Пошнали туфлилар қачон пайдо бўлган?

Spread the love

“Пошнали туфли кийиб, ўзингни латофатли аёлдай ҳис қиласан, уни ечгач эса бахтли инсонга айланасан!”, — дейди доно халқ.

Пошнали туфлида “қаттиқ” йиқилмаганлар!

Оғриқдан тишни тишга босиб, қийналиб юрсак-да, биз аёллар ҳали-бери ўнбеш сантиметрли шпилькалардан воз кечмоқчи эмасмиз. Ахир буни ҳам чидаганга чиқарган-да, деймиз. Шифокорлар ҳам баланд пошнанинг зарари ҳақида гапириб, чарчадилар. Оёқ учига икки баробар юк тушса нима бўпти? Товон шакли бузилиб, оёғингиз қадоқ бўлиб кетади, умуртқа азият чекади, дейишади. Аммо пошнали туфлининг дилни яйратиб тақиллаши олдида шуям муаммоми?! Асосийси, йиқилмасак бўлди-да! Зеро, йиқилиш ҳам бизга чўт эмас. Ахир машҳурлар ҳам йиқилади-ку! Масалан, рус эстрада қўшиқчиси Гага хонимни олайлик. Ўзининг “супер” баланд пошнасида кўчада кетаётиб, ҳамманинг кўз ўнггида йиқилиб берди. Яна қўлида хот-доги билан! Хайрият, бирон ери тилиниб-шилинмади. Ҳатто хот-доги ҳам “омон” қолди. Кейинги сафарида Гага хоним нақ концерт пайтида, саҳнанинг ўртасида йиқилиб тушса бўладими?! Йиқилиб, роялнинг тагига кириб кетса-я! Барибир ҳеч нима қилгани йўқ. Ўрнидан туриб, ашуласини бинойидай айтиб кетаверди.

1993 йили Наоми Кэмпбел ҳам 15 сантиметрли  платформасидан чунонам йиқилдики… Ундан кейин модалар кўргазмаси пайтида Кармен Электра, Жессика Стэм ҳамда Агнесс Дейн каби машҳур хонимлар ҳам шундай “қисмат”га учрадилар. Бироқ уларнинг биронтаси  баланд пошнадан воз кечгани йўқ!

Баланд пошнанинг Ватани Мисрми?

“Ким ўйлаб топган шу пошнани, — дейишади эркаклар ажабланиб. — Ахир уларда мутлақо юриб бўлмайди-ку!”

Афсуски, ўша ихтирочининг исми тарихда сақланиб қолмаган. Аммо пошнали туфлиларни ихтиро қилишда эркакларнинг ҳиссаси катта экани ҳақиқат.

Чунки пошнали пойабзал биринчи навбатда табиат ноқулайликларини енгиш учун ўйлаб топилган. Масалан, қадим ўтмишда Мисрда таги тешик тахта платформалар кийилган. Баъзиларнинг фикрича, айнан шу платформалар ҳозирги баланд пошнали туфлиларнинг узоқ “аждоди” ҳисобланади. Аммо у пайтда мисрликлар ер ҳайдовчи қулларнинг оёғига тахта платформаларни маҳкам бойлаб қўйишган. У маълум маънода ботқоқда юришни енгиллаштирган. Шунингдек, бундай платформалар ўтмишда Япония ҳамда Хитойда жуда урф бўлган. Уни гуруч плантацияларида ишлаганда, серёғин мавсумда, шунингдек, илон чақмаслиги учун кийишган.

Шунингдек, антик даврларда қадимги Грецияда ҳам актёрлар саҳнага катурна деб аталувчи пошналарни кийиб чиқишган. Шу тариқа баланд пошна ўрта аср Европасига кириб келган. Айниқса, итальян аёллари учун ёмғирли об-ҳавода, шаҳарда тошқин бўлганида  цоколи деб аталувчи, пошнаси 40-60 сантиметрли пойабзал кийиш жуда қўл келган. Аммо бундай баланд пойабзалда юриш осон бўлмаган. Шу боис аёллар ҳассага таяниб юришган ёки иккита хизматкор зодагон аёлнинг икки қўлтиғидан тутиб, унинг юришига кўмаклашган. Шунинг учун ўрта аср эркаклари: “Аёлнинг ярми эт-суякдан, қолган ярми ёғочдан иборат”, деб ҳазиллашишарди.

Эркаклар ҳам найза пошна кийишган

Ўрта асрларда эркаклар дуч келган нарсани оёққа илиб кетаверишган, деб ўйласангиз қаттиқ янглишасиз. Улар ҳам пошнали пойабзал кийишни ҳавас қилишган. Чунки пошнали этик от узангига қулай жойлашган. Тахминларга қараганда, европаликлар пошнали этикни шарқ чавандозларидан ўзлаштириб олганлар.

Аммо XVII асрнинг охирига келиб пошнали этиклар чинакам модага айланди. Чунки “қуёш қироли” деб аталувчи Людовиг XIV нинг бўйи паст эди. Шу боис у биринчи бўлиб найза пошнали этик кийиб, ҳамманинг кўзини куйдирди. Ундан кейин сарой аъёнлари ҳам пошнали этик кийишга ўтишди. Аммо қирол бу масалада ҳам уларнинг эркини чеклаб қўйди. Саройдаги ҳеч ким қиролникидан баландроқ пошна кийишга ҳаққи йўқ эди. Бундан ташқари, қирол бундай этикларни яна бир детал — қизил пошна билан бойитди. Бундай рангли пошналарни фақат аслзодаларгина кийишга ҳақли эди.

Аёллар орасида Екатерина Медичи биринчи бўлиб

пошнали туфли кийган

Ҳа, Людовиг сатанг туғилгунига қадар аслзода француз хонимлари ҳамда итальян аёллари беш сантиметрли пошнали туфли кийишарди. Буни эса биринчи бўлиб қиролича Екатерина Медичи урфга киритди. 1533 йили Екатерина Франция қироли Генрих Иккинчига турмушга чиқди ва никоҳ тўйига айнан шундай бежирим пошнали туфли кийди.

Аммо кўп ўтмай, дин пешволари бундай пойабзални қоралай бошлашди. Уни “шайтоннинг иши”га йўйдилар.

Француз инқилобидан кейин пошнали туфлилар ўрнини пучуқбурун “балетка”лар эгаллади.

XIX асрга келиб эса қирра бурун, пошнаси конус шаклидаги туфлилар урфга кирди.

Кейинчалик инглизлар туфлининг янада қулай шаклини таклиф қилдилар. “Пучуқ” бурунли, паст, кенг пошнали туфлилар шу тариқа дунёга келди.

ХХ асрнинг бошларида эса аёллар илгаксиз, очиқ туфли (лодочка) кия бошлашди. Бундай туфлилар ёрқин нақшлар билан безатилар, “пучуқ” бурун, бежирим, ингичка пошнали бўлар эди. Кейинчалик аёллар боғичли, пошнаси қалин, қулай туфлиларни кия бошлашди.

Ингичка шпилькалар ўтган асрда “хит”га айланди!

Шпилька пошнали туфлилар ихтиро қилинганига 62 йил бўлди. У 1950 йили итальян модельери Сальваторе Феррагамо томонидан ўйлаб топилган. Шпилька асосига у узун пўлат стержен ўрнатди.

“Хатарли” пойабзалда йиқилмай юришни ўрганамиз!

Мутахассисларнинг фикрича, баланд, ингичка пошнали туфлилар ҳеч қачон урфдан қолмайди. Шу боис “шпилька”ларда юришни ўргансак, фойдадан ҳоли бўлмайди. Қарангки, бу ҳам бутун бошли “илм” бўлиб чиқди-я!

Аввал гавдани тўғри тутиб оламиз. Елкаларни кенг ёйиб, бошни адл кўтарамиз. Қадам ташлаётганда тиззамиз букилмаслиги керак. Оғирликни аввал товонга туширамиз, кейин чиройли ва нозик ҳаракатлар билан оғирликни оёқ учига ўтказамиз. Қадам босаётганда оёқ учи 45 даража четга қараган бўлиши керак, аммо қадамлар йўлкага чизиқ тортилгандай бир нуқтага қўйилади ва текис юрилади. Айниқса, зинадан тушаётиб ёки тепага кўтарилаётганда эҳтиёт бўлиш керак. Тепага кўтарилаётиб, зинапояга туфлининг таги билан пошнасини баб-барабар қўямиз, тушаётганда эса фақат оёқ учига таянамиз.

Италияликлар ҳатто, баланд пошнада йиқилмай юриш услубини яратишди. Бу усул аэробикада “стиллетто” деб аталади. У ўзбек тилига ўгирилганда “ўткир тиғли пичоқ” ёки “шпилька-пошна” деган маънони англатади. Стилетто усули ёрдамида аёллар нафақат шпилькада юришни ўрганишади, балки у гўзал қадам ташлашни шакллантиради, қиз-жувонлар қадди-қоматни тик тутишни ўргандилар. Шунингдек, бу усулни ўзлаштирганлар кам йиқилишади. Зотан, бунда машқлар асосан шпилька туфлиларда бажарилади. Баланд пошнали оёқ кийимда кун бўйи юриб бўлмайди. Шу боис ишхонага келгач, уни ечиб қўйинг ва бахтли инсонга айланинг!

http://www.saodat-gul.uz/ дан Мавлуда ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий