Қизил денгиз

Қизил денгиз — Ҳинд океанининг материклар оралиғидаги денгиздир. Африка ва Арабистон яримороли оралиғида, Миср, Судан, Эритрея, Исроил, Иордания, Саудия Арабистони ва Яман давлатлари қирғоқларига туташ. Африкадаги чўллар оралиғида жойлашганлиги учун анча қуруқ. Чўллардаги ҳарорат денгиз сувини иситиб юборади. Қизил денгиз сувининг исиб кетишига йил давомида деярли тик тушиб турадиган Қуёш нурлари ҳам сабабчидир. Қизил денгизда кемада сузаётган киши жазирама иссиқ дастидан таъзирини ейди: Қуёш узлуксиз равишда иситаверганидан кеманинг металл палубаси товага ўхшаб қизиб кетади, ҳатто ботинкада ҳам оёқ куяди. Шунинг учун палубада қўлбола оёқ кийимда — оёққа «тахтакач» боғлаб юришга мажбур бўлишади. «Тахтакач»дан иссиқ кам ўтади.

Одатда, денгизларда бўладиган салқин, ёқимли ва майин шабада кемада сузувчиларга ором бағишлайди. Лекин Қизил денгизда бундай ҳолни кўрмайсиз. Қизил денгиз юзасидаги ҳаво чидаб бўлмас даражада иссиқ ва дим бўлиб, нафас олганда ўпкани бамисоли куйдиради, бадандан тер оққани-оққан, диққинафас ҳаво одамни гангитиб қўяди. Киши кеч киришини сабрсизлик билан кута бошлайди. Кечаси ҳарорат бироз пасайсада, ҳаво димлигича қолади. Эрталаб қаралса, кема палубасини «симоб доналари»дек йирик-йирик сув томчилари қоплаб олган бўлади. Бу — иссиқ ўлка шудрингидир. Шуниси қизиқки, Қизил денгиз атрофида йил бўйи бир томчи ёмғир ёғмайди, фақат шудринг тушади.

Қизил денгиздан ҳавога йилига бир неча метр қалинликда сув буғи кўтарилади. Бу денгиз Бобилмандоб бўғози орқали Ҳинд океанига туташмаганда ва бу бўғоз орқали Ҳинд океанидан муттасил сув кириб турмаганда, Қизил денгиз аллақачон қуриб қолган бўлур эди.

Бу денгизга нега Қизил денгиз деб ном берилган?

Қум бўронлари вақтида денгиз атрофидаги чўллардан кўларилган қизғиш чанг ҳаммаёқни қоплаб олади. Шундай пайтда денгиз даҳшатли қизғиш тусга киради. Сувда ва соҳил яқинида қизғиш ранг сувўтлари кўп болганлигидан ҳам сув қип-қизил бўлиб кўринади. Денгизнинг номи шундан келиб рҳиққан бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.

Денгиз суви ҳаддан ташқари тиниқ, денгиз тубида маржонлардан ташкил топган гулзор-хиёбонлар, турли-туман сув ўтлари, денгиз булутлари кўриниб туради. Тинч ҳавода, эрталаб улар, айниқса, гўзал ва мафтункор манзара касб этади. Афсонавий ранг-баранг кўринишдаги, хилма-хил шаклдаги маржонлардан, нилуфар, денгиз қўқонгулидан, улар орасида сайр қилиб юрган ажойиб тилла балиқлардан кўз узолмайсиз. Денгиз ости дунёсининг гўзаллиги, ранг-баранг очилиб туриши гулзорларникидан қолишмайди. Денгиз ости дунёси тунда ўзига хос афсонавий гўзаллик касб этади: сув ўтлари, денгиз гуллари, сув ости жониворларининг кичигидан тортиб каттасигача аллақандай нур чиқариб, денгиз остини ёритиб туради.

Вам может понравиться

Добавить комментарий