Энг ғаройиб ва кулгили тўй удумлари

Spread the love

Агар бутун дунёда тўйлар бир хил тарзда ўтказилганида ҳаёт жуда зерикарли бўлиб қоларди.

Нима дедингиз? Турли миллатлар ўйлаб топган урф-одатлар яшаш тарзимизга ўзига хос ранг олиб киради. Негаки, айрим удумларни кўриб, кўзимиз қувнаса, бошқаларига ҳавасимиз келади ёки аксинча, хайрият, мен ўша ерда туғилмаган эканман, дея ёқа ушлаймиз. Англаб турганингиздек, бугун сиз билан бирга дунё тўйлари билан боғлиқ энг ғалати урф-одатлар билан танишамиз.

Рақс пайтидаги ҳийла

Грецияда тўй куни келин-куёв махсус пуллар рақсига тушадилар. Бунда келин билан куёв даврага чиқиб, рақсга тушаётганда ҳамма уларнинг кийимига пул ёпиштиради. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гап шундаки, нафақат рақс, балки бутун кеча давомида келин куёвнинг оёғини босиб олиш учун ҳийла ишлатади. Агар у бунинг уддасидан чиқса, бутун ҳаёти давомида оилага бош бўлади. Яна бу ерда келин-куёв учун тўшалган жойга биринчи кичкинтойларни ётқизиш удуми бор. Чунки юнонлар агар шундай қилинса, янги оила келажакда бахтли бўлишига ишонадилар.

Кимникига кирса, ўша ғолиб!

Рус қишлоқларида қа­­­­димдан бирор-бир қиз­ни ёқтириб қолган йигитнинг ота-онаси унга совчи жўнатарди. Бу совчилар бутун қишлоқ бўйлаб қўшиқ айтиб ўтарди. Агар йўлда улар эшикни адаштириб ёки атайин бошқа қизи бор уйга кириб қолишса, ўша хонадоннинг қизи келинга айланарди.

Аввал пул, кейин рақс

Венгрияда тўйга ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳар бири хоҳишига қа­раб, келин билан рақс­га ­тушиши мумкин. Фақат рақсга тушишдан олдин улар15 франк тўлаб қўйишлари шарт!

Сизларни тинч қўймаймиз!

Испанияда тўйга ташриф буюрган меҳмонлар имкон қадар келин билан куёвни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилиб, уларга тинчлик беришмайди. Мабодо келин-куёв айёрликни ишга солиб, ёлғиз қолишга муваффақ бўлсалар, келажакда уларнинг оилавий ҳаётига ҳеч ким рахна сола олмас экан.

Ўзгача келин кўйлак

Англиянинг айрим ҳудудларида келин ўзига қуйидаги қоида асносида либос танлайди: унинг янги либосида, албатта,  қарзга олинган бирор-бир буюм ва осмонранг тақинчоқ бўлиши керак. Бу ерда келин шу қоидага риоя қилмаса, бахтли бўла олмайди, деган ақида мавжуд.

Йўлбарсга ўхшаб ўкир!

Жанубий Африкада ҳар йили куёвлар сайли ўтказилади. Унда юздан зиёд куёвлар қатнашиб, йўлбарсга ўхшаб ўкирадилар. Кимнинг овози йўлбарсникига кўпроқ ўхшаса, ўша йигит энг яхши куёв номига сазовор бўлади.

Бош кийим топсанг, бахтли бўласан!

Македонияда янги келин-куёвни арча шохи билан тўлдирилган ертўлага қамаб қўйишади. Агар келин шохлар орасидан бош кийим топиб олса, бутун ҳаёти давомида бахтли бўлади. Мабодо пойабзал топса, бир умр эридан бир поғона устун туради. Борди-ю, у эрига жангни бой бериб, ҳеч нарса топа олмаса, ўзи айбдор бўлиб қолади.

Вазнига вазн қўшсангиз, келин қиламиз!

