Янги йил нечанчи йил?

Ҳаммамиз декабр ойи бошидаёқ янги йилни кутиш тараддудига тушиб қоламиз. Сарвқомат, ям-яшил арча, сахий қорбобо, совға-саломлар, шинам байрам дастурхони, табрикномалар, эзгу тилаклар — булар биз учун одат бўлиб қолган. Аммо янги йил бошқа ойларда ҳам байрам қилинишини биласизми?

Ахир, март ойидаги Наврўз ҳам янги йил байрами-да! Бунда сумалак, ялпиз сомса пиширилади. Ёшлар қир-адирларга лола сайлига чиқишади.

Наврўз фақат биздагина эмас, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Покистонда ҳам янги йил боши. Бунинг илмий сабаби ҳам бор.

Қуёш 21-март куни экватор-устида тик туради. Кейинчалик шимолий яримшарга кўпроқ ёғду бера бошлайди, ўлкамизга баҳор ва ёзни келтиради. Шу кезда деҳқон далага чиқади, далаларда иш қизийди, бир сўз билан айтганда табиат уйғонади.

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида Боғи Бобур дейиладиган оромгоҳ бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўша ерга дафн этилган. Ҳар йили Наврўз кунларида мухлислар шу боғ ичига кўчат ўтқазадилар. Санаб ўтилган мамлакатларда Наврўз байрами 12 кун давом этади.

Эфиопияда янги йил сентабр ойи ўрталарига тўғри келади. Шу куни ҳамма дарёда чўмилади, тунда машъала ёқиб, рақсга тушади.

Бирмаликлар янги йилни баҳор фаслида — 17-апрелда тинжан маъракаси билан бошлашади. Одамлар шлангдан, челакдан, сувотар тўппончалардан бир-бирларини сувга бўктиришади. Ҳеч ким қочиб қутулолмайди, ҳеч ким хафа ҳам бўлмай-ди. Шунақа байрамда янги йил уларда.

Малайзия аҳли эса бир йўла тўртта янги йилни нишонлашади: европача янги йил, ҳиндча, хитойча ва мусулмонча янги йил. Миллати, дини, ёши ва жинсига қарамай, кимнинг байрами бўлишидан қатьий назар, ҳамма аралашиб кетаверади.

Ветнамликлар янги йилни феврал ойида кутишади. Энг чекка шимолда — Гренландия ва Канада шимолида яшовчи эскимослар учун қутбий тунлар тугаган кун янги йил боши бўлади.

Янги йилни ҳар ерда ҳар ким турли вақтда кутиб олса, йил саноғи қандай бўларкин? Бизда нечанчи йил деб сўрасангиз боғча боласи ҳам айта олади. Бу бутун дунёда қабул қилинган йил ҳисоби — Григорий календари эканлиги маълум. Аммо дунёнинг кўпгина мамлакатларида бу халқаро йил ҳисоби билан бир қаторда маҳаллий йил ҳисоблари ҳам бор.

Арабистон, Эрон, Афғонистон ва Покистон сингари мамлакатларда Ой календари-санаси Қамария бўйича март ойидан бошлаб 1427-ҳижрий йил кирган. Эронда махсус йил ҳисоби ҳам қабул қилинган. Эрон календари милоддан аввалги 558-йилдан бошланган — ўша йили қадимги Эрон шоҳи Қуруш (Кир) тахтга ўтирган экан. Демак, биздаги 2006-йил март ойидан Эронда 2564-йил бошланган.

Исроил давлатининг ҳам миллий — диний йили бор. Яҳудийлар календари «дунёнинг яратилиши» афсонасидан бошланади.

Эмишки, одамзод — Одам Ато милоддан аввалги 3761-йилда пайдо бўлган. У йил ҳозирги йил билан жам қилинса, Исроил давлатидаги 5767-йил ҳосил болади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий