Реклама қилинаётган дориларга қанчалик ишонса бўлади?

Spread the love
Юртимизда кимлар шифохонада бепул дори маҳсулотлари билан таъминланиши мумкин? Бепул олиш имкониятига эга бўлган фуқароларимиз бундай ҳуқуқдан фойдалана олмасалар, қаерга мурожаат қилишлари мумкин?

Дори-дармонлар ҳақида бериладиган рекламалар қай даражада ишончли? Муддати ўтган дори-дармон воситаларидан қай мақсадда фойдаланилади?
 Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган навбатдаги анжуманида ана шу каби саволларга вазир ўринбосари Лазиз Тўйчиев ҳамда дори воситалари ва тиббий техникалари сифатини назорат қилиш бош бошқармаси мутахассислари жавоб беришди.
НАРХЛАР ҚАНДАЙ НАЗОРАТ ҚИЛИНАДИ?
— Бугунги кунда дориларнинг харид баҳоси анча қиммат. Дориларнинг нархи ошиб кетмаслиги назорат қилинадими? Тан нархидан сотувдаги нархи  5, 10 баробар ошиб кетган ҳолатлар ҳам учрайди…
 — Дори воситалари ва тиббий буюмларга нарх белгилаш тартиби мавжуд.
 Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги ва 2000 йил 5 августдаги “Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари билан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишда чекланган савдо устамалари жорий қилинган.
 Жумладан, четдан келтириладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, етказиб беришда қатнашувчи воситачилар сонидан қатъи назар, сотиб олиш қийматининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда улгуржи-чакана савдо устамаси қўлланган ҳолда сотилиши лозим. Маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларига, воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 20 фоиздан ортиқ бўлмаган, чакана савдо учун 25 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдордаги чекланган савдо устамалари қўлланиши керак. Шунингдек, барча дорихона муассасаларида нарх белгилаш тартиби ва савдо устамалари қўлланишини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига юклатилган.
ЭСЛАТМА ЎРНИДА
 Агар сиз харидни амалга ошираётган дорихонада нархлар бўйича тафовут кузатилса, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимларига харидни тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
ҚИШЛОҚЛАРДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?
— Қишлоқ жойларида аҳолини дори воситалари билан таъминлаш қай даражада йўлга қўйилган?
 — Юртимизнинг чека ҳудудларида яшайдиган аҳоли учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Дори-дармон” акциядорлик компанияси билан биргаликда ижтимоий дорихоналар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
 Бундан ташқари, республикамизда қанча қишлоқ врачлик пунктлари бўлса, ўша пунктлардан 1 километргача бўлган масофада дорихоналар мавжуд. Дорихона бўлмаган жойларда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзида дорихона филиаллари ташкил қилинган. Яна  кўчма дорихоналар ҳам йўлга қўйилган бўлиб, Соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан тузилган режага мувофиқ, белгиланган вақтда чека ҳудудлардаги аҳолини дори воситалари билан таъминлаб келмоқда.
МУДДАТИ ЎТГАНИ АНИҚЛАНСА, НИМА БЎЛАДИ?
— Муддати ўтган дорилар бирор бир фойдали мақсад учун фойдаланиладими?
 — Қонун меъёрларига асосан муддати ўтган дориларни қўллаш мумкин эмас. Агар дорихоналаримизда муддати ўтган дорилар тургани текширувлар натижасида аниқланадиган бўлса, уларнинг лицензияси бекор қилинади.
МАЪЛУМОТ УЧУН:
Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари:
1.Онкологик касалликларга чалинганлар.
2. Сил касаллигига чалинганлар.
3. Мохов касаллигига чалинганлар.
4.Эндокринологик касалликларга (қандливақандсиздиабетга) чалинганлар.
5.Руҳий касалликларга чалинганлар.
6. ОИВ касаллигини юқтирганлар.
7. Юрак клапанини протезлаш ва органларни кўчириш юзасидан операция қилинган шахслар.
8. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар.
9. 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар.
10. 1941-1945 йиллардаги уруш меҳнат фронти қатнашчилари.
11.Чернобиль АЭСидаги ҳалокат оқибатларини тугатишда қатнашган — ногирон шахслар.
12.Байналмилалчи жангчилар.
13. Ҳарбий хизматни ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
РЕКЛАМАГА КИМ РУХСАТ БЕРАДИ?
— ТВ ҳамда радиоканалларимизда реклама қилинаётган дорилар назоратдан ўтадими?
— Телеканалларимиздаги ҳар битта видеоролик Соғлиқни сақлаш вазирлигидан рухсат олингандан кейин Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунидан келиб чиқиб эфирга узатилади.
“БЕПУЛ ДОРИ БЕРИШНИ ПАЙСАЛГА СОЛИШСА-ЧИ?”
— Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳуқуқи поймол бўлганда, қаерга мурожаат қилишлари лозим?
— Имтиёзга эга бўлган шахслар ўз ҳудудларидаги врачлик пунктларида назоратда туради. Агар ўша ерда дори етказиб берилмаса, туман, шаҳар раҳбариятларига ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига, шунингдек, www.minzdrav.uz сайти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Қуйида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти бўйича ягона телефони ҳамда вилоят бошқармаларнинг ишонч телефонлари кўрсатилган.
 Сиз ушбу рақамларга қўнғироқ қилиб, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб олишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги      +998 (71) 239-47-95
Қорақалпоғистон Республикаси +998 (61) 222-80-48
Андижон вилояти      +998 (74) 224-31-61
Бухоро вилояти         +998 (65) 223-51-81
Жиззах вилояти         +998 (72) 226-06-03
Қашқадарё вилояти   +998 (75) 223-03-64
Навоий вилояти         +998 (79) 770-26-77
Наманган вилояти     +998 (69) 226-32-02
Самарқанд вилояти   +998 (66) 233-35-56
Сирдарё вилояти       +998 (67) 235-01-61
Сурхондарё вилояти +998 (76) 223-71-29
Фарғона вилояти       +998 (73) 224-37-03
Хоразмвилояти          +998 (62) 226-30-60
Тошкент вилояти       +998 (71) 250-40-56
Тошкент шаҳри         +998 (71) 233-65-67
манбаа: http://bepull.ucoz.com/

Вам может понравиться

Добавить комментарий