«Фиръавнлар қарғиши» сири

«Миср ҳукмдорининг мақбарасига кирган ҳар бир одам ўзини ўлимга маҳкум этади» каби ваҳимали ва машъум гап-сўзлар ўтган асрдаги археологик топилмалардан сўнг, айниқса, кенг тарқала бошлаган. Ҳар ҳолда 1922 йили инглиз тадқиқотчиси Говард Картер томонидан топилган фиръавн бола – Тутанхамон даҳмасига айнан шу «Фиръавнлар қарғиши» номи берилган. Ўшанда илмий экспедициянинг кўплаб иштирокчилари (20 нафардан ортиғи) сағанадаги ишлардан сўнг сирли ҳолатларда бирин-кетин ҳалок бўлишган. Ҳукмдорлар қарғиши фақат Говард Картерга тегмаган, холос, сабаби 1930 йилга келиб экспедиция қатнашчиларидан биргина у ҳали ҳаёт эди.

Шундан сўнг, пирамидалар ҳақида бир биридан ваҳимали афсоналар тўқила бошланди. Бироқ 1962 йилнинг ¬ноябр ойида Қоҳира университетининг биология ва медицина бўйича профессори Азизиддин Таха пирамидаларни қазиш ишларида иштирок этган одамларда нафас олиш йўллари яллиғланишини келтириб чиқарувчи вирус аниқланганлигини маълум қилди. Фиръавнлар мўмиёларини текширувдан ўтказгач эса, бу турдаги яна кўплаб бактерияларни топди, дарвоқе, унинг фикрича, ушбу замбуруғларнинг баъзилари 4 минг йилгача ҳам умргузаронлик қилиши мумкин экан. Тадқиқотлардан сўнг олим «фиръавнлар қарғиши»га осонликча антибиотиклар ёрдамида барҳам бериш мумкинлигини ишонч билан айтди. Вирус нега битта Говард Картерга таъсир этмай қолган, деган саволга у қуйидагича жавоб берди: «Бу тадқиқотчи ҳаммадан ҳам кўп вақтини пирамидалар қад ростлаган Ҳукмдорлар водийсида ўтказган. Археологик қазилма ишлари давомида у бошқаларга нисбатан ўша ердаги ҳаводан кўпроқ нафас олган, шу сабаб унинг организмида аста-секинлик билан бактерияга қарши мустаҳкам иммунитет шаклланган».

Марказий Африкадаги Порт-Елизабет шифохонасида фаолият юритган тиббиёт олими Жоффри Дин кўп сонли ўлим ҳолатларига олиб келган вазиятнинг сабаби кўршапалак чиқиндилари чириши натижасида пайдо бўлган заҳарли замбуруғ чангида эканлигини айтган. Бундай хулосага келишга туртки бўлган воқеа шундай рўй берганди: шифокор ишлайдиган касалхонага қитъа ғорларидаги кўршапалак чиқиндиларини ўрганаётган геолог Жон Уилз оғир аҳволда олиб келинади. Доктор Дин олдин ҳам бу каби ҳолатларга дуч келганди, чунки Жанубий Америкада инк қабилалари яшаган ғорларни ўрганишда тадқиқотчиларда Жон Уилзда кузатилган касаллик белгилари бўлган. Ўшанда беморларда касалликни келтириб чиқарувчи ва кўршапалаклар чиқиндиларида бўладиган гистоплазмолис вируси аниқланган. Шу тариқа, 1956 йили Жоффри Дин бу касалликка «ғор хасталиги» номини берди, бу йўл билан «фиръавнлар қарғиши» воқеасига нуқта қўйишга ҳаракат қилди. Айтганча, Жон Уилзни у охир-оқибат соғайтириб юборди, шунингдек, мингйиллик тарихга ега касалликни ҳам илмий асослаб берган дастлабки инсонлардан бирига айланди.
Улардан ташқари қатор мутахассислар қадимда мисрликлар ўзларининг муқаддас қадамжолари, яъни мақбараларга кириб, уларни таҳқирлайдиган инсонларга қарши радиоактив ва бошқа шу каби турли токсинлар (заҳарли моддалар) ишлаб чиққанлиги ҳақида гапиришдан чарчашмайди. Мазкур мавзуга бағишланган юзлаб, минглаб илмий тадқиқот ишлари мунтазам равишда эълон қилиниб борилади.

манба: http://turfaolam.uz/

Вам может понравиться

Добавить комментарий