Шампун қандай пайдо бўлган?

Илгари косметикадан фақатгина киборлар фойдаланган. Эндиликда ҳар бир хонадон жавонлари турли-туман бежирим косметика маҳсулотлари билан тўлиб кетгани рост. Косметика кунлик эҳтиёж воситаси бўлиб улгурди. Бироқ, бирор кишидан айни пайтдаги косметик воситалардан энг зарури қайси эканини сўрасангиз, аксарият одамлар ҳеч иккиланмасдан шампунни таъкидлаши шубҳасиз.

Картинки по запросу шампун лучшие

Тозалик ва орасталикда доимий ҳамроҳимизга айланган бу воситадан фойдаланаётганда, унинг бизгача етиб келиш тарихи ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмизми?

Тарихга назар

Азалдан Шарқ серқирра гўзаллиги ҳамда мафтункорлиги билан европаликларни буткул ўзига ром этиб келган. XVII асрда инглизларнинг Ҳиндистонга мустаҳкам ўрнашиб олгани барчага маълум. Бу махарожалар юрти, илонлар макон тутмиш бут, санам ибодатхоналари, бешафқат одатлари, тропик инфекция, қашшоқлик ва ифлос муҳитдан иборат ўзига хос бир олам. Ўша пайтларда ҳиндларнинг мана шундай муҳитда лойқа Ганга сувида ювилган кирлари обдон қайнатилгандай оқартирилгани мўъжизага менгзалган. Европаликлар диареядан азият чекиб юрганларида, ҳиндларнинг хотиржам юриши ва қувноқ табассуми, шу баробарида ҳаётдан мамнунлиги мустамлакачиларнинг эсини оғдиргани аниқ. Энг ажабланарли жиҳати эса инглизларнинг сочлари иссиқ ва нам ҳаводан бир-бирига ёпишиб, патила-патила юрган бир пайтда ҳиндистонлик сочи узун санамларнинг тим қора кокиллари ҳар бир толасида киши қуёш нурида ўз аксини кўргудай даражада ял-ял товланиб туриши европаликларни лол қолдирган.

Ҳиндлар сочини ювишда фойдаланадиган шампо аталмиш махсус доривор гиёҳлардан тайёрланган аралашма ҳинд тилидан таржима қилинганда “уқалаш”, “суртиш” деган маънони англатган.

Бу пайтда эса туманли Альбионда ҳиндлардек сержило сочларни фақат орзу қилишган. Негаки, XIX аср охирига қадар улар фақат кул ва совунни билишган. Ниҳоят, XIX асрнинг охирига келиб, Лондонда шампун тарихига тамал тоши қўйилишига сабаб бўлган оламшумул воқеа содир бўлди. Шампун ихтиросини инглиз Кейси Херберт номи билан боғлиқлигини кўпчилик билмаса керак. Унинг совун ва гиёҳлар аралашмасидан иборат кукуни номи – Shaempo, яъни, шампун номини олди. Кейси Херберт кимёгар бўлганми, дорихона ходимими? Афсус, бу ҳақида маълумотлар бизгача етиб келмаган. Лекин шуниси аниқки, у яратган ихтиросини шундоққина Лондон кўчаларида сотиб юрган.

Кейсининг ғояси – юқумли, шампун рецепти эса оддийлиги билан кўпчиликка қўл келди. Доришунос парфюмерлар орасида шампун тайёрлаш тездагина оммалашиб кетди. Лондон сартарошхоналарида ҳам, дорихоналарнинг косметика бўлимларида ҳам худди шундай шампун кукуни солинган пакетчалар савдоси йўлга қўйилди. Шундай қилиб, XX асрга Лондон янги бир ихтиро билан қадам босди.

Ўша даврда Европа бўйлаб одат тусига кирган миграция шарофати билан шампуннинг донғи Германияга етиб борди. Бу пайтда немислар бошини нима тўғри келса, ўша билан ювишарди. Совун таъсирида қазғоқ кўпайишидан безор бўлганлар сочини сирка ва бензин билан ювишни маъқул кўришарди.

Шампун қироли

1903 йил. Берлиндаги Ханс Шварцкопф дорихонасига бир мизож аёл кириб, Англияда сотиб олган соч ювиш воситаси ҳақида гап очди. “У жуда қулай ва ажойиб, – дея завқланиб гапирди аёл. – Агар сизда ҳам шунга ўхшаш нарса бўлса бажонидил сотиб олган ва мунтазам фойдаланган бўлардим”. Лекин афсуски, пакетчада на маҳсулот номи ва на уни ишлаб чиқарган одамнинг исми шарифи ёзилган эди.

Картинки по запросу шампун история

Бу вақтда Ханс Шварцкопф дорихона хўжаини бўлганига беш йил бўлганди. Дори-дармон билан бир қаторда парфюмерия бўлимини очиб, савдони анча ривожлантириб улгурганди. Қимматбаҳо атирлар савдосини йўлга қўйиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган бир пайтда унинг ишлари юришгандан-юришган. Бу ҳам камлик қилди унга. Ўй-хаёли ишини янада тараққий эттириш, ўзига хос янгилик яратиш иштиёқи билан банд эди. Хоним айтган янгилик қалбини жизиллатди. Швацкопфнинг асли касби кимёгар бўлгани, шунингдек, косметика соҳасида ҳам анчагина тажриба орттиргани боис, кукун- шампун яратиш қийин бўлмади. Фақат Швацкопф пакетчаларни номсиз чиқарувчи анойилардан эмасди. У ишлаб чиққан кукунли шампун пакетчаларини ўзи ўйлаб топган, ва айни пайтда барчамизга маълуму машҳур Schwarzkopf товар белгиси – қора рангли бош тасвири билан безади. Дарвоқе, Шварцкопф сўзининг ўзи ҳам немис тилидан таржима қилинганда “қора бош” деган маънони билдиради. Энди бу шунчаки оддий шампун эмас, балки Ханс ўша заҳотиёқ патентлаштириб олган маҳсулот маркаси эди. Буларнинг ҳаммаси 1903 йилда бўлиб ўтганди.

Янги соч ювиш воситасининг қиммат нархи ўта тежамкор немис халқи учун ҳамёнбоп бўлмаса-да, шампуннинг фойдаланишдаги қулайлиги сабаб мизожлар орасида тез тарқалди. Муҳими, сочлар кепак ёки қазғоқдан халос бўлгани. Бир йил ўтар-ўтмас пакетчали шампунлар Берлиннинг барча дорихоналарида сотила бошлади. Аста-секин бошқа давлатларга импорт қилиш йўлга қўйилди. Инсон эришган муваффақиятларида тўхтаб қолмаслиги, янгидан-янги ютуқларни эгаллаш учун ҳаракат қилиши табиий. Бунданда юксакроқ чўққиларни забт этиш учун олға босиш даркор. Ханс эса бу соҳада пешқадамликни бой бермади. Дорихона бизнесидан бутунлай воз кечиб, бор кучини шампун ишлаб чиқариш ва сотишга бағишлади. Илк яратилган шампунга хушбўй ифор берувчи ва тинч-лантирувчи гул экстракти қўшган бўлса, энди сочларни жонли ва сержило, соғлом бўлишига таъсир қилувчи турли хилдаги доривор ўтлар ва фаол компонентларни қўшди. Кейин эса соч илдизини озиқлантириб, мустаҳкамлайдиган пенатол, сочларни ипакдек майин қилувчи бодом ёғи шампун таркибидан жой олди. У пайтлари Швацкопфнинг ўзидан бўлак ҳеч ким соч учун воситалар ишлаб чиқариш билан жиддий шуғулланмаганлиги боис, мазкур соҳани жадал ривожлантирди ва тараққиёт йўлидан одимлади. 1905 йили компания маҳсулотлари Россия бозорига дадил кириб борди. Шу билан бирга тиниб-тинчимаган Ханс яна янги маҳсулотлар яратиш, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш борасида изланишдан тўхтамади. Фақат биринчи жаҳон уруши пайтида компания фолияти тўхтаб қолди.

Шампунлар қироли Ханс Шварцкопф 1921 йили 47 ёшида юрак хуружидан вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг компания ишларини Ханснинг умр йўлдоши Марта давом эттиради. Марта хоним эрининг бизнес мавқеини нафақат сақлаб қола олди, балки маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришни қойиллатиб уддалади. Ундан кейин ота-онаси бошлаган иш катта ўғилга мерос қолди. 1927 йили янги раҳбар билан бирга маҳсулот ишлаб чиқаришда бу компанияга янги ўзгаришлар ҳам кириб келди. Кукунли шампунлар энди ўз ўрнини суюқ шампунларга бўшатиб берди. Тўғри-да, қоғоз пакетчалар айрим пайтларда нам тортиб қолар, бунинг устига кукун чангги аллергияни қўзғаш эҳтимоли борлиги билан бироз ноқулай эди. Суюқ шампун эса тез кўпикланиши ва сочни тозалаш хусусияти янада ошгани билан олдингисидан фарқ қиларди. Қарангки, илк шампунни яратган ота, суюқ шампун ихтироси билан ўғилнинг номи тарих зарварақларига муҳрланди. 1927 йилнинг охирига келиб компания икки турдаги суюқ шампунни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлганди.

Яна бир компания

Ўтган асрнинг 30-йиллари Европада косметика бизнесининг олтин даври бўлган, дейиш мумкин. Одамлар бу даврга келиб ўзларига оро берадиган, бадан орасталигига жиддий эътибор қаратадиган бўлишди. Ювиниш воситаларининг бозори чаққон бўлди. 1931 йилдаёқ Шварцкопфга рақобатбардошлар топила бошлади. 1934 йилга бориб Л’Ореал (L’OREAL) фабрикаси косметика бозорига таркибида совун бўлмаган шампунларни савдога чиқаришни бошлади. Л’Ореал асосчиси Эжен Шуэллер бунгача атир совун ишлаб чиқарадиган кичкинагина Монвасон номли компанияни сотиб олади. Шу мулк унга нафақат соч ювиш, балки сочни бўяш воситалари ишлаб чиқаришга туртки бўлди. Л’Ореал ишлаб чиқарган биринчи суюқ шампун номи “Доп” деб аталган. Лекин негадир бу шампун савдоси унчалик юришмади. Унинг сабабларини аниқлаш мақсадида уддабурон Эжен Шуэллер аҳоли ўртасида тадқиқот ўтказишга буюртма беради. Не ҳолки, сўровнома натижасига кўра, французларнинг 30 фоизи умуман, бошини ювмаслиги кузатилди! Кучли маркетолог Шуэллер бунинг ечимини топади. Рекламасида асосий эътиборни болалар ва уларнинг ота-оналарига қаратди. Яъни, шампунларни болалар учун алоҳида, катталар учун алоҳида ишлаб чиқарди. Французларнинг келгуси авлодларининг сочларини шампун билан ювиш кўникмаси шаклланишида унинг хизмати беқиёс. Лекин унгача кўп вақт керак бўлди. У пайтлари косметик воситаларга талабгорлар кўпайгани билан яна битта муаммо… Шампунларнинг нархи ўта қимматлиги ҳам уларнинг савдоси жадал ривожланиб кетишига тўсиқ бўлган.

Американча мўъжиза

Нархлар муаммосини бартараф этиш ташаббуси америкаликларга тааллуқли. Айнан Америкада оммабоп ва ҳамёнбоп шампунлар савдоси йўлга қўйилди. Бундай шампунларни ишлаб чиқарувчиси Жон Брек бўлиб, 10 йиллик изланишлар натижасида шампунларнинг янги формуласи яратилди. “Бой бўлишни истайсанми-камбағаллар учун ишла” шиори билан иш бошлаган Брек қуруқ ва ёғли сочлар учун мўлжалланган соч ювиш воситаларини яратди. Янги шампун савдоси ёмон бўлмади, лекин Брек кўзлаган самарани бермади. Америка ҳам Европа дуч келган муаммога йўлиқди. Аксарият одамлар соч ювиш воситаси учун арзон бўлса ҳам пул сарфлашга ўрганмаган. Ҳақиқий муваффақият учун янгича турмуш тарзи, янгича тозалик маданияти керак эди. Шампун идишларига турли тасвирларнинг туширилиши ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди. Сийрат ва сурат уйғунлиги ифодаси акс этган аёл тасвири туширилган маҳсулот рекламасига аҳолининг қизиқиши ниҳоятда катта бўлди. Брек шампунларини тақдим этган илк реклама Армур компанияси (Armour and Company) бўлса, унда биринчи аёл образини яратган модель Ольга Нельсон Аткинс эди. Брек шампунлари мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди. Брек шампунлари бугунги кунда ҳам машҳурлик шоҳсупасини ҳали – ҳануз бўшатгани йўқ.

Хотима

Ҳозирги пайтда эса шампунларнинг минг бир хил тури бор. Уларни ишлаб чиқарувчи компанияларнинг эса саноғи йўқ. Улар шампунларни ишлаб чиқараверишади, биз эса сотиб олаверамиз. Савдо расталаридан ўзимизга ёққан турини танлаш инкониятимиз жуда катта. Фақат бир нарсани-қай бири сочимизга мос келишини билсак бўлгани.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА тайёрлади.

манбаа

Вам может понравиться

Добавить комментарий