Шокалад дарахти

Какао дарахтининг асл ватани жанубий Американинг Амазонка ва Ориноко соҳилларидагл тропик ўрмонлардир. Бу дарахтнинг ерли халқлар какао деб атаган мевасини Колумб антиқа нарса тарзида Европага келтирган.

Ерли халқ какао уруғини қовуриб, туйиб, совуқ сувда қорганлар, унга ванил билан қалампир қўшиб, кўпиргунча аралаштирганлар; шу тарзда ҳосил бўлган хушхўр ичимликни улар «чоколатл» деб атаганлар. Испанларгина какаони қайнатилган сувда тайёрлай бошлаганлар. ХIХ асргача какаони бадавлат табақадаги кишиларгина тансиқ ичимлик сифатида истеъмол қилган.

Какао дарахти типик нам тропик ўрмон ўсимлиги бўлиб, соя-салқин жойда ўсади. Какао дарахти униб, ўсиб мева бера бошлаши учун тупроқ ва ҳаво жуда нам, ҳарорати +25— 28°C, йиллик ёғин миқдори 1500—2000 миллиметр бўлиши зарур. Какао дарахтининг ёш ниҳоллари қуёш нурига бардош беролмайди. У, одатда, денгиз сатҳидан 600 метргача баланд жойларда ўсади. Какао дарахтининг бўйи 15 метрга, танасининг йўғонлиги 20 сантиметрга этади. Барглари тўқ яшил, ялтироқ бўлади. Плантацияларда мевасини териш қулайроқ бўлиши учун дарахтнинг учидаги шох-шаббаларини бутаб, қайтариб туришади, бўйи 5—8 метр атрофида сақланади.

Какао дарахтининг гуллари майда, оқиш-пушти ранг бўлиб, бошқа мева дарахтларидаги сингари новдаларнинг учида жойлашмайди, балки дарахт танасидан шода-шода бўлиб чиқади.

Какао дарахти йил давомида гуллаб, ҳосил бериб туради, меваси 4—8 ойда етилади.

Какао дарахти 4—5 йилда ҳосилга киради, 10 ва 20 ёшларида ҳосили жуда кўпаяди, 40 ёшгача ҳосил беради. Узунлиги 20 сантиметр, оғирлиги ярим килограммгача бўлган меваси кўриниши жиҳатидан бироз бодрингга ўхшаб кетади, ичида бир қатор, ҳар қаторда 25 тадан 50 тагача уруғи бўлади; уруғ ловиясимон, узунлиги 2—3 сантиметр келади. Териб олинган мева эртасигаёқ пўсти тозаланиб, уруғи қуритилади. Шунда у жигарранг тусга киради ва хушбўй бўлади. Кейин какао урағи яшикларда шоколад фабрикаларига жўнатилади.

Какао уруғи таркибида ошловчи модда, ёғ, крахмал ва оқсил моддалар борлиги учун у тўйимлидир. Какао уруғининг тахир мазасини кетказиш учун у 140°C иссиқда қовурилади. Какао урағидан ёғ ҳам олинади.

ХХ аср бошларида дунё бозорига, асосан, Эквадор, Венесуела ва Бразилия какао чиқарар эди. Кейинчалик какаони, асосан, Африка етиштирадиган бўлиб қолди, чунки ҳавосининг ҳарорати йил бўйи юқори ва нам бўлган Ғарбий Африка иқлими какао дарахтининг ўсиши учун жуда мос келган. Гвинея соҳили (Олтин қирғоқ) ҳам дунё бозорига энг кўп какао чиқарадиган ўлкага айланди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий