Чой ҳақида биласизми?

Чой одамларга жуда қадимдан маълум. Кишилар чойни дастлаб дори ўрнидагина истеъмол қилишган.

Бундан 5000 йил муқаддам ёзиб қолдирилган қўлёзмалардан бирида: «Чой кишининг руҳини кўтаради, юракнинг ишлни мулойимлаштиради, ҳордиқ чиқаради, тафаккурни жонлантиради, танани тозалайди ва энгиллаштиради, зеҳнни равшанлантиради», дейилган. Табиблар чойни қандай ичиш кераклигини ёзишган: «Бу ажойиб ичимликни осойишта ич, шундагина сен танангга озор берувчи ташвишларни енга оладиган даражада ўзингни тетик ҳис қиласан».

Тропик ва субтропик ўлкаларда чой дарахтининг бўйи 8 метргача боради. Ичиш учун мўлжалланган чой эса бутага ўхшаб ўсади. Чой кўриниши жиҳатидан бошқа доимий яшил буталардан фарқ қилмайди. Чой ўсимлигининг барглари тўқ яшил, гуллари оқ-пушти ранг бўлади. Бу ўсимликнинг мевасидан эмас, балки баргидан ичимлик чой тайёрланади. Унинг баргида кишини тетиклаштирадиган танин моддаси бор.

Терилган барглар чой фабрикаларига юборилади. Бу ерда улар сўлитилади ва махсус машиналарда буралади, юқори ҳарорат, сўнгра нам ҳавода ишлов берилади. Шундан кейин у қорамтир тусга кириб, хушбўй бўлади. Сўнгра чой махсус элакларда эланиб, навларга ажратилади.

Кўк чойни ҳам, қора чойни ҳам бк туп ўсимликдан тайёрлаш мумкин. Уларнинг бир-биридан фарқи ишлов бериш технологиясидадир.

Чой парваришталаб, нозик ва инжиқ ўсимликдир. У илиқ нам иқлимдагина яхши ўсади, аммо меъёридан ортиқ намликни ёқтирмайди. Ёш барглар ўз вақтида териб олинмай, ҳатто бир кун кечиктирилса ҳам чойнинг сифати ўзгаради.

Ҳозирги вақтда бир йилда дунё бўйича тахминан 800 минг тоннадан 1000000 тоннагача чой етиштирилади, шунинг учдан бир қисми Ҳиндистонга тўғри келади. Ҳиндистоннинг табиий шароити чой етиштириш учун қулай. Шунинг учун ҳинд чойи таъми жиҳатдан дунёда аъло сифат чой ҳисобланади. Шри-Ланка (Сейлон) чойи ҳинд чойидан кейинги ўринда туради.

Демак, дунё бўйича чой экиладиган мамлакатлар асосан Осиёда жойлашган. Бироқ шарқий Африкада ҳам чой ўсимлиги экилади. Жанубий Африкада, Бразилия, Парагвай, Уругвай, Аргентина ва Чили мамлакатларида мате «парагвай чойи» кэнг тарқалган. Мате — ўрмонларда ўзи ўсиб чиқадиган ўсимлик. Ҳозир мате плантациялари вужудга келтирилмоқда.

Россияга чой дастлаб Монголиядан 1638-йилда дори сифатида юборилган; Россияда чой ичиш ХVIII аср ўрталаридан бошлаб одат тусига кирган. 1833-йили Қримда, 1846-йили Гразияда (Сухуми яқинида) тажриба учун чой Экилган. Кавказнинг Қора денгиз соҳиллари табиий шароити жиҳатидан чой ўстириш учун қулай жой деб топилди. Ҳозир чой Грузиянинг Қора денгиз соҳилларида, Озарбайжоннинг Каспий денгизи соҳилларида ва Краснодар ўлкасида етиштирилмоқда.

Вам может понравиться

Добавить комментарий