Ҳайвонлар – яшаш учун кураш

«Биз Африкадамиз. Қуёш уфқдан анча баланд кўтарилган, кун чидаб бўлмас даражада иссиқ. Бизни жазирама қуёш нури таъсиридан сербарг анжир дарахти ҳимоялаб турибди.

Теварак-атрофни ва унда рўй бериш эҳтимоли болган ҳодисаларни кинога олиш учун биз дарахтга чиқиб, шохларига қулайгина ўрнашиб олган эдик. Дастлаб бизнинг кўзимиз гепард панжасидан халос бўлишга жон-жаҳди билан уринаётган кийикка тушди. Гепард кийикнинг бўғзига ёпишиб олган. Ўлим даҳшати кийикка куч-ғайрат бағишлади, шекилли, у ўзини ҳар томонга ташлаб, гепардни ҳам бирга судрар, у ёқдан бу ёққа итқитарди. Гепард тиш-тирноғини бўшаштиришни хаёлига ҳам келтирмасди. Кучлар тенг эмас-да! Уринишлар фойда бермади, кийик ҳолдан тойди, аранг силтанди-ю, жимиб қолди… Гипард тирноқларини ҳамон бўшаштирмай тановулга киришган эдики, сал нарироқдаги бута-дарахтлар орасидан даҳшатли бўкирган овоз эшитилди.

— Шер! — дедим шивирлаб шерикларимга.

Гепард бошини кўтариб, овоз келган томонга қаради-ю, ғазабланиб наъра тортди. Наърага жавобан чангалзордан катта урғочи шер чиқиб келди. Шер шу жойларнинг ҳукмдоридек, бепарво ва дадил қадам ташлаб, савлат тўкиб гепард томон келаверди. У кийик жасадига икки қадам етар-етмас тўхтади, ўлжасига ёпишиб олган гепардга эътибор бермай, у ёқ бу ёққа бепарво қараб қўйди. Гепард иккиланиб туриб, кейин шер томон интилди, қаттиқ бўкирди. Шер бунга ҳам эътибор бермади. Гепард жойига қайтди. Шерга ҳадиксираб қараб қўйди-да, «нонушта»ни, давом эттирди. Шер бўйнини чўзиб гепард томон юра бошлади. Гепард шерни қўрқитмоқчи бўлди, шекилли, ғазаб билан бўкирди; аммо ҳайвонлар шоҳидан устун келиб бўладими! Хуллас, унинг пўписаси натижасиз қолди. Шер ўлжага ташланганида гепард ўзини четга, хавфсиз жойга олган оди ва шернинг ўлжани паққос тушираётганини четда туриб ғъазаб билан кузатарди. Шер қорнини тўйғазгач, чанқоғини босиш учун дарёга йўл олди.

Шер ўрмонга кириб кўздан ғойиб бўлгандан кейин ҳам биз ярим соатча сабр қилдик — дарахтдан тушмадик; кейин лагерга қараб йўл олдик. Қоронғи ўрмон ичидан ўтиб борар эканмиз, чириган дарахт таналарининг ҳиди, нам ҳаво димоққа урилиб нафасни қайтарар эди. ўрмон қирғовуллари шарпамизни эшитиши биланоқ сўқмоқ бўйлаб қочар, кейин қаттиқ қичқириб, учиб кетарди…

Дарахтлар сийраклашиб, оралиқ ёриша бошлади. Кўп ўтмай биз ялангликдан чиқиб қолдик…

Ўнг томондаги баланд қоянинг тепасида қора бургут ўтирибди. Унинг важоҳати бошқача кўринди. Бирданига у бироз энгашиб, душманига ташланаётгандек бўйнини чўзди.

—  Ҳув анави қуёнга чангал солмоқчи, шекилли, — деди йўлбошловчи Пэнга.

Пэнга кўрсатган томонга қарагандим, олтмиш метрлар чамаси нарида ўтларни чимдиб юрган қуёнга кўзим тушди. Бургут қуёнга ўқдек отилди. Типирчилаётган жониворни кучли тирноқлари билан илиб, осмонга парвоз қилди… Ғолибона парвоздан кейин биздан анча нарига бориб қўнди. Шу он чангалзордан гепард чиқиб қолди.

—   Кийикни ўлдирган гепарднинг ўзи-ку, — деди Пэнга. Шер гепарднинг ўлжасини тортиб олган бўлса, энди гепард бургутнинг ўлжасини тортиб олмоқчи. Гепард яшин тезлигида бургут томон сакраб, қуённи унинг панжасидан юлиб олди-да, чангалзор томон судрай бошлади. Бургут ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаб, гепард тепасида учиб юриб унга таҳдид соларди. Бирданига душман елкасига тошдек отилиб тушди, тирноқларини ботириб гепарднинг юмшоқ терисида узун-узун қонли излар қолдирди. Бу қасос эди. Гепард ўрмалаб чангалзорга кириб ғойиб бўлгунча бургут унга тинчлик бермади».

Сайёҳ Д. Майкл ҳикоя қилган бу воқеа яшаш учун бўлаётган курашжиинг кўп кўринишларидан фақат биридир.

манбаа: Сайёҳ Д. Майкл ҳикояларидан

Вам может понравиться

Добавить комментарий