Қарз беришни биласизми?

 Қариндошингиз, дўстингиз ёки танишингиз пул сўраб келди.

Имкониятингиз бор, қарз бермоқчисиз, лекин «Қайтариб берар-микан, қўл билан бериб, оёқ билан олмайманми?» деган саволлар хаёлингиздан ўтиши табиий. Бу хаёллар туфайли виждон азобида қийналишингизнинг ҳожати йўқ: қарз беришнинг ҳам  ўзига яраша тартиби ва қонун-қоидаси бор.

«Пулларимни ундириб ололмадим»

Иқболхон АБДУЛЛАЕВА, менежер:

— Олдинлари ёрдам сўраб келишса йўқ деёлмай, кўпчиликка қарз берардим. Тўғри, «Шу инсон эртага қарзини қайтара олармикан? Берсамми ё бермасаммикан?» каби хаёллар кўнглимдан ўтарди, лекин  нажоткордек менга мўлтираб турган кўзларга боқиб, қандай «Пулим йўқ» деб айтаман?!

Эҳтимол, раҳмдиллик ҳам бир камчиликдир. Чунки беозоргина кўриниб, қарз сўраган айрим кимсалар қайтариб беришга келганда умуман бошқа қиёфага киришади. Бундан 6-7 йиллар илгари бир аёл билан танишиб қолдим. Ташқи кўриниши ойдеккина, муомаласи ҳам жойида. Давраларда суҳбатлашиб юриб, дугона бўлиб қолдик. Бир куни олдимга икки миллион сўм қарз сўраб келди. Ўша кезларда бу катта пул эди. Бироз иккиландиму, қисқа вақт ичида қайтариб бериш ҳақидаги ваъдаларига ишониб, пул бердим, аммо ундан тилхат ёздириб олдим. Пулларни олгач у ғойиб бўлди. Шунда тилхат ёздириб, тўғри иш қилганимни тушундим. Сўнг қўлимдаги бир парча қоғозга таяниб, уни судга бердим. Анча вақт судлашдик ва ҳақлигим исботланиб, 2007 йили суд менинг фойдамга қарор чиқарди. Афсуски, ижрочилар ҳалигача пулларимни ундириб бера олишмаяпти. Ҳар сафар «У аёлни топа олмаяпмиз, Россия томонларда беркиниб юрибди», деган жавобни эшитаяпман.

Ҳам ёрдам, ҳам дакки

Бобур АЗИЗОВ, тадбиркор:

— Атрофимизда лафзи ҳалол инсонлар билан бирга, афсуски,  фирибгарлар, ёлғончилар ҳам учраб туради. Мен доим ошна-оғайни-ларим, таниш-билишларимга қўлимдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламан, лекин бундан  ўз манфаати йўлида фойдаланган  кимсалар ҳам бўлди. Бир неча йил аввал яқин дўстим катта иш бошлаётганини айтиб 30 миллион сўм қарз сўради. 3-4 ойда қайтариб бериш ваъдасига ишониб, сўраганини бердим. Айтилган ой тугул, йил ўтди ҳамки, қарзни қайтаришдан дарак йўқ. «Қарзингни қачон қайтарасан, бир йилдан ошди, ўзимнинг ҳам режаларим бор эди» десам, «Э, оғайни, пулингни бунақа тез сўрашингни билганимда бошқа одамдан олардим», деб аразлагандек бўлди. Бу жавоб устимдан муздек сув қуйгандек таъсир қилди. Ҳам ёрдам берсанг, ҳам дакки эшитсанг одамга алам қиларкан. Ўша «дўстим» мана, икки йилдан ошди, қарзини ҳали ҳам қайтариб бермади.

Фарҳод исмли бир оғайним ҳам икки йил аввал 9000 доллар атрофида қарз сўраганди. «Бир ойда қайтариб бераман» деганига ишонгандим. Лекин қарзни қайтаришни айтганимда унинг асл қиёфаси намоён бўлди. Шаллақилик қилиб, роль ўйнашини кўриб, шундай пасткаш одам билан дўст тутинганимдан афсусландим. «Менга ишониб қарз берди, лафз қилиб олдимми, эркак кишиман, қайтаришим керак», деб ўйламади ҳатто.

«Қарз берганга 18 савоб»

Уйғун Ғовуров, Тошкент Ислом университети проректори:

— Қуръонда, «Бақара» сурасининг 282-оятида «Эй, имон келтирганлар, маълум муддатга қарз олди-берди қилган пайтингизда уни ёзиб қўйинг ва орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз билан бир эркак ва икки аёл кишини гувоҳ қилинг. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг», дейилади.

Кўпинча икки томон қарз олди-берди қилаётганда оғзаки келишишади. Орамизда қарз берганини исботлай  олмай, қарзини қайтариб ололмаган, «Худога солдим» деб, қарзидан воз кечиб кетганлар ҳам учраб туради. «Худога солдим» дегани қарзнинг узилиши қиёматга қолганини билдиради, яъни қарздор қиёматда савоб шаклида ўз қарзларини узади.

Пул олди-бердисидаги энг катта гуноҳ — устига фоизини қўйиб, қайтаришни талаб қилишликдир. Бу судхўрлик ҳисобланади ва динимизда «рибо» деб аталади.

