, яъни 360° айланади. Демак, ҳар соатда 15° айланади. Шунга қараб Ер сатҳи суткани ташкил этадиган соатлар миқдорига, яъни 24 минтақага бўлинган. Ҳар минтақа 15° дан иборат.

Соат минтақалари ғарбдан шарққа томон бирин-кетин белгилаб чиқилган. Ҳар минтақа ичида бир хил, ягона вақт қабул қилинган бўлиб, у ўртача минтақа вақти деб юритилади.

Ҳар бир минтақа вақти қўшни минтақа вақтидан роса бир соат фарқ қилади. Шарққа йўл олган сайёҳ қўшни минтақага ўтиши билан ўз соати милини 1 соат олдинга, ғарбга йўл олган бўлса, 1 соат орқага суриб қўйиши лозим. Масалан, Тошкентдан Москвага жўнаган киши учта соат минтақасидан ўтади. Шунинг учун у соат милини бир соатдан уч марта орқага суриб қўяди. Москвадан Тошкентга қайтганида эса соат милини, аксинча, уч марта бир соатдан олдинга суриб қўяди.

Халқаро битимга биноан вақт ҳисоби бутун дунёда Лондон шаҳридаги Гринвич обсерваторияси нол меридианидан бошланади. Гринвич меридианининг ҳар икки томонидан 7,5° оралиқдаги минтақа рақами нол бўлиб, бу минтақа вақти дунё вақти деб юритилади.

Нол минтақага Англия, Франсия, Белгия, Испания, Порлугалия ва Африканинг ғарбий қисми тўғри келади. Бу минтақа вақти Ғарбий Европа вақти деб юритилади.

Нол минтақа шарқида биринчи соат минтақаси жойлашган бўлиб, бу ердаги вақт дунё вақтидан бир соат олдин юради ва Ўрта Европа вақти деб юритилади.

Биринчи соат минтақаси вақтидан Австрия, Германия, Италия, Норвегия, Дания, Швеция, Швейсария, Полша, Чехия, Венгрия халқлари фойдаланади.

Биринчи соат минтақаси шарқидаги иккинчи минтақага Финляндия, Руминия, Болгария, Греция, Туркия, Миср Араб Республикаси, Судан киради. Россиянинг Европа қисми ғарбий раоннлари ҳам иккинчи минтақа ичидадир. Бу минтақа вақти Шарқий Европа вақти деб юритилади.

Океан ва денгизларда, аҳоли кам яшайдиган ўлкаларда соат минтақаларини меридианлар бўйича тўғри белгилаш – чегаралаш мумкин. Аҳоли зич жойлашган саноат районлари ҳамда йирик шаҳарларни меридиан бўйлаб икки минтақага бўлиш мақсадга мувофиқ эмас. Масалан, Москва шаҳрининг географик ўрни иккинчи ва учинчи соат минтақалари ўртасига тўғри келади. Агар минтақалар чегараси Москва шаҳри ўртасидан ўтса, шаҳарнинг ғарбий қисми билан шарқий қисми ўртасида вақт бир соатга фарқ қилиши керак. Бир шаҳарнинг ўзида икки хил вақт бўлиши қанчалик ноқулайлик ва чалкашлик туғдиришини тасаввур қилиб кўрингчи! Ана шуларни назарда тутиб, соат минтақалари чегарасини меридиан чизиқларидан бироз четга чиқариб республика, вилоят, ўлка ва дарё чегараларидан ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Шунга асосланиб 1957-йил 1-мартда Россияда соат минтақаларининг янги чегаралари белгиланди.

Россия давлати жуда катта бўлиб, ғарбдан шарққа 10 минг километр масофага чўзилган ва ўн битта соат минтақасини ўз ичига олган. Россиянинг ғарбий чеккаси билан шарқий чеккаси ўртасидаги вақт тафовути 11 соатга тенг.

Тошкентда кундузи соат 12 бўлганда Москвада соат 9, Владивостокда соат 16, Чукоткада эса соат 19 болади. Россия пойтахти — Москва иккинчи соат минтақасида, ватанимиз пойтахти Тошкент эса бешинчи соат минтақасида жойлашган.

Ўзбекистон Республикаси ғарбдан шарққа 1400 километрга чўзилган. Шунинг учун икки соат минтақасида жойлашган. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари маҳаллий вақт Москва вақтидан икки соат, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида эса уч соат фарқ қилади.

 Соат минтакаси

Тошкентда соат 12 бўлганда.

Бир мамлакатнинг турли қисмида маҳаллий вақтнинг турлича бўлиши транспорт (темирйўл ва ҳаво йўллари) ва алоқа (телеграф, телефон) ишларидаги ҳисоб-китоб учун катта ноқулайлик туғдиради. Агар маҳаллий вақтдан фойдаланиладиган бўлса, Владивостокдан Москвага 1-апрел эрталаб жўнатилган телеграмма эгасига 31-март кечқурун (жўнатилган вақтдан бир кун илгари) етиб келар эди. Чунки Владивосток маҳаллий вақти билан 1-апрел эрталаб соат 4 да Москвада кечқуранги соат 9, яъни 31-март ҳали тугамаган бўлади. Шундай ноқулайликларни бартараф қилиш мақсадида Россия Федерацияси бўйича темирйўл, ҳаво транспорти ва телеграф, телефон алоқалари учун Москва вақти, Ўзбекистон Республикасида эса Тошкент вақти қабул қилинган.

Вам может понравиться

Добавить комментарий