Филлар инсон хизматида

Фил — қуруқликда яшайдиган энг улкан ҳайвон. Фил ташқи кўриниши, ғалати табиати билан бошқа ҳайвонлардан кескин ажралиб туради.

Фил кўринишидан беғам, қўпол ва бесўнақай бўлсада, аслида зийрак, ҳушёр ва табиати нозик ҳайвондир. Фил гавдасининг баландлиги 3,5 метргача, оғирлиги 4,5 тоннагача боради. Хартуми — филнинг ҳидлаш, сезиш ва ушлаш аъзосидир.

У хартуми ёрдамида беш километр наридаги ҳидни сеза олади. Фил оғзига озуқани хартуми билан узатади. У хартумига 10—20 литр сувни тортиб олади-да, кейин оғзига қуйиб ичади, хартумига сув олиб ўзини чўмилтиради.

Фил хартумида йўғон-йўғон ходаларни ўйинчоқдай кўтаради. Хартум ичида бармоқларга ўхшаш тармоқчалар ҳорки, фил улар ёрдамида ердан жуда майда нарсаларни, ҳатто ўтлар орасидан игнани ҳам топиб олади.

Фил хартуми билан уриб одамни олдириши, йўлбарсни эса майиб қилиши мумкин.

Филлар бир-бирини яхши кўрганида хартуми билан қучоқлашади, ўпишади. Урғочи фил боласини хартуми билан эркалайди ва силайди.

Филлар 70-80 йил умр кўради. Улар 18-20 ёшида балоғатга этади. «Севишган» филлар дастлаб алоҳида яшайдилар. Урғочи фил ҳомиладор бўлгачгина подага қайтиб келади. Шундан кейин уни кекса, тажрибали урғочи фил назорат қилиб юради. 22 ой деганда филнинг кўзи ёрийди. Чақалоқ филнинг банландлиги 1 метр, оғирлиги 90 килограмм келади. У туғилиши биланоқ тик туради, юриб кетади, кўп ўтмай шўхлик қилиб ўйноқлай оладиган болади.

Умуман, она фил боласига жуда меҳрибон бўлиб, уни доимо назорат қилади.

Фил кўринишидан қўпол бўлсада, дарахтлар орасидан эпчиллик билан ўтади. Фил юрганда чангалзорда на баргларнинг шитирлаши ва на шох-шаббаларнинг овози эшитилмайди. Фил юрган йўлдан оҳу юрганда ҳам овоз чиқиши мумкин. Фил шундай эҳтиёткор ҳайвон.

Филлар иштаҳали махлуқдир. Ҳинд фили кунига 250 килограммгача озуқа ейди. У, асосан, ўсимликлар: дарахтларнинг барглари, шох-шаббалари, пўстлоғи, мевалари, бамбуклар ва ҳар хил ўтлар билан озиқланади.

Қуруқликда яшайдиган ҳайвонлар ичида сувга энг ўчи филдир. Битта фил кунига 100—200 литр чамаси сув ичади. Сувни кўрдими, ўтиб кетолмайди. Дарҳол сув ичади, ювинади, чўмилади. Фил сувда роҳатланиб, мириқиб чўмилишни ёқтиради. Бесўнақайлигига қарамай, сувда яхши сузади, устидаги юклари билан ҳам дарёдан сузиб ўта олади.

Фил ҳамиятли ҳайвон ҳисобланади. Бирон фалокат рўй бергудек бўлса, улар бир-бирларига кўмаклашадилар. Фил жароҳатланса ёки хасталанса, шериклари уни хартуми ва тишлари билан оёққа турғизиб, суяб, хавф-хатарсиз жойгача элтиб қўядилар.

Филлардан бири чуқурга тушиб. кетгудек бўлса, шериклари уни чуқурдан чиқариш пайида бўладилар: хартумлари билан тортиб олишга уриниб кўрадилар, бунинг иложи бўлмаса, чуқурнинг бир чеккасини тишлари билан ўйиб нишаб қиладилар; хуллас, иложини қилиб шерикларини чуқурдан қутқариб оладилар. Кунлардан бир куни Ҳиндистонда филлар подасининг бошлиғи — сардори тепалик-дан темирйўл изига ағдарилиб тушган. Бошқа филлар ввни қутқармоқчи бўлиб темирйўл атрофида тўдалашиб қолишган. Натижада поездлар қатнови 4 соатга тўхтаб қолган. Ҳар бир фил подасининг сардори бўлади.

Филларнинг хотираси жуда яхши. Улар ўзини қизиқтирган ёки кучли таассурот қолдирган нарсаларни, воқеаларни бир неча йилгача эсларидан чиқармайдилар. Филни жабрласангиз, у буни асло унутмайди. Кўп марта озор берган кишидан фил қасос олиши ҳам мумкин. АҚШдаги Голливуд кинокомпаниясида бир қўпол оператор кинога олаётганида филга бўлар-бўлмасга озор бераверган. Бир куни суратга олаётган пайтда оператор филнинг хартумига оёгғи билан бир неча марта тепган. Кўпдан буён озор еб келган фил ортиқ чидолмай, операторни хартуми билан даст кўтариб дарахтга қисиб қўйган. Операторнинг икки қовурғаси синган, Фил инсоф қилган, у операторни мажақлаб ташлаши ҳам мумкин эди.

Фил бирон кимсага меҳр қўйса, уни ҳеч ёдидан чиқармайди. Ичиб маст бўлган эгасини уйига эсон-омон элтиб қўядиган, бола боқадиган филлар ҳам бор.

Фил, умуман, ювош ҳайвон. Аммо жазаваси қўзиса… қилғиликни қилади. Масалан, Ҳиндистондаги қишлоқлардан бирига 50 тача ёввойи фил ҳужум қилиб, деҳқонларнинг уй-жойларини вайрон, экинларини пайҳон, одамларни ҳалок қилганлиги, Африканинг Чад мамлакати жанубида эса филлар жуда катта пода ҳўлиб деҳқонлар даласига бостириб кирганлиги, икки қишлоқдаги икки минг гектар экинни пайҳон қилганлиги маълум. Ҳиндистоннинг Ғарбий Бангол вилоятида ёввойи филлар ҳужумидан 1973-йилда 14 киши, 1974-йилда 19 киши ҳалок бўлган. 1974-йилдаги феллар ҳужуми дастидан 250 дан ортиқ уй вайрон бўлган. Филлар кўпроқ оч ва сувсиз қолганларида қишлоқларга ҳужум қилишади. Бирмада филлар ҳужум қилиб паровозни ағдарган, деган гап ҳам тарқалган эди.

Ер шарида филларнинг икки тури мавжуд, булардан бири ҳинд фели. У Осиёда: Ҳиндистон, Бангладеш, Бирма, Таиланд, Ветнам, Суматра ва Шри-Ланкада яшайди. Иккинчиси — Африка фели — Африканинг саванна ва нам экваториал ўрмонларида яшайди Ҳинд филлари Африка филларига нисбатан анча “ювош, жуда  меҳнаткаш, юмушкор бўлади, қўлга тез ўрганади. Ҳинд фили тишининг узунлиги 1—1,5 метр келади. Урғочи филнинг узун тиши бўлмайди.

Африка филлари жуда бадфеъл, одамга ўрганиши қийин. Ҳинд филидан йирикроқ, қулоғи катта — шалпангқулоқ, тишлари анча узун (узунлиги 3—4 метр, оғирлиги 100 килограмм) келади; урғочи филнинг ҳам узун тиши бўлади.

Африка фили ухлаганида ётмайди. У туш пайтида катта дарахтга суяниб мудрайди ёки ухлайди. Филлар ҳар гал овқатланганидан кейин ярим соатча мизғиб олади. Улар ухлаган пайтида ҳам хатарли ҳидни ўз вақтида сезиб олиш учун хартумини юқори кўтариб туради.

«Фил сичқондан қўрқади, чунки сичқон филнинг хартумига кириб кетармиш», дейишади, шу тўғрими? Бу, нотўғри. Фил хартумига сичқон киришидан қўрқмайди. Мабодо сичқон филнинг хартумига киргудек бўлса, уни чирпирак қилиб туфлаб юборади. Лекин «фил сичқондан қўрқади» деган иборанинг замирида ҳақиқат бор. Фил забардаст, аммо табиати, асаби нозик махлуқ. У қитирлаган товушга чидаб туролмайди. Сичқон ва каламушларнинг нарсаларни қитирлатиб кемириши филни асабийлаштириб юборади, жазавасини қўзғатади.

