Қутблар: Ҳасан ва Ҳусан

Бир-биридан 6357 километр узоқдаги Шимолий қутб билан Жанубий қутб ҳеч қачон ўзаро дийдор кўришмаган экан. Уларнинг бахтига телевизор яратилибди, спутниклар учирилибди. Шулар воситасида ҳамсуҳбат бўлишибди. Гапдан гап чиқиб, улар Ҳасан-Ҳусан эканликларини билиб қолишибди. Ахир, улар битта «ўқ»нинг икки учида туришади; одатлари, юриш-туришлари ҳам анча ўхшаш-у, фақат бир-бирларига орқа қилиб, тескари туришади. Хуллас, иккови фикр алмашишибди:

Ҳасан (Шимолий қутб). Кундузи туш пайтида мен Қуёшни нақ жануб томонда кўраман.

Ҳусан (Жанубий қутб). Мен ўша пайтда Қуёшни нақ шимол томонда кўраман.

Ҳасан. Бизда Ой чапдан ўнгга юради.

Ҳусан. Бизда эса ўнгдан чапга ўтиб кетади.

Ҳасан. Биз декабр, январ, феврал ойларини бир қилиб, қиш деймиз.

Ҳусан. Ёғ-е, бу ойлар бизда ёзку. Июн, июл, август ойларини ҳақиқий қиш деса бўлади.

Ҳасан. Бизни 21-мартдан 23-сентабргача 186 кун офтоб ёритиб туради. Аммо октябрдан мартгача 179  кун қоронғироқ бўлади, Қуёшни бутунлай кўрмаймиз.

Ҳусан. Бизда мартдан сентабргача 179 кун қоронғи, октабрдан мартгача 186 кун-у тун ёруғ.

Ҳасан. Биз қалинлиги уч-тўрт метр музлик устида яшай-миз. Қазиб тушсак, шундоқ денгизга чиқамиз. Чуқурлиги 4 минг метр. Ер марказига энг яқин жойдамиз. Денгиз суви ҳам меҳмондўст — Атлантика океанининг илиқ сувлари аралашиб туради. Музимиз ҳар кун жануб томонга силжийди.

Ҳусан. Бизда ҳаммаёқ қалин муз, қалинлиги бир неча минг рнетрга этади, қазиб бўлмайди. Чораси топилган чоғда ҳам барибир қаттиқ ер — тошга бориб тақаламиз. Остимизда денгиз йўқ. Афсуски, биз Ер марказидан узоқроқмиз.

Ҳасан-Ҳусаннинг айтганлари ўринли. Уларга яна қуйидагиларни ҳам эслатиб қўяйлик. Иккала қутб ҳам бир йўла 360 та меридиан чизиғининг учларини тугиб, ушлаб турибди. Демак, қутб нуқтасида узунлик чизиғи йўқ. Маҳаллий вақтлари ҳам хоҳлаганча — Москва вақти дейилса ҳам тўғри, Тошкент вақти дейилса ҳам тўғри. Бир нуқтадан иборат кенглик чизиғи 90 градус.

«Қутбий тунлар» иборасининг маъноси шуки, 179 қоронғи куннинг фақат 90 куни (6-ноябрдан 4-февралгача) тим қорон-ғи бўлса, қолган кунлари ғира-шира бўлиб туради.

Ёзда қуёш горизонт ортига сал яшринади-да, яна қалқади. Кечқурун осмоннинг шимоли ғарбий қисмини, ерталаб эса шимоли шарқий қисмини ёритади. Шунда оқшом ғира-шираси тонг ёришишига туташиб кетади. Шу даврда «оқ тунлар» кузатилади.

Агар Шимолий қутбга тўрт томони деразалик уй ўрнатилиб, қайси деразасидан қараманг, барибир… бир томонни кўрган бўласиз. Чунки Шимолий қутбда турган уйнинг фақат жануб томони бўлади. Бу нуқтадан қайси томонга қадам ташлашингиздан қатъи назар, фақат жануб томонга юрган бўласиз (глобусда синаб кўринг). Шимолий қутбда эсган ҳар бир шамол ҳам «жанубий шамол» деб ҳисобланади (шамоллар келаётган томонига қараб ном олишини есланг).

Жанубий қутб бунинг акси — унинг фақат шимол томони бор, у ерда фақат «шимолий шамол» эсади. Шундай экан, қутбда компас қаёқни кўрсатади, деган савол туғилиши, табиий. Компас миллари эсингизда бўлса, айни Шимолни, географик қутбни эмас, балки Шимолий магнит қутбини кўрсатиб туради (Шимолий магнит қутби Гренландиядан ғарб томонда 75 градус шимолий кенглик ва 81 градус ғарбий узунликда). Шу сабабли Шимолий қутбда компас милларининг бир учи Гренландия ғарбидаги магнит қутбини, иккинчи учи эса бошқа томонни кўрсатади. Шунга қарамай, иккала учи ҳам Шимолий қутбга нисбатан жануб томонни кўрсатади

Вам может понравиться

Добавить комментарий