Хурмо

Африка шимолидаги воҳаларда яшайдиган халқнинг асосий нон-насибаси хурмо ҳисобланади. Улар жазирама иссиқ кунларда хурмо дарахти соясидан баҳраманд бўлишади.

Хурмо дарахли шу ерлик халқнинг озуқага, қурилиш материалларига, қисқаси, кун кўриш учун зарур нарсаларга бўлган эҳтиёжларини қондиради. Саҳройи Кабирнинг айрим вилоятларида хурмо (меваси) ҳамон пул вазифасини ўтаб келмоқда.

Хурмо — парваришталаб дарахт. Араб халқида шундай бир нақл бор: «Хурмо чўл маликаси, унинг оёғи сувда, боши оловда». Хурмо учун нам ва салқин турпоқ билан бирга жазирама иссиқ, қуёшли кунлар зарур. Унга шундай шароит яратиб берилгандагина у кишилар меҳнатини оқлайди, уларга ўзининг тилладек меваларини инъом этади.

Хурмо дарахти танасидан ўсиб чиққан ўсимталарни олиб ўтказиш йўли билан кўпайтирилади. Шу тарзда экилган хурмо 4—5 йилдан кейин ҳосил бера бошлайди, 11 йилдан кейин камолга этади. Хурмо дарахтининг ҳар бир тупи йилига ўрта ҳисобда 40 килограммдан ҳосил беради ва тахминан юз йилгача ҳосил бериб туради. Баъзи хурмоларнинг ҳар тупидан 100 килограммгача ҳосил олинади.

Саҳройи Кабирда хурмо дарахти, одатда, апрел ойида гуллайди. Суғориладиган ерлардан унумлироқ фойдаланиш мақсадида айрим ҳолларда хурмо дарахтлари орасига ўрик, унинг тагига эса сабзавот экинлари экилади.

Саҳройи Кабирда барча хурмо дарахтларининг ҳосили тайин этилган бир кунда териб олинади. Ялпи терим «эълон» қилинмагунча ҳеч ким ўзининг шахсий мулки ҳисобланган дарахтнинг битта мевасини ҳам узиб ололмайди — ҳаққи йўқ; хурмони бевақт узган киши жазога маҳкум этилади. Воҳадаги тартиб-қоида шундай. Қабила бошлиқлари ёки маҳаллий ҳокимлар ҳосил йиғиштириб олинадиган кунни тайинлагач, бу ҳақда бутун мамлакат бўйлаб хабар қилинади. Белгиланган куни ҳамма ўзига тегишли хурмоларни битта қўймай териб олиши шарт. Териб олинган хурмолар хоналарнинг шипига осиб қўйилади. Хурмо осиғлик ҳолда бир неча ой, ҳатто йиллаб сақланганида ҳам мазасини ва хушбўй ҳидини йўқотмайди.

Жазирама иссиқ кунлари чўлда тангача соя топилмайдиган кезларда ҳамма ўзини хурмо соясига олади. Чўлда хурмо муқаддас мевадек азиз. Чақалоқнинг бешиги, келинчакнинг рўмоли хурмо билан безатилади. Хурмо япроқлари қадимги Мисрда ўзига хос календар вазифасини ҳам ўтаган. Роса бир ойда хураио барги қуриб тушади.

Хурмо мевасига тўйимлилиги жиҳатдан бирон-бир мева тенг келолмайди. Қуритилиб тахланган хурмони араблар «чўл нони» деб аташади. Хурмонинг таркибида 70% қанд, бир фоиз ёғ, 6% оқсил моддаси ва турли витаминлар бор. Араблар хурмодан ҳар хил таомлар тайёрлайди, турли тарзда овқатга солади. Улар, кўпинча арпа унига хурмо қўшиб нон пиширадилар, хурмо ширасидан шинни, баъзан «асал» ҳам тайёрлайдилар, хурмо дарахти баргларидан пишиқ ва қайишқоқ саватлар, бўйралар тўқийдилар, толасидан эса турли арқонлар эшадилар. Кекса хурмо дарахтлари қуриганида улардан қурилиш материали сифатида фойдаланилади.

Хурмонинг навлари жуда кўп: айримлари жуда қуруқ, бошқалари жуда ширали бўлади. Четга чиқариладиган хурмолар, одатда, бир ҳафтагача илдизида қуритилади. Улар секин-аста туршак бўла бошлагач, узиб олиб яшикларга, айрим ҳолларда махсус қопларга жойлаб Европа, Америка ва бошқа мамлакатларга юборилади. Қуритилган хурмо бир неча йилгача айнимайди. Хурмо, асосан, Африканинг шимоли ва Осиёнинг жануби ғарбидаги мамлакатларда етиштирилади.

Вам может понравиться

Добавить комментарий