1947-йилда Москвадан Киев ҳайвонот боғига бир нечта ҳайвон билан бирга фил ҳам поездда жўнатилади. Поезд йўлдаги бекатлардан бирида бир неча кун туриб қолади. Фил алоҳида вагонда оёқлари вагон полига занжир билан маҳкамланган ҳолда келтирилаётган эди. Фил негадир ғазабга келиб, вагон тахталарини кўчириб ташқарига ота бошлайди, қўшни вагонда қафас ичида ётган бўрини, сўнгра йўлбарсни қафаси билан улоқтириб ташлайди. Йўлбарс қафасдан чиқиб кетади… Буларнинг ҳаммасига каламуш сабабчи бўлган; унинг фил олдидаги қолдиқ озуқани қитирлатиб кемириши филнинг жаҳлини чиқарган, асабини бузган.

Филларнинг махсус мозори бўлар экан, деган ривоятлар тарқалган. Қимматбаҳо фил суяклари деб фил мозорларини ахтарган, уларни тополмай сарсон бўлган кишилар оз эмас. Шри-Ланкада яшайдиган халқларнинг айтишича, фил ҳаётининг сўнгги кунларида ўрмонга кириб кетиб батамом ғойиб бўлар эмиш. Африкаликларда ҳам шунга ўхшаш ривоятлар бор.

Тадқиқотчилар ва сайёҳларнинг фикрича, филлар қариб қолганидан кейин дармондан кетади, мускуллари бўшашади. Бемажол фил лой ёки ботқоқликларга ботиб шу ерда қолиб кетиши, тимсоҳларга ем бўлиши ҳам мумкин. Бирор сабаб билан ўлиб қолган филни подадаги шериклари ерни кавлаб кўмиб кетган ҳоллар ҳам бўлган.

Фил суяги қимматбаҳо ҳисобланади. Фил суягидан катта даромад олишни дастлаб араблар бошлаб берган. 1900-йилда фил суяги билан савдо қилиш ҳинд савдогарлари қўлига ўтади. Фил суягидан ҳар хил зийнат буюмлари, зирак, маржон, пичоқ, ҳайкал, қўғирчоқ ва мусиқа асбоблари ясалади. Одамлар фил тиши, фил суяги учун қанчадан қанча филларни қириб юборишган.

Фил — одамларга эл бўладиган махлуқ. Филларни хонакилаштириш Ҳиндистонда жуда қадим замондан расм бўлган. Филлар қадимдан инсон хизматида. Искандар Зулқарнайн Ҳиндистонга юриш қилганида филлар жангга солинган. Улар саф тортиб, оғир танклардек бостириб бориб ёвга даҳшат солган, ҳайбатли филларни кўрган душман тумтарақай қочган.

Чангалзорларда йўл очиш, хода-ёғоч ташиш, оғир ишларни қилишда фил тенги йўқ ҳайён. Одамлар шу мақсадда, воввойи филларни тутиб қўлга ўргатишган.

Филни тутиш усули бир неча хилдир. Биз шуларнинг бир хилинигина айтиб бермоқчимиз. Жанубий Ҳиндистонда мана бу усул қўлланилади: филлар кўпроқ юрадиган жой аниқланади. Улар ўтадиган йўл устига энини ва бўйини 3 метрдан қилиб ўра қазилади, ўранинг чуқурлиги 4 метр бўлади. ўранинг усти шох-шабба билан омонат ёпилади, устига бироз тупроқ ташланади.

Филлар инсон хизматида. ўрага йиқилиб тушганида фил шикастланмаслиги учун ўра тубига қалин қатлам қилиб барг солинади.

Фил овловчилардан бир нечтаси четда пойлаб ётади. Ўрага фил йиқилиши биланоқ улар зудлик билан тегишли одамларга хабар беради. Одамлар кўпчилик бўлиб йиғилишади. Шеригини қутқариш пайида юрган бошқа ёввойи филлар милтиқ отиб, шовқин кўтариб ҳайдаб юборилади. Фил чуқурдан чиқишга уринади, лекин махсус ўргатилган филлар унинг чиқишига йўл қўймайди, 18 соат шундай давом этади. Бу вақт ичида фил чиқишга уринавериб чарчайди, ҳолдан тояди. Ана шундан кейин филга сиртмоқ солинади. Чуқурнинг бир чети қия қилиб ўйилади ёки чуқурга йўғон ходалар ташланади. ўргатилган филлардан иккитаси чуқурдан филни тортиб чиқаради. Шу тарзда тутилган фил белгиланган жойга жўнатилади. Агар чуқурга филнинг боласи тушган бўлса, она фил ҳар қанча ҳайдашса ҳам чуқурдан нарига кетмайди, унинг атрофида кун бўйи «йиғлаб» юради…

Фил мулойим ва хушмуомала, одамохун ва итоатгўй бўлиб, анча оғир ишлами бажаради. Филлар айрим ҳолларда замонавий техника ўрнини ҳам босади: чакалакзорларни тозалайди, тўнкаларни суғуради, йўлларни текислайди, оғир юкларни кўтаради, вагонларга юк ортиб-юк туширади, лойга ботиб қолган машиналарни тортиб чиқаради, юк ва одам ташийди. Катта дарёларга кўприк солиш, йўл қуриш ва ер ҳайдаш ишларида ҳам филлардан фойдаланилади. Улар ҳар қандай ноқулай шароитда ўтиш қийин бўлган чангалзорларда ҳам, ботқоқликда ҳам ишлайверади. Чангалзорда ёғоч ташиш осон иш эмас, аммо фил ўрмонда оғирлиги бир-икки тонна келадиган ёғочларни бемалол судраб кетаверади.

Филлар хотираси яхши бўлганлигидан узоқ масофаларга бориладиган йўлларни яхши эслаб қолади. Борилган йўлдан ўзи, адашмай манзилига қайтиб келолади. Фил жами 60—70 хил иш ҳажариши мумкин. Бир иш кетидан иккинчисини ўзи бажараверади.

Филлар махсус «мактаб»ларда ишга ўргатилади, сўнгра ишга йўлланма олади. «Диплом»ли тажрибали юк ташувчи филларнинг баҳоси 20 минг рупиягача боради. Бошқа оддий филларнинг баҳоси эса 4—5 минг рупиядан ортмайди. Ҳозир Шри-Ланканинг ўзида 10 мингдан ортиқ ишчи фил бор. Шри- Ланкада филлар «мактаби» бор. «Мактаб»га 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган филлар қабул қилинади; бу ёшда филлар қобилиятли, идрокли ва хотираси ўткир бўлади. Ёши ўтган, масалан, 30 яшар филнинг зеҳни пасайган бўлиб, муаллимларини қийнаб қўйиши мумкин. «Мактаб»да ўқишни уддалай олмаган филлар ўрмонга ҳайдаб юборилади. Филларга «мактаб»да икки хил баҳо қўйилади: «қониқарли» ва «қониқарсиз». Филларнинг «мактаб»да ўрганадиган «фан»лари: гимнастика, дала ишлари, оғир юк ташиш, филбон билан муомала қилиш, тўнка суғуриш ва филлар ахлоқи. Филлар сувни яхши кўришини назарда тутиб, улар ҳар куни икки соат чўмилтирилади. Ҳар куни чўмилтириб турилмаса, уларнинг «дангаса» бўлиб қолиши, танбаллик қилиши ҳеч гап cмас.

Фил, одатда, шовқинни ёқтирмайди. Тўсатдан эшитилган шовқиндан филлар саросимага тушиб, ўзларини бошқаролмай қолади. Шундай вақтда улар ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиши, одамларни шикастлаши мумкин. «Мактаб»да филлар мунтазам равишда шовқин эшиттириб чиниқтирилади. Кейинчалик улар поезд, юк машиналарининг шовқинини писанд қилмайдиган бўлиб қоладилар.

Ўргатилган филлар кундузи ишлайди, тунда эса жамоаси билан ҳирга бўлади. Филлар ёлғизликни ёқтирмайди.

Фил — жуда ақлли ҳайвон. «Мактаб»ни битирган фил филбоннинг ҳар хил буйруғини дарҳол тушуниб, уни бажаради, филбоннинг қўлидан тушиб кетган буюмларни ҳам олиб беради.

Диний маросимларда қатнашувчи одамлар ўз атаганларини одатга кўра сочиб юборадилар. Фил сочилган тангаларни битта қўймай териб олиб эгасига топширади.

«Мактаб»да ҳар филга битта муаллим тайинланади. Филга овқат бериш, уни ювинтириш ҳам шу муаллим зиммасида болади. «Мактаб»да фил эстетик тарбия ҳам олади. Шунинг учун «маълумотли» фил ёқимли мусиқани завқланиб тинглайди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий