Қуёш ва Ой тутилишлари

Чарақлаб нур сочиб турган Қуёш гардишининг бир чети қорая бошлайди. Маълум вақтдан кейин Қуёш юзини қора доира бутунлай қоплаб олади. Шу пайт ер юзини қоронғилик босади, осмонда юлдузлар кўринади, ҳайвонлар безовталанади, қушлар чурқ этмай қолади. Бирмунча вақтдан кейин қора доира чапга сурилиб чиқиб кетади ва Қуёш яна нур соча бошлайди.

Қадим замонларда одамлар Қуёш тутилиши сабабларини билмаганлар. Шу сабабли бу ҳодиса уларни даҳшатга солган.

Қуёш тутилишига асосий сабаб — Ойнинг Ер билан Қуёш орасига тўғри келиб, Қуёшни биздан тўсиб қўйишидир. Шу пайт ерга Ойнинг сояси тушади, соя жуда узун конус шаклида бўлади. Ой Қуёшни тўла тўсганда биз Қуёшнинг тўла тутилганини кўрамиз. Ой билан Ер оралиғидаги масофа ўзгармай, бир меъёрда турганда Ерда ҳеч қачон Қуёшнинг тўла тутилиши содир бўлмас эди.

Демак, Қуёш тутилиши, аввало, Ер билан Ойнинг оралиғидаги масофа қисқарган пайтда рўй беради. Ой янги туғилган пайтда ўз орбитасининг Ер орбитаси билан кесишадиган жойига яқин келганда Қуёш тутилиши мумкин. Бундан ташқари Ой соясининг Ерга етиб келган учининг кенглиги 300 километр бўлиши мумкин. Шунинг учун Қуёш тутилишини кўра оладиган шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг сони чекланган бўлади. Қуёшнинг тола тутилиши бир неча минут давом этади, холос. Шунинг учун Қуёшнинг тўла тутилиши жуда кам учрайдиган табиат ҳодисаси бўлиб, Ер шарининг бир нуқтасида уни икки-уч асрда бир марта кўриш мумкин.

Қуёш ва Ой тутилиши.

Қуёш тутилиши Ер шарининг Ой сояси тушган тор минтақасидагина кузатилади. Бу минтақанинг айрим жойларида Қуёшнинг тўла тутилиши, бошқа бир жойларида эса қисман тутилиши кўринади. Бироқ Қуёш тутилиши уни кузатиш мумкин бўлган жойларнинг ҳаммасида бир вақтда ва бир йўла кўринмнайди, чунки Ой сояси Ернинг турли жойларига турли вақтда тушади.

Ой тутилиши мутлақо бошқача содир болади. Ой тутилиши Ер шарининг ярмида бир йўла кўринади. Бинобарин, Ой тутилиши фазалари Ер юзасининг ой кўринган жойларида бир вақтда рўй беради. Ой тутилиши фазалари фақат маҳаллий вақтга қараб фарқ қилиши мумкин. Ой тутилиши тўлиной фазасида рўй беради.

Ой тутилиши ҳодисаси Қуёш тутилишига нисбатан бир ярим баравар кам содир бўлсада, Ерда бу ҳодисани Қуёш тутилишига нисбатан кўпроқ жойда кузатиш мумкин.

Ойдаги доғлар.

Ер, Ой ва Қуёш марказлари бир тўғри чизиққа келганда Қуёш ёки Ой тутилиши рўй беради. Агар бугун Қуёш тутилган бўлса, яна қайта тутилиши учун, яъни Ер, Ой ва Қуёш марказлари яна бир чизиққа тўғри келиши учун бир қанча синодик ва сидерик ойлар ўтиши керак. Қуёш тутиладиган шароит 18 йилда, Ой тутиладиган шароит эса 10 йилда бир марта вужудга келади. Қуёш тутилишининг барча фазалари экватор атрофида 4,5 соатгача, Ой тутилишининг барча фазалари 4 соатгача давом этади. Қуёшнинг тўла тутилиши 7,5 минутдан, Ойнинг тўла тутилиши 1 соат 50 минутдан узоқ давом этмайди.

Қуёш ва Ой тутилиши бир йилда кўпи билан 7 марта ва камида 2 марта рўй беради.

Қуёш тутилиши рўй бермаган йилнинг ўзи йўқ. Йилига камида икки марта Қуёш тутилади.

Ернинг шимолий яримшарида Қуёш тутилиши вақтида Ой сояси Қуёшни ўнг томондан, жанубий ярим шарда эса чап томондан тўса бошлайди. Ой тутилиши, аксинча, шимолий яримшарда чап томондан ва жанубий ярим шарда ўнг томондан бошланади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий