Қовун дарахтига нима дейсиз?

Тропик мамлакатларда меваси қовунга ўхшайдиган ўсимликлар ҳам бор. Қовун дарахти шулар жумласидандир. Бу бўйи 5—6 метр, йўғонлиги 20—30 сантиметр келадиган, танаси тўғри, тик, сирти барг чандиқлари билан қопланган дарахтдир. Танасининг учи бевосита поядан чиққан ва баргли шох-шабба билан тугайди. Қовун дарахтининг гуллари сарғиш кўкимтир рангда, меваси қовунга ўхшайди, ўртача бўйи 30 сантиметр, диаметри 15 сантиметр, оғирлиги 8 килограммгача боради. Мевалар шох-шаббанинг тагида осилиб туради. Дастлаб пастдаги мевалар, энг кейин юқоридаги мевалар пишади.

Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг кўпчилик аҳолиси қовун дарахтини папайя деб аташади. Папайянинг меваси хомлигида кўк рангда бўлиб, пишгач сарғаяди. Шакли, катталиги, мазаси ва хушбўйлиги билан айнан қовуннинг ўзгинаси. Эти юмшоқ, оч сариқ рангда, қалинлиги 3 сантиметр.

Қовун дарахтининг ватани Жанубий ва Марказий Америкадир. Айни пайтда қовун дарахти Ҳиндистонда, Малайя архипелагининг бир қанча оролларида, Австралияда ва Африкада кўп экилади. Булар янги ерларда асли ватанидагидан ҳам яхшироқ ўсмоқда.

Қовун дарахтининг меваси лаззатлилиги, витаминларга бойлиги ва шифобахш хусусиятлари билан бошқа ўсимликлар мевасидан устун туради. Яхши пишган мева ҳўллигида қовун ва овқат ўрнида, думбуллигида эса сабзавот ўрнида истеъмол қилинади. Бундан ташқари ундан жем, мармелад, компот, мева суви ҳам тайёрланади шунингдек, қандолатлар ва шифобахш ичимликлар ишлаб чиқарилади. Қовун дарахти папаин ферменти олинадиган хомашё манбайи ҳам бўлиб, бу унинг муҳим фазилатидир. Папаин овқат ҳазм қилиш органлари фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ хасталикларни, хусусан, меъда ва ичак яраларини даволашда ажойиб дори-дармон сифатида кўп, қўлланилади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий