Конрад Аденауэр жамғармаси – сиёсий таълим маркази

Spread the love

 Конрад Аденауэр жамғармаси ГФР федерал канцлери, Германия Христиан-демократик иттифоқи партияси раиси Конрад Аденауэр томонидан тузилган.

Дастлаб «Айххолц» сиёсий таълим маркази номи билан иш бошлаган (1956). «Айххолц шахри сиёсий академияси», «Христиан-демократик маърифат жамияти» ва «Халқаро ҳамдўстлик институти» деб ҳам номланган. 1964 йилдан Конрад Аденауэр жамғармаси деб аталади.
Жамғарманинг асосий вазифаси — кишиларга ўз демократик ҳуқуқларини тушуниб олишга ёрдам бериш. Конрад Аденауэр жамғармаси фаолияти 3- йўналишда олиб борилади: сиёсий таълим, тадқиқот ва маслаҳатлар; академик хизмат. 1-йўналишда сиёсий таълимга қаратилган семинарлар ўтказилади. 2-йўналиш бўйича тараққиётнинг мавжуд тамойиллари кузатилади, тахдил қилинади. 3-йўналишда «Маориф, олий таълим ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш» мажмуи асосий вазифани ўтайди. Журналистлар учун ҳам алоҳида дастур тайёрланган. Германияда Конрад Аденауэр жамғармасининг 22 та таълим маркази мавжуд. Германиянинг бирлашуви жамғарма фаолияти учун янги туртки бўлди. Жамғарма янги федерал ўлкаларда кенг қамровли ишларни йўлга қўйди. Жамғарма санъат арбоблари ва сиёсатдонларни бирлаштиришга, ёзувчилар, мусиқачилар, рассомлар, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи бошқа соҳа вакиллари билан алоқалар ўрнатган. Жамғарма тажрибаси халқаро миқёсда демократик тамойилларни қарор топтиришда кенг қўлланилади. ЎзР Президенти И. Каримов ГФРга расмий ташрифи чоғида (1993) жамғарма раҳбарлари билан учрашди ва демократияни ривожлантириш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга даъват этди. Бу таклифга кўра, жамғарма 1994 й. июль ойида Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади.
Жамғарманинг Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам иш юритиши учун Тошкентда минтақавий ваколатхонаси очилди. Конрад Аденауэр жамғармаси ўтказаётган сиёсий таълимга оид семинарлар, конференцияларда ҳокимликлар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, тадбиркорлар, аёллар, ёш олимлар, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Семинарларнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда парламент ислоҳотлари, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини ошириш, суд тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш, номарказлашув ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесга кенг йўл очиш, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш, ёшлар ва сиёсат, аёл ва жамият каби долзарб мавзуларга бағишланади. Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, «Заковат» тадбирларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Иқбол» ёшлар маркази, «Аёл ва жамият» институти жамғарманинг асосий ҳамкорлари ҳисобланади. Жамғарма ўз тадбирларини Ўзбекистондаги кўплаб ташқилотлар билан яқин алоқада амалга оширади. Жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватловчи хайрихохлар Конрад Аденауэр жамғармасининг дўстлари клубини ташқил этган. Бу клубнинг 7000 дан ортиқ аъзоси бор.
Жамғармага 2002 йил 1 августгача Вольфганг Шрайбер раҳбарлик қилди. У  1997 -йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Вам может понравиться

Добавить комментарий