Ҳадисларимизда айтилишича, садақа берганга 10  савоб ёзилса, қарз берганга 18 савоб ёзилар экан. «Ҳисобли дўст айрилмас», деганларидек қарз бериш одобига икки томон ҳам риоя қилиши лозим.

«… бир марта пулим йўқ деб ёмон кўрининг»

Гулчеҳра АСҚАРОВА, ўқитувчи:

 — Халқимизда «Қўлинг билан бериб, оёғинг билан оласан», деган нақл бор. Таниш-билишларимдан: «Қарзингни сўраб бориб юз марта ёмон кўрингандан, бир марта «Пулим йўқ» деб ёмон кўринган яхши», деб эшитганман. Баъзи инсонларнинг субутсизлиги туфайли кўпинча савоб ишдан бош тортишимизга тўғри келади.

Қарз сўровчиларнинг икки тоифаси

Биринчи навбатда сиздан моддий ёрдам сўраган одамга яхшилаб эътибор беринг. У кейинчалик қарзини қайтариб бера оладими-йўқми,  аниқлаш мумкин. Қарз сўраб келувчилар 2 тоифага бўлинади:

Биринчи тоифа — моддий муҳтож бўлмаган одамлар. Улар бўйнида осилиб ётган тўловларни тўлаш учун пул сўрашмайди. Одатда, бу тоифа одамлар каттароқ нарса харид қилиш ёки бирор иш бошлашда етмаётган маблағни қарз сифатида сўрашлари мумкин.

Иккинчи тоифа — моддий муаммолар гирдобидаги одамлар. Улар биринчи навбатда кўпроқ пул ишлаб топишни ёки камроқ харажат қилишни (ўзбекона қилиб айтганда, «Кўрпага қараб оёқ узатиш»ни) ўрганиши лозим. Агар бу тоифадаги одамлар қарз сўраб келса, билингки, яқин орада пулингизни қайтариб бермайди, баттар қарзга ботиб  кетаверади.

ЭСЛАТМА: Фақат биринчи тоифага кирувчи одамлар ишончли қарздорлар ҳисобланади!

Қанча қарз бериш мумкин?

Ўзингиз ишлаб топаётган маблағнинг умумий миқдорини аниқланг ва 30 фоизини қарз сифатида беринг.  Бу миқдор пул қайтариб берилмаган тақдирда ҳам  бюджетингизга катта зарар етишидан  сақлайди. Агар йиғиб қўйган пулингиз салмоқлироқ бўлса, учдан бир қисмини беришингиз мумкин.

Эҳтиёт чоралари

Қарз беришда расмиятчиликдан қочманг, гувоҳлар иштирокида амалга оширилган ва қўл қўйилган қоғоз ҳужжат вазифасини ўтайди. Агар сиздан қарз сўраётган одам «Бундай расмиятчиликнинг нима кераги бор? Менга ишонмайсанми?» деб норози бўлса, қарз бериш ниятингиздан қайтганингиз маъқул. Айрим қарздор одамлар «Қийналаётганим, пул орттира олмаётганимни кўриб қарзидан воз кечиб юборар» деган умидда ҳам бўлишади. Ёзиб, қўл қўйилган расмий қоғоз эса ўша одамга қарздорлигини эслатиб туради.

Бундай расмий қоғоз қўлда ёзилади:

1. Исм-шариф ва икки томоннинг паспорт маълумотлари.

2. Қарзга берилаётган маблағ миқдори ва фоизи (агар фоиз белгиланган бўлса).

3. Қарзни қайтариш муддати.

4. Қарз бериш бўйича шартнома тузилган сана ва жой.

5. Икки томоннинг имзоси.

6. Икки томон гувоҳларининг тўлиқ исм-шарифи ва имзоси.

7. Нотариал идора ходимининг тўлиқ исм-шарифи ва имзоси.

Агар маблағни бўлиб-бўлиб қайтариш ҳақда икки томоннинг келишуви бўлса, қайтарилган маблағларни бирин-кетин тузилган шартномада қайд этиб бориш мумкин.

Банк орқали… қарз

Қарз беришни банк орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Бу усулнинг ишончли томони, банкда икки томоннинг олди-бердиси расмийлаштирилади. Бу эса қарздор маблағни қайтариб бермаган тақдирда, суд орқали ундириб олиш учун рад этиб бўлмас далил вазифасини ўтайди.

Пулингиздан воз кечманг!

* Одатда одамлар дўст-биродар, таниш-билиш, қариндош-уруғларига қарз беришади. Баъзан улардан «Муносабатим узилиб кетмасин», деб қарзни қайтиб сўрашга андиша қилишади. Бу умуман  нотўғри!

* Сиздан қарз олган одам билан доимий алоқада бўлинг, қарздорлигини эслатиб туринг.

* Кўча-кўйда учрашиб қолсангиз, қарзини сўранг. Агар «Ҳозир ёнимда тузукроқ пул йўқ» деб жавоб қилса, «Ёнингда борини беравер, майдалаб ҳам қарзингни узсанг бўлаверади», дейишингиз мумкин.

 ГУЛНОЗ тайёрлади.

манбаа: http://sabo.uz/ сайтидан

Вам может понравиться

Добавить комментарий