Одамлар кўз ўнгида пайдо бўлган вулқон

Spread the love

Бизга маълум вулқонларнинг деярли барчаси қадимдан мавжуд. Вулқон вужудга келишини кўриш камдан кам кишиларга насиб этган.

Мексиканинг пойтахти Мехикодан 320 километр ғарбда, Тинч океан соҳилидан унча узоқ бўлмаган Парикутин қишлоғида яшовчи Полида исмли деҳқон 1943-йилда ажойиб бир ҳодисанинг гувоҳи бўлади.

Шу йили 5-февралда қишлоқ атрофидаги жойлар тўсатдан силкина бошлайди, кейинги кунларда ҳам ер силкиниши тез-тез такрорланиб туради. 12-февралда силкинишлар сони орта бориб, бир ҳафта ичида 360 марта ер силкинади.

20-февралда соат 4 ларда даласидаги маккажўхориларини парвариш қилиб юрган Полида кичкина бир чуқурдан тутун чиқаётганини пайқайди. Полида «Гулханни ўчирмаган эканман», деб ўйлаб чуқурга яқин борса, тутуннинг ер остидан, бир неча сантиметр катталикдаги тешикдан чиқаётганини кўради ва чуқурни тошлар билан кўмиб ташлайди. Бир қанча вақтдан кейин ер ёрилиб, ёриқдан тутун бурқкаб чиқиб осмонга тик кўтарилади. Тутун билан бирга кул ва тошлар ҳам отилиб чиқа бошлайди. Қаттиқ вишиллаган овоз эшитилибди, ҳаммаёқни олтингугурт ҳиди тутиб кетади. Кўп ўтмай гумбурлаган овоз эшитилиб, дарахтлар тебранади, чуқурча атрофидаги ер кўпчиб чиқади. Ярим кечада отилиш овозлари кучаяди, ёриқ кенгаяди, ундан аланга кўрина бошлайди. 21-феврал куни даладаги буюмларини йиғиштираётганида даланинг ҳалиги бўртиб чиққан жойида баландлиги 30 метр келадиган тепа ҳосил бўлиб қолганини кўриб ҳайрон бўлади. Унинг тепасидаги кратердан чўғдай қизиган тошлар, паға-паға буғ ва тутун отилиб чиқа бошлайди.

24-февралда буғ ва тошлар отилиши зўраяди. 25-февралда кратернинг шарқ томонидан лава оқиб чиқа бошлайди. Лава оқимининг қалинлиги 5—6 метрни, оқиш тезлиги соатига 3 километрни ташкил этади. Вулқон конуси тобора баландлашиб, 160 метрга этади. Кўп ўтмай лава икки қишлоқни вайрон қилади, 12 километр наридаги Сан-Хуан шаҳригача етиб боради, атрофдаги экин ва ўрмонлар кул остида қолади.

Вулқондарр 1946-йилгача лава чиқиб туради. 1946-йилда лава чиқиши сусаяди, лекин кул буралиб чиқиб тураверади. Вулқоннинг баландлиги 500 метрга этади.

Парикутин деб ном олган бу вулқоннинг отилиши 1948-йилда аста-секин сусаяди. Полиданинг экин майдони қалинлиги 90 метр келадиган лава, тош ва кул қатлами остида қолади. Вулқон фаолияти ҳамон давом этмоқда.

Вам может понравиться

Добавить комментарий