Чўлдаги куй ва самум

Чўлдаги энг даҳшатли ва мудҳиш ҳодиса — самум деб алалувчи шамолдир. Бу шамол эсганда чўл бамисоли куйлайди. Ҳавога кўтарилган чанг-тўзон Қуёшни тўсиб қўяди, ҳаво жуда оғирлашади, ниҳоят даражада қизиб кетади, кишининг нафас олиши қийинлашади.

Рус сайёҳи А. В. Елисеев Саҳройи Кабирда бўлган самумни шундай тасвирлайди: «Карвонимиз уч кун юргандан койин чўл худди туман тушгандек қоронғилаша бошлади. Йўлбошловчилар бир мудҳиш ҳодисани сезаётгандек, бир-бирларига қараб қўйишди. Нимагадир кўнгил ғаш. Қуёш қаттиқ қиздирар, ҳаво диққинафас, теварак-атрофда сокинлик ҳукм сурарди. Бир неча соатлаб йўл юрсак ҳам қизиган қум денгизида ҳаёт асари кўринмади. Туш пайтида дам олиш учун тўхтадик ва жазирама иссиқдан қочиб чодир ичига бекиндик.

Шу пайт қизиган ҳавода қандайдир сирли оҳанг қулоқларга чалинди. Оҳанг тобора зўрайиб, гоҳ ҳамма томондан эшитилаётгандек, гоҳ осмондан келиб ер бағрига сингиб кетаётгандек туюларди. Йўлбошлочилардан бири: «Қумнинг куйлаши яхшиликка олиб бормайди. Қум куйлаб шамолни чақиради, шамол кетидан ажал келади», — деб қўйди.

Қум гоҳ шўх, гоҳ ғамгин оҳангда куйларди; жонсиз қумнинг куйлаётганига одамнинг ишонгиси келмасди. Тўсатдан куй тўхтади. Атрофни сукунат босди. Туялар ҳам даҳшатли шамол яқинлашиб келаётганини сезгандек безовталана бошлади.

Шамол туриб, чодиримиз яқинидаги баланд қум тепалигидан қумларни секин-аста учириб, афрофдаги қум уюмларини ҳам тўзғита бошлади; ҳаво хиралашди, осмон гўё ерга яқинлашгандек кўринди. Жануб томонни қизғиш чанг-тўзон қоплаб олди. Шиддат билан осмонга кўтарилган чанг-тўзон бир неча минут ўтар-ўтмас қуёшни тўсиб қўйди. Қум бўронининг тезлиги ошаверди.

Ҳаво жуда дим бўлиб қолди. Ҳатто туялар ҳам нафас олишга қийналишарди. Теварак-атроф қорамтир-қизғиш тўзон ичида қолди. Шу он яна йиғига ўхшаш, ғалати овоз эшитила бошлади. Хуллас, қум бўрони ер юзидаги жамики мавжудотни сидириб олиб кетгудек бўлар эди.

Биз қандайдир офат яқинлашиб келаётганини сезиб, ваҳимага тушдик. Буни самум дейишга тилимиз келмас эди. Яқинлашиб келаётган машъум самумни худди қисматимизни кутаётгандек кутардик-у, аммо у билан курашишга ожиз эдик. Қум куйлай бошлаб, ярим соат ўтгач, табиатнинг энг даҳшатли ҳодисаси — самумнинг марказида қолдик. Энди мулойим куй тўстўполони чиқаётган қумларнинг шовқинига айланди. Бундай даҳшатли шовқинни бирон нарсага ўхшатиш қийин. Бу тўс-тўполон гўё мудҳиш афсонавий ҳайвон оғзидан чиқаёлган қум аралаш оловни эслатар, шовқиндан бепоён чўл ларзага келиб, қум тўфонига яна қум қўшилаётгандек бўларди. Туялар шамолга орқа ўгириб, бўйинларини чўзиб, гўё ерга сингиб кетаётгандек ётиб олишган эди.

Биз қулоқларимизга пахта тиқиб, бошимизни кийимларимиз билан ўраб, бурканиб, туяларнинг қоринбоғларини ушлаб, уларга ёпишиб олдик. Юрак ўйноғи бошланиб, нафас олиш жуда тезлашди. Бош қаттиқ сиқиб оғрир эди. Азбаройи ҳавонинг иссиқлигидан баданимизни босган тер бирпасда қуриб қоларди. Томоғимиз қақраб, худди чарм ёпиштириб қўйгандек туюлар, кўкрагимизга ҳаво етишмас эди. Бу қум тўфони билан бирга кўп ўтмай ажал ҳам етиб келадигандек туюларди.

Хайриятки, кўп ўтмай самум биздан узоқлашди. Икки соатлар чамаси вақт ўтгандан кейин чўлда об-ҳаво аслига қайтди. Биз қуёш нуридан ўзимизни эҳтиёт қилишимизга қарамай, юзларимиз ва қўлларимиз қизариб, шишиб кетди, лабларимиз ёрилди, баданимизга тошма тошиб, қичиша бошлади. Умуман, аҳволимиз оғир эди».

Самум табиатда бўладиган ҳодисаларнинг атиги биттасидир.

Вам может понравиться

Добавить комментарий