Ўзбекистон миллий сайтлар нима учун оммабоп эмас?

Миллий медиа муҳитда анъанавий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда яна бир тенг ҳуқуқли тармоқ вужудга келган. Уни таърифловчи атама борасида турлича фикрлар мавжуд.

Айрим россиялик назариётчилар тармоқ журналистикаси тушунчасининг тарафдори, инглиззабон олимлар эса он-лайн ёки кибер журналистика атамасини маъқул кўрадилар. Мамлакатимизда эса интерактив ёхуд интернет журналистика термини кўпроқ қўлланмоқда.

Бугунга келиб “UZ” сегменти 18 мингдан ортиқ объект – веб-сайтни бирлаштирувчи, тобора кенгайиб борувчи доменга айланди. Шундай бўлса-да, кўпчилик ҳамон чет эл веб-сайтларидан фойдаланишни афзал кўришади. Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони ҳозирда 7,378 миллионга етди. Бу мамлакат аҳолисинининг 24 фоизи “жаҳон ўргимчак тўри”даги хизматлардан мунтазам фойдаланади, деганидир. WWW.UZрейтингида етакчилик қилаётган сайтларга бир кунда ўртача 8-10 минг киши ташриф буюраётгани ҳамда мамлакатимизнинг жами интернет фойдаланувчилари ўртасидаги фарқни солиштирадиган бўлсак, ўз-ўзидан савол туғилади: интернет фойдаланувчиларимиз ўзимизнинг сайтларимиз қолиб, кибер оламнинг қайси сарҳадларида кезиб юрибди?

SocialBakers сайти тақдим этаётган статистик маълумотларга кўра чет эл веб-сайтлари доимий фойдаланувчилари орасида ватандошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистонда яшаётган “Facebook” фойдаланувчилари сони аллақачон 75 мингдан, “Odnoklassniki” фойдаланувчилари сони эса 300 мингдан ортган. Бу, албатта, ижтимоий тармоқларга оид статистика. Аммо веб-сайтлар борасида ҳам миллий кибер саноатимиз маҳсулотлари ватандошларимиз назаридан четда қолмоқда.

Юқори тезликдаги симли интернет хизматларини кўрсатаётган провайдерлар амалда абонентларига UzNet тармоқлари доирасида маълумот алмашиш бўйича хизматни бепул, трафик тўловларисиз тақдим этмоқдалар. Шунга қарамай, интернет фойдаланувчиларимиз пулли бўлса-да, хориж кибер-хизматларини афзал билишмоқда. Ҳолбуки, 2014-йил 15-июль ҳолатига кўра “uz” доменидаги фаол сайтлар сони 18,217 тани ташкил этди. Бундан ташқари, ҳозирда яна 210 та сайтнинг фаоллаштирилиши кутилмоқда. WWW.UZ сайти томонидан олиб бориладиган топ-рейтингга мурожаат қиладиган бўлсак, унда етакчилик қилаётган бир неча сайтларимизни ҳисобга олмаганда, “UZ” сайтларининг 60% фоизида доимий фойдаланувчилар сони 30-50 тани, баъзан эса ундан-да камроқни ташкил этади.

uznet

Назаримизда, асосий муаммо – сайтларимиздаги ахборотларидадир. Маълумки, хабар беришнинг 2 усули мавжуд: уни ишлаб чиқариш (яратиш) ва ре-райт қилиш (кўчириш). Афсуски, аксарият сайтларимиз 2-усулни афзал топишган ва фаолиятларида бундан кенг фойдаланишмоқда. Ре-райт муаммоси ҳозирда ўзбек кибер журналистикасининг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Айтайлик, пойтахтимизда кўргазма бўлиб ўтгани ҳақидаги хабар бирор бир сайтда пайдо бўлиши заҳоти билан, ўша сайтнинг “ҳамкасблари” дарров уни кўчириб олади ва ўз инфо-ленталарига тезкорлик билан жойлаб олишади. Натижада биз қайси сайтга ташриф буюрмайлик, ҳаммасида ҳам бир хил мақолаларни кўрамиз. Бу ўз навбатида контент (таркиб) муаммосини келтириб чиқаради. Афсуски, бу борада UzNet жуда “камбағал”, материаллар бир хил ва қайси сайтга ташриф буюрманг ўша-ўша. Айнан мана шу ҳолат фойдаланувчини UzNet дан узоқлаштирмоқда.

Ре-райт масаласи, албатта, бугунги кун интерактив журналистикамиздаги энг долзарб муаммодир. Аммо актуаллиги бўйича унга тенгкучли бўла оладиган яна бир масала борки, у контент (таркиб) муаммосидир. Бу, авваламбор, сайтларимизнинг таркиби тез-тез янгиланмаслиги билан боғлиқдир. Янгиланишлар сустлиги айниқса рус тилида фаолият олиб борадиган сайтларимизнинг ўзбекча версияларига хосдир.

Сайтларимизнинг контентга камбағаллиги мавзулар кўламининг торлиги билан чамбарчас боғлиқдир. Эълон қилинадиган аксарият материаллар янги қабул қилинган қонунлар, фундаментал ислоҳотлар, анжуманлар, йиғилиш ва мажлислар ҳақидаги хабарлардан иборат. Интернет аудиториянинг салмоқли қисми ёшлардан иборат эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу каби тематикадаги материалларнинг уларни қизиқтириб олиши қийин. Холбуки, маданият, санъат, таълим соҳаларига оид янгиликлар кибер муҳитда ниҳоятда танқис. Сайтларимиздаги контент, асосан, хабар, янгилик жанридаги материаллардан иборат, таҳлилий мақолаларни эса деярли кўрмаймиз.

Маълумки, интернет ОАВ лари ҳақида гапирганимизда, интерактив журналистика атамасига кўп мурожаат қиламиз. Афсуски, замонавий электрон ОАВ ларимизга бу хусусият хос эмас. Аслида эса сайтларда фойдаланувчи эътиборини тортадиган интерактив хизматлар бисёр бўлиши керак.

Ҳар қанақа веб-сайтда қайта алоқа ва журналист материали остига фикр қолдириш имкони бўлиши керак. Афсуски, аксарият сайтларимиз бу хизматни тақдим этишга шошилишмаяпти. Бироқ муаллиф материалларига фикр билдириш, зарур бўлса қизиқтирган саволларга жавоб олиш, танқид, таҳлил қилиш имкони ўқувчига берилгандагина кибер-журналистика ОАВ нинг анъанавий турларидан фарқ қила олади, коммуникативлик хусусиятига эга эканлиги билан устун бўла олади.

www.uz

Бугунги кунда фан назариётчиларини ташвишга солаётган масала – UzNet тили. Аҳолисининг 74 фоизини ўзбеклар ташкил этадиган мамлакатда электрон нашрларнинг аксарияти рус тилида фаолият олиб бориши, албатта, тушунарсиз ҳолат. Шунга қарамасдан, WWW.UZ топ-рейтинги бошида турган 100 та веб-сайтнинг бор-ёғи 20 тасигина Давлат тили бўлган ўзбек тилини асосий тил сифатида танлаган. Қолган 80 та сайт учун расмий тил – қанчалик ҳайратли бўлмасин – рус тили. Жумладан, ANHOR.UZ, 12NEWS.UZ, UZ.24, GAZETA.UZ, PODROBNO.UZ, PUBLIKA.UZ сингари нуфузли интернет нашрлари ҳам рус тилини она тилимиздан устун билган. Хорижий тилларни оммалаштиришга эътибор бериш, материалларни кўп тилларда тақдим этиш – бу албатта, ижобий ҳол. Аммо асосий, мўлжалдаги аудитория ўзбекзабон бўлгандан кейин, асосий тилни ҳам мувофиқ равишда танлаш сайтнинг оммабоплигини таъминлайди.

Яна бир муаммоли жиҳат шундан иборатки, аксарият миллий сайтларимизнинг дизайни бир хил. Деярли барча сайтлар янгиликларни бир хил шакл – вертикал лента кўринишида жойлайди. Сайтлар дизайни бир-бирдан фарқланмаса, оригинал ечимларга эга бўлмаса, бу уларнинг фойдаланувчи томонидан эслаб қолинмаслигини таъминлайди. Бундан ташқари, айрим сайтларимизда янгиликлар хатбошиларга ажратилмасдан, майда ҳарфларда жойлаштирилади. Бирорта ҳам материалга суратлар илова қилинмайди. Фақат DARYO.UZ, KUN.UZ, UZ24.UZ, UzREPORT.UZ каби камдан кам нашрларгина тармоқнинг интерактив имкониятларидан самарали фойдаланган: қайта алоқа бўйича хабар юбориш имконияти мавжуд, форумда мақолалар таҳлил, танқид килинади ва ҳоказо. Шунингдек, Uzbekistan Today (www.ut.uz) информацион агентлигининг интернет нашрини яхши мисол сифатида келтириш мумкин. Сайт ёқимли оқ-мовий рангда безатилган, янгиликлар тасмаси мунтазам янгиланиб борилади, архив мавжудлиги, қулай навигация – интернет-аудитория ўртасида муваффақият қозониш гарови бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий электрон нашрларимиз халқаро стандартлар тақозо этаётган жиҳатларни ўзида мужассамлаштиришга интилиши зарур. Булар: интерактивлик, диалоглилик, мультимедиавийлик (матн билан бир вақтда овозли, тасвирли ва бошқа шаклдаги белгили тизимларни қўллаш имконияти), алоҳида ёндашув ва ўзаро боғлиқлик (интернет мақолалардаги гиперматнли тузилиш жуда кўп миқдордаги турли-туман ахборот блокларини ўзаро боғлаб туради).

Манба: ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси, “Hurriyat” мухбири Моҳларойим ҚАЮМОВА маыоласидан.

Вам может понравиться

Добавить комментарий