Болани сўрғичдан ажратиш осон…ми?

Болани резинка-сўрғичдан қайси ёшда ва қай тарзда ажрата бошлаш керак? Бу савол кўпчилик ота-оналарни қизиқтириши табиий. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, буни бир ярим ёшда амалга оширган маъқул. Лекин ҳатто уч ёшда ҳам кичкинтой сўрғичдан ажралишга руҳий жиҳатдан тайёр бўлмаслиги мумкин. Бу муаммони ҳал этишда “ҳаётий мисоллар”- га ва оналар танишларининг мисолларига таяниш ярамайди – Шуни ёдда тутингки, Сизнинг кичкинтойингиз ва Сизнинг ўзаро муносабатингиз ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бегоналар тажрибаси ҳамма вақт ҳам ёрдам беравермайди.

Похожее изображение

Зийрак она боланинг руҳиятига жароҳат етказмаган ҳолда, унинг қачон сўрғични рад этишга тайёрлигини ички ҳис билан сезиши ва белгилаши муҳим. Аксарият ҳолларда кичкинтой 1,5-2 ёшга тўлганида, унинг ўзи ҳам резинка-сўрғичга нисбатан қизиқишини йўқотади. Агар сиз болангизда бундай ҳолат юз бермаган бўлса, у ҳолда бу борада мутахассис фикрлари билан танишиб чиқишингиз мақсадга мувофиқ.

Одатда, болалар шифокорлари ҳам, психологлар ҳам барча тавсияларни болани сўрғичдан ажратишнинг икки: аста-секин ва кескин усулига умумлаштирадилар. Қайси усулни танлаш эса ўзингизга ҳавола.

Аста-секин усули: Болангиз йиғлаши биланоқ унга резинка-сўрғич беришга шошилманг! Кичкинтойни бошқа усул билан овутишга ҳаракат қилинг, унинг эътиборини чалғитинг, қўлингизда кўтаринг, бироз тебратинг. Ажратиш вақтида болага сўрғични фақат ўта зарур ҳолларда – чўчиганда, ўзини ёмон ҳис қилгандагина беринг. Бироқ, шунда ҳам, мурғак бола чалғиган ёки ухлаб қолган заҳотиёқ, сездирмайгина оғзидан сўрғични олиб қўйинг. Бу вақтда, бола резинка-сўрғични тасодифан кўриб қолмаслигига ҳаракат қилинг. Ва, аста-секинлик билан бола резинка-сўрғич йўқлигига кўникиб қолади.

Кескин усул: Буни, асосан, ўз ҳаракатларини онгли равишда назорат қила оладиган катта ёшдаги болажонлар учун қўллашингиз мумкин. Аввалига, резинка-сўрғич уйдан таш-қарида, масалан, дўконга ёки сайрга чиққанда чеклаб қўйилади. Уни оддийгина уйда “ёддан чиқариб қолдиришга” уриниб кўринг. Ўйин ўйнаётган ёки бошқа бир машғулот билан банд бўлганида, мультфильмлар кўриш, чўмилиш вақтида резинка-сўрғич берманг. Барча ҳаракатларингизни болага, унинг энди катта бўлиб қолганлиги ва ҳадемай унинг резинка-сўрғичдан бутунлай воз кечишига тўғри келиши билан изоҳланг. Кичкинтойингиз эса аста-секин резинка-сўрғич билан бутунлай хайрлашиш фикрига мослашиб боради.

Заҳрохон УСМАНОВА тайёрлади.

манбаа

Вам может понравиться

Добавить комментарий