Сахарада қизларни ўн икки ёшидан бошлаб, фақат хамир ва ёғли овқат бериб боқишади. Чунки бу ерда озғин қизни ҳеч ким келин қилмайди, тўлачадан келган қизлар эса ҳар томонлама соғ­лом ва бой оиланинг фарзанди саналади.

Урушқоқ келин

Руандада тўй маросимидан кейин куёвнинг уйига келган келин кечаси билан эрини уриб, тан жароҳати етказади ва эрталаб яна ўз уйига қайтиб кетади. Бу ҳол икки кун давом этади, учинчи кундан бошлаб улар аҳил-иноқ яшашни бошлаб, бошқа ҳеч қачон урушмайдилар.

Қани, келин, бурчакка ўтинг!

Чеченистон ва Доғистонда тўй тантанаси жуда ҳашаматли ўтказилади. Аммо бу ернинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Масалан, тўй давомида келин юзи ёпинган ҳолатда бурчакда туради. Келинни табрикламоқчи бўлганлар ундан бир пиёла сув сўрашади, янги келинчак сув олиб келганидан сўнг меҳмон ҳаммасини ичиб, ўша пиёлага атаганини солиб қайтаради.

Бизникига ўтинг, меҳмонимиз бўлинг!

Меҳмондўст арманлар тўй куни куй-қўшиқ овозини эшитган ёки шунчаки кўчадан ўтаётган йўловчини уйга чақириб, меҳмон қилишади. Маълумотларга қараганда, тўй куни арманлар хонадонига қанча кўп меҳмон келса, келин-куёвнинг ҳаёти шунча тўкин-сочин тарзда ўтаркан.

Кераксиз чинни идишингиз борми?

Германияда тўйдан бир кун олдин куёвжўралари келин яшайдиган уйнинг деразалари остига йиғилишиб, келин-куёв бахтли ҳаёт кечириши учун чинни идишларни синдириб, ўйин-кулги қилишади. Куёв эса ўз навбатида ўзини тартибли эканлигини келинга кўрсатиш учун барча синиқ идишларни йиғиштириб олади.

Ғаройиб ўғирлик

Энг осон тўй маросими Австралия аборигенлари томонидан ўйлаб топилган бўлса, ажаб эмас. Бу ерда уйланишни олдига мақсад қилган йигит  бир неча кун танлаган қизини пойлаб юради. Қизга яқинлашиш имкони етганда йигит унинг бошига бирор нима билан уриб, ҳушидан кетказади. Сўнгра ҳушидан кетган қизни кўтариб олиб, ўзининг қабиласига олиб боради. Шу билан тўй тамом.

Олмадан эҳтиёт бўлинг!

Болгарияда ёқтирган қизининг қўлини сўраш учун йигит ўша қизга олма отади. Энг қизиғи, қиз ўша йигитни ёқтирадими-йўқми, бу воқеадан сўнг унинг расман қайлиғига айланади ва турмушга чиқишга мажбур бўлади. Шу сабаб болгариялик қизлар кўчада юрганда ўта эҳтиёткор бўлишади.

Бўлажак оналар битими

Непалда тўйнинг бў­лиш-бўлмаслигини бў­лажак оналар ҳал қилишади. Нега дейсизми? Чунки бу ерда тўй битими ҳали туғилмаган ҳомиланинг оналари томонидан тузилади. Борди-ю, икки аёл бир хил жинсдаги фарзанд кўрса, тўй ўша заҳоти бекор қилинади.

Шунингдек…

Японияда янги келин-куёв маҳаллий ичимлик ҳисобланган сакедан тўққиз ҳўплам ичиши шарт. Биринчи қултум уларни расман эр-хотинга айланганликларидан далолат беради.

Вьетнамда тўй маросими келин-куёвнинг ота-онаси томонидан алоҳида-алоҳида тарзда ўтказилади.

манбаа: http://www.bekajon.com

Вам может понравиться

Добавить комментарий