Ёлғонни аниқлаш усулларини биласизми?

Ёлғон гапириш, маълумотни яшириш ҳолатлари, бир сўз билан айтганда, суҳбатдошларнинг сохталигини билдиради. Инсоният ривожининг турли даврларида ҳақиқат ва ёлғонни аниқлашнинг турфа услублари мавжуд бўлган. Ҳозирги кунда ҳам ривожланган мамлактларда инсондаги сохталик ҳамда ёлғонни аниқлаш муаммосини ҳал этадиган ўта замонавий воситаларни яратишга ҳаракат қилиняпти. Қуйида эса билим ва интуиция орқали ёлғонни ҳақиқатдан ажрата
олиш учун баъзи тавсиялар сизнинг эътиборингизга ҳавола этилади.

Суҳбатдошдаги ўзгаришларни сезиш, кўриш, таҳлил қила олиш учун шахс ўзида кузатувчанлик ва эмпатияни ривожлантириши лозим. Сезгир суҳбатдош суҳбатдан бир неча муддат олдин учрашув жойи ҳамда вақтини белгилаб туриб, ҳамсуҳбатини хонанинг ёруғроқ қисмига жойлаштиради, ўзи эса соя томонни танлайди. Суҳбатдошни бундай жойлаштириш унинг юзидаги мимика ва ранг ўзгаришларини бемалол кузатиш, таҳлил этишга имкон беради.


Психологларнинг таъкидлашича, юзига нур тушиб турган шахслар самимийроқ гапиришади, камроқ ёлғон ишлатишади. Вегетатив ўзгаришларни аниқлашда кўз муҳим аҳамиятга эга.
Қувончли, мамнун пайтларда шахснинг кўз қорачиқлари кенгаяди, кўз оқи соф бўлади.
Туркия ва Хитой савдогарлари бундай ўзгаришларга катта аҳамият қаратадилар. Савдогарлар растада турган бирор буюм маъқул бўлган шахснинг кўз қорачиқлари кенгайганини сезиб қолишса, шу буюмни мақташга тушади, уни харидор қўлига тутқазади, ўз навбатида нархини ҳам ошириб юборади.
Ёлғонни аниқлашда юз ҳам муҳим рол ўйнайди. Агар инсон юракдан кулмаса, унинг фақат оғиз, лаб ва жағ мушаклари ҳаракатга келади. Бироқ пешона, қош, кўз атрофидаги мушаклар кулгига мос ҳаракатланмайди. Сохта табассумни таҳлил қиладиган бўлсак, бундай табассум юзнинг ўнг тарафида кўпроқ намоён бўлади. Демак, бу шахс хурсандлигини кўрсатишга интиляпти, лекин ич-ичидан қувонмаяпти. Агарда сизнинг суҳбатдошингиз кўпроқ чап қўлини ёки умуман исталган чап тарафдаги тана қисмларини ҳаракатлантириб гапирса, ундан шубҳаланишингиз керак. Чунки у ишончсиз ёки сизни хушламайди. Чап қўл унча жисмоний ривожланмаган ва онг ости билан бошқарилиб, ҳақиқий туйғуларни “сотиб” қўяди.

манбаа: megadunyo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий