Ҳайвонлар шоҳи

Мабодо дунёдаги барча жониворларни бир жойга тўплашнинг иложи бўлганда шерни умрида кўрмаган киши ҳам унинг виқор билан туришига боқиб ҳайвонлар подшоси шу бўлса керак, дер эди. Бу — табиий, чунки шер (арслон) ўзининг буқувват ва серсавлат гавдаси, йирик калласи, ҳамиша чақнаб турувчи ўткир кўзлари, кучли ва чаққон оёқлари, учи попукли думи, ниҳоят, бўйин ва елкасини безаб турган қалин ёли билан бошқа ҳайвонлардан ажралиб туради.

Илмий адабиётларда ҳам мушуксимонлар оиласининг, рўйхати шердан бошланади. Шер — афсона ва эртакларда, мақол ва маталларда қатьият («Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмас»), мардлик («Занжирбанд шер енгаман дер») тимсоли болиб келган. Шерни кўрганда табиатдаги жамики жонзот дир титрайди. Шернинг ўзи у ёқда турсин, ҳатто момақалдироқдай наъраси ҳам ҳайвонларни довдиратиб қўяди. Бу наърани эшитганда қоплон ириллашдан, сиртлон увуллашдан тўхтайди, майнуннлар айюҳаннос солиб дарахтларнинг энг баланд шохларига чиқиб кетади, кийик, оҳулар яшин тезлигида кўздан ғойиб бўлади, подада маъраётган қўй, эчкиларнинг овози ўчади, туялар арқонини узиб қочади, отлар олдинги икки оёғини тик кўтариб, оғир ҳансираб, кишнай бошлайди ва зўр бериб орқасига тисарилади, итлар думини қисиб эгасининг пинжига киради. Шер наърасини эшитганда ҳатто одам ҳам безгак тутгандек қалтираб, бекиниш учун жой ахтаради.

Шернинг бўкиришига турли нарса сабаб бўлиши мумкин. У ўлжасини еб қорни тўйгач, қаттиқ ўкириб қўяди. Шимолий Африка шерлари молхона ёки отхонадаги ҳайвонларга ҳужум қилиш олдидангина бўкиради. Умуман, Африка шерлари турар жойлар яқинида яшашга ҳаракат қилади. Маҳаллий халқ унга қарши ҳарчанд чора кўрмасин, йиртқич барибир йиртқичлигини қилади. Қишлоқлардаги уй ҳайвонларига ҳамла қилмоқчи бўлган шер тунда овга чиқади.

Чорвадор молларини қалинлиги бир метр, баландлиги уч метр келадиган қўрага қамаб, тинч ухлаб ётибди. Онда-сондагина қўйларнинг маъраши эшитилади. Сигирлар ётиб дам олмоқда. Соқчи итлар ўқтин-ўқтин вовуллайди. Яқин атрофдаги дарахтларда Африка тентак қушларининг овози, пир-пир учгани эшитилиб қолади…

Бирданига гумбурлаган овоздан ер ларзага келди. Демак, шер яқинлашяпти! Бутун қишлоқ саросимага тушди, қўрадаги молларни ваҳима босди: қўйлар сапчиб қўра деворларига уриляпти, эчкилар маъраяпти, сигирлар безовталаниб бир ерга тўпланишди, туялар типирчилаб қолди, ҳатто қоплон, сиртлонга бас келадиган итлар ҳам мунгли увуллаб, эгаларидан мадад кутаяпти. «Чақирилмаган меҳмон» лип этиб қўрага тушди, олдинги оёғи билан бир уриб новвосни ер тишлатди-да, найзадек ўткир тишлари билан жониворнинг умуртқасини ғажиб синдирди. ўқтин-ўқтин ириллаб, ўлжаси устида бироз ётди, қизарган кўзлари чўғдек ёнарди, пўлат хивичдек думи билан новвосни савалаб-савалаб қўярди. Ниҳоят, ўлаётган новвосни бир зум бўшатди, кейин яна унга тиш-тирноғи билан ёпишди, новвос жон бергач, уни маҳкам тишлаб худди қопдек орқалади-да, девордан сакраб ўтди, ўлжасини анча жойгача судраб борди, сўнгра бурдалаб паққос туширди…

Шер кўпинча ўлжасининг бўйнига ёки томоғига чанг солади. У баъзилар ўйлагандек ўлжани осонликча қўлга туширолмайди. Овчиларнинг айтишларича, у ҳайвонлар кетидан қувиб юриб кўп сарсон бўлади. Шерларнинг ови ҳамма вақт ҳам ўнгидан келавермайди, чунки уларнинг асосий ўлжасини — оҳу, кийик, зебра сингари ҳайвонларни табиат жуда чопқир қилиб яратган. Шунинг учун шер югургани билан баъзан уларни қувиб етолмайди. Шундай пайтларда шер бошқа йиртқичлар қўлга туширган ўлжани тортиб олиб ейишни афзал кўради.

Шуни айтиш керакки, мушуксимонлар ичида фақат шер дарахтга чиқишни ёқтирмайди. Шер дарахтга чиқа олмайди, дейишади. Умуман, бу гап тўғри, лекин ҳайвоннинг феълини билиш қийин. Оч қолган шер дарахт устида ўлжа кўрдими, ана шунда унинг дарахтга чиқишини томоша қилинг! Уганда ва Танганика чўлларида яшайдиган шерларнинг баъзан куппа-кундуз куни дарахт устида ухлаб ётганини кўрган кишилар ҳам бор.

Шер ухлаб ётганида ҳам ўта сергак бўлади. Таъби тортган ўлжасининг оёқ саси сал эшитилдими, ҳайвоннинг шўри қуриди деяверинг… Шерларнинг ҳақиқий ови кечаси бошланади, деб айтиб ўтган эдик. Ой ва юлдузлар ёруғида табиат уларга қандайдир кайфият, ҳузур-ҳаловат бағишлайди, шекилли. Улар маккорлик қилиб, ўлжасига шамол эсаётган тарафдан яқинлашади. Шамол уларнинг баҳайбат наърасини баттар кучайтириб, чор-атрофга тарқатади.

Оҳу, зебра каби ҳайвонлар шернинг овозини эшитиши билан ўтакаси ёрилиб, қочгани жой тополмай қолади. Шу пайт пистирмада ётган урғочи ва ёш шерлар ер бағирлаб бориб ўлжасига шундай ташланадики, ҳайвон тиқ этмай жон беради.

Овда кўпинча қари шерлар сергаклик қилади, чунки улар луир бир ҳайвоннинг хулқ-атворини, қайси ҳайвон қай маҳал ва қайси томондан сувлоққа келишини яхши билади. Шер кўпроқ йирик ҳайвонларни тутиб ейишни хуш кўради. Мабодо ўлжаниинг каттаси учрайвермаса, чигиртка, сичқон, каламуш каби майда-чуйда жониворлар билан озиқланади. Лекин шернинг асосий ризқи — пода-пода бўлиб юрувчи ҳайвонлар, зебра, оҳу, кийик ва ёввойи чўчқалардир. Шер ўзи бўғизлаган ёки овчи отиб ўлдирган ҳайвонни иштаҳа билан ейди. Очидан ўлаёзгандагина ўлимтик олдига боради. Шер, айниқса, ўлжанинг ичак-човоғини хуш кўради. Шунинг учун  ҳайвоннинг энг олдин шу юмшоқ жойида татиб кўради. Шер куннинг ғамини ейдиган жонивордир. Қорни тўйгач, у гўштнинг қолган қисмини кўмиб қўяди.

Шер одамга камдан кам ҳоллардагина ҳужум қилади. Лекин болали она шерга рўпара келиш, уни безовта қилиш жуда хатарли: болаларини қизғаниб одамга ҳужум қилиши мумкин. Лекин қариб қолган, чопқир ҳайвонларни қувиб етолмайди-ган шернинг одам овлаганини кўрган, эшитган овчилар ҳам бор.

Шернинг ҳайвонлар подшоси дейилишига сабаб унинг маҳобатли ёритқич ҳисобланувчи қуёшга тик қарай оладиган бирдан бир ҳайвон эканлиги, дейдиганлар ҳам бор. Барча мушуксимонларнинг кўзи тунда ёнади, лекин кечаси шерга дуч келганларнинг ҳикоя қилишича, бу йиртқичнинг катта, ўткир кўзлари тунда янада бошқачароқ ёнар эмиш.

Шерни шер қилган нарса унинг ёли, дейишади. Дарҳақиқат, ёли унга қандайдир улуғворлик бахш этади. Лекин табиат ёлни фақат эркак шерга ато этган, урғочи шерда ёл бўлмайди. Шерларнинг ёли қора, қўнғир, баъзан малла ранг бўлади. Айрим мутахассислар шерларни улардаги белгиларга, жумладан, ёлларига қараб бир неча турга: барбар, сенегал, масай, кап, эрон ва ҳиндистон шерларига ажратади. Тажрибали овчилар шернинг ёши, кайфияти, ҳатто касаллигини ёлидан аниқлай олишади. Шернинг ёли яхши бўлса, терисининг дунё бозоридаги нархи ҳам юқори бўлган.

Шернинг думи ингичка, узун, жуда таранг бўлиб, худди даррага ўхшайди. Кучлилигини айтмайсизми! Кетидан келган душманини думи билан уриб таъзирини беради, кичикроқ ҳайвон эса бундай «дарра»дан кейин тил тортмай ўлади.

Шерлар бошқа сут эмизувчи ҳайвонлардек пода-пода бўлиб яшамайди. Уларнинг тўдаси кўпинча битта катта оиладан ёки икки-уч оиладан иборат бўлиб, унда 18 тадан 30 тагача катта-кичик турли ёшдаги шерлар бўлади. Сергаклик оила бошлиқлари — қари шерлар зиммасида бўлади.

Ҳар бир оиланинг ўз ер-суви бўлади. Оила эгаллаган майдон тахминан ўн квадрат километрни ташкил этади. Дарахт, тўнка, бута каби нарсалар «чегара устуни» вазифасини ўтайди. Агар одамлар халал бермаса, улар ўз хўжалигини бинойидек олиб боради. Оҳу, кийик, зебра, ёввойи чўчқа каби йирик ҳайвонларни бўлар-бўлмасга нобуд қилавермайди. Масалан, 4—5 шердан иборат оила ҳар ҳафтада битта ҳайвонни «сўйиб» ейди, холос. Битта катта шер йилига ҳар бирининг вазни тахминан 110 килограммлик 15 та йирик ҳайвонни ўлдириши мумкин. Уни ҳам кўпинча шериклари билан баҳам кўради.

Шерлар 6—7 ёшда вояга этади. Урчиш пайтида бу йиртқичлар орасида шиддатли жанглар бўлади. Улар кўпинча «қаллиқ» талашиб бир-бирини қип-қизил қонга белайди. Ҳомиладорлик даври 4—5 ой давом этади. Шерлар ҳайвонот боғларида ҳам болалайверади. Баъзи ҳайвонот боғларида 60—70 ёшга кирган шерлар бор.

Шерлар болалигидан қўлда парвариш қилинса, одамга тез ўрганади. ўргатилган шердек хушфеъл, ёқимли, ўйноқи ҳайвон кам топилади. Унинг кўнгли ёввойи муҳитни қўмсамайди, у шерлик табиатини, сержаҳллиги ва ёвузлигини унутади.

Шер дарахтзор, чангалзорларни ёқтирмайди. У дарахт ёки буталар эндигина ўса бошлаган яланглик ёки тепаликларни маъқул кўради, ўнқир-чўнқир, пана жойларда яшириниб юради, ўзига уя қуради. Лекин ўз уясида бир-икки кунгина яашайди, умрининг кўп қисмини дайдиликда ўтказади.

Ҳайвонлар шоҳи қанчалик кучли бўлмасин, ўзидан кучлироқларни кўрса ҳайиқади. Масалан, найза кўтарган масай, қабиласи кишиларига дуч келиши билан жуфтакни ростлайди. Чунки масайлар урф-одати бўйича балоғатга етган йигитлар ўз мардлигини намойиш қилиш учун шерни ўраб олиб найза санчиб ўлдириши керак…

Шер каркидон, бегемот ва фил каби териси қалин улкан ҳайвонлардан ҳам чўчийди, уларга яқин йўламайди, сувлоққа борганида тимсоҳлардан эҳтиёт бўлади. Африка маҳаллий аҳолиси шерларни фойдали ҳайвон ҳисоблайди, чунки у ерларда экин-тикинга қирон келтирувчи ёввойи чўчқалар кўпайиб қолса, уларга фақат шерлар барҳам бераркан. Ҳозирги кунда Африкада 150 мингга яқин шер яшайди, Ҳиндистон қўриқхоналарида эса 250 тача шер қолган, холос.

Вам может понравиться

Добавить комментарий