Футшток – мезон

Хариталарда тепалик ва тоғларнинг баландлиги денгиз сатҳидан (юзидан) ҳисоб қилинишини биласиз. Аммо дунёда денгизлар кўп, уларнинг сатҳи ҳаво ҳарорати, босими, ер айланиши, шамоллар, қалқиш ва қайтиш сабабли бир текисда эмас. Ҳатто бир куннинг ўзидаёқ бир неча марта ўзгариб туради. Россия ҳудудидаги денгизлар сатҳи ҳам ҳар хил: Болтиқ денгизи юзидан Қора денгиз сатҳи 25, Беринг денгизиники эса 75 сантиметр паст. Австралиянинг шимолий қирғоғи билан жанубий қирғоғи орасида сув сатҳи икки метр тафовут қилади. Шунга қарамай, бирор таянч нуқтаси бўлиши керак эди. Ниҳоят, Болтиқ денгизи ва Фин қўлтиғидаги Кронштадт қафасининг сув юзаси шундай андаза учун танлаб олинган.

Денгиз бўйига битта узун темир тахтача ўрнатилган. Тахтачанинг 135 сантиметр қисми сув ичида, 350 сантиметри эса сувдан ташқарида кўриниб туради. Унда сувнинг суткада, ойда ва кўп йиллар мобайнида кўтарилиб-пасайиб туриши белгиланган ва ўртача ҳолати нол деб олинган. Шу сув ўлчагич рейка Кронштадт футштоги деб юритилади ва барча баландликлар ўшанга нисбатан ўлчанади. Хариталарда «денгиз сатҳидан баландлиги» ёзувини ўқиганда билингки, ҳисоб сиз ҳозиргина ўқиган Кронштадт футшогидан бошланган. Масалан, Тошкент 470, Коммунизм чўққиси 7495 метр баландликда, Каспий денгизининг қирғоғи эса 28 метр пастликда.

Чет элларда бошқа нол кўрсаткичлар қабул қилинган. Масалан, Франсияда ўртаер денгизи бўйидаги Марсел футштоги, Голландияда Амстердам футштоглари денгиз сатҳидан баландликни ўлчаш мезони ҳисобланади.

Океан сатҳининг ҳолати Ернинг сунъий йўлдошларидан кузатиб ўлчанганда жуда ҳам нотекис эканлиги аниқланди. Океан сиртида катта-катта (эни бир неча километрга ёйилган) сойликлар ва дўнглар бор экан. Масалан, Ҳиндистон ярим-оролининг жанубида, экватор атрофида океан сувининг юзи 112 метр чўккан, Гренландия ва Европа ўртасидаги сув 68 метр кўтарилиб туради. Бундай ҳолатнинг сабаби — Ер тар-кибидаги қаттиқ жинсларнинг турлича жойлашгани, ядро нақ-марказда бўлмай, бироз четроққа сурилгани, оғирлик кучи ҳар жойда турлича бўлгани деб фараз қилинмоқда. Айни вақтда океан чуқурликларида сув зичлигининг турлича эканлиги ҳам сув юзидаги нотекисликка сабаб бўлиши мумкин.

Умуман, дунё океанининг сатҳи асрлар давомида турғун бўлмаган. Иқлим совиган даврларда музликлар кўпайиб, талай сув яхлаб қолиши натижасида океан суви ҳозиргидан 100 метргача пасайган, иқлим исиган даврларда эса музлик-лар ериши билан океан суви яна кўпаяверган бўлиши ҳам мумкин.

Вам может понравиться

Добавить комментарий