Уйқу ҳақида нималарни биламиз?

Spread the love

Ҳозир барча фанлар қатори уйқушунослик ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Г.Ковров бу ҳақдаги саволларга шундай жавоб беради.

— Айрим мамлакатларда ёзги вақтга ўтиш анъанаси бор. Бу тадбирнинг соғлиққа зиёни борми?

— Ҳар қандай беқарорлик, яъни нобарқарорлик каби кишилар одатланиб қолган вақтни ўзгартириш ҳам руҳий зўриқишларга, кундузи уйқу босиши, саломатлик ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, авария ҳолатлари кўпайиши, шунингдек, меҳнат унумдорлиги пасайишига сабаб бўлади. Бироқ ёзги вақтга ўтишнинг организмга кўрсатадиган зарарли таъсири етарли даражада ўрганилмаган. Ҳали бу борада жиддий тадқиқотлар йўқ.

— Таниқли уйқушуносларнинг астрономик вақт одамларнинг биологик ритмларига яқин бўлиши зарурлигига доир далиллари-чи? Агар ички ва ташқи вақтдаги мувозанат бир ёки икки соатга фарқ қилса, организмнинг барча тизимларида номувофиқлик келиб чиқади ва бу инсон умрини 10-15 йилга қисқартиради, деган тахминлар асоссизми?

— Бу гапларни исбот талаб этиладиган гипотезадай қабул қилиш керак. Бироқ менинг фикримча, одамнинг мослашувчанлик тизими шу қадар кучлики, у амалда барча нарсага бемалол ўрганиб, одатланиб кета олади.

— Биз ўз аждодларимизга нисбатан ёмон ухлаймизми?

— Асло ундай эмас. Ўтган асрдаги илмий адабиётларга таяниб айтиш мумкинки, кейинги юз йил мобайнида уйқу бузилишининг клиник ҳолатлари мутлақо ўзгармай турибди. Худди ҳозиргидек, уйқуга кетиш ва кундузи уйқусираб юриш борасида ўшанда ҳам муаммолар бўлган. Фақат шифокорларнинг кам уйқу ҳолатини келтириб чиқарувчи айрим асаб бузилишларига нисбатан муносабати ўзгарган, янги ташхислар пайдо бўлган. Масалан, “уйқу апноэ синдроми”. Бунда одам ўзи билмаган ҳолатда ухлаб қолади. Ҳатто машина бошқараётиб ҳам ухлаб қолиш мумкин. Ана шундай хасталикка чалинган кишиларнинг машина бошқа­риши оқибатида авариялар, йўллардаги бахтсиз тасодифлар сони ошмоқда. Россияда ҳанузгача ҳайдовчиларга тиббий далолатномалар эскирган тартиб-қоидалар бўйича берилмоқда. Европада эса бундай одамлар тезда аниқланади ва даволанади.

— Уйқусизликнинг келиб чиқишига ижтимоий тармоқлар — интернет билан кўп ўралашиб қолаётганимиз ҳам сабаб эмасми?

— Буни исботловчи глобал тадқиқотлар йўқ. Фақат бир нарса исботланган: айпедларнинг нури, агар одам тўшакда ётган ҳолда уни кўраётган бўлса, мелатонин ишлаб чиқилишига салбий таъсир кўрсатади. Мелатонин эса энг муҳим «уйқу гормони»дир.

— Етти соат ухлаш шартми?

— Ҳақиқатан ҳам 2005 йили дунёдаги барча уйқушунослар соғлом одам 6 дан 10 соатгача ухлаши лозим, деган хулосага келишган. Олти соатдан ками ҳам, ўн соатдан кўпи ҳам яхши эмас. Шундай одамлар гуруҳи ҳам мавжудки, уларнинг уйқуга эҳтиёжи 10-12 соатни ташкил этади. Бироқ улар саломатлигидан шикоят қилишмайди. Демак, бу улар учун меъёр ҳисобланади. Масалан, Достоевский ҳам роса уйқучи бўлган. Бироқ айрим одамларга 4-5 соат уйқунинг ўзи етарли. Масалан, Лев Толстой кам ухлаган. Эҳтимол, кўп ва кам уйқулик ҳодисаси одамнинг генетикаси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кўпчилик одамлар эса одатда 7-8 соат, дам олиш кунларигина ярим соат кўпроқ ухлашади.

— Башорат қилувчи тушлар афсонами?

— Агар руҳий жиҳатдан соғлом одам ўзи кўрган тушнинг ўнгида ҳам содир бўлганини айтса, мен унга ишонаман. Гап бўлажак у ёки бу воқеанинг тушда аён бўлиш механизмида. Албатта, бундай тушлар ғайб дунёсидан келмайди. Бош мия шундай улкан ҳисоблаш машинасики, у мутлақо ақл бовар қилмас вазиятларни ҳам олдиндан башорат қилиш кучига эга. Масалан, кимдир узоқ вақт хасталаниб ётган яқин кишиси вафот этадиган кунни тушда аниқ-равшан “кўра олиши” мумкин. Умуман олганда эса, тушда кўрилганларнинг кўпчилиги амалда содир бўлмайди ва онг ости механизми орқали хотирадан ўчиб кетади. Хотирада эса фақат амалга ошган туш сақланиб қолади. Мингтадан битта ҳолдагина шундай бўлиши мумкин. Эҳтимоллик назариясига кўра, улар башорат берувчи тушлар эмас, шунчаки тасодифлардир. Бироқ шунга қарамай, мен аниқ қилиб айтаманки, башорат қилувчи тушлар ҳам мавжуд, бироқ уларнинг механизми ҳалигача бизга тушунарли эмас.

— Таъбирномаларга асосланиб келажакни олдиндан айтиш мумкинми?

— Йўқ.

— Нега айрим олимлар кашфиётларини тушида кўрганлар? Масалан, Менделеевга машҳур кимёвий элементлар жадвали тушида аён бўлган.

— Агар қандайдир тадқиқотчи бирор-бир кашфиётни тушида очган бўлса, бу унинг шунчаки ширингина туш кўриб қўя қолганини эмас, балки ўзи машғул бўлган илмий муаммо устида узоқ вақт тер тўккани ва энди кашфиётни амалга оширай деганда уйқу босиб, тўшакка чўзилганини англатади, холос.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 19-сонидан олинди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий