Фаразлар, фаразлар…

Кўҳна маконимиз — Ернинг ҳали очилмаган сир-асрори жуда кўп. Атмосферада, океанларда ва ўсимлик, ҳайвонот оламида инсон учун жумбоқ қонуниятлар сон-саноқсиз.

Жумладан, Ер сайёраси пайдо бўлганига 4 миллиард 600 миллион йилдан ошди. Аммо Ер қадим замонларда қандай ҳолатда эди?

Қутблар ҳам ўз жойида турмаяпти. Демак, шаҳарларнинг географик кенглик ва узунликлари (координаталари) ҳам ўзгариб бораяпти…

Каспий денгизининг сатҳи пасайган…

Жомолунгма чўққиси аста-секин бўй чўзмоқда…

Бундан 30 йилча муқаддам хариталарда Етна вулқонининг (ўртаер денгизидаги Сицилия оролида) баландлиги 3263 метр деб кўрсатилар эди. Вулқон 1961-йилда 3399 метр бўлиб қолди. 1975-йилда 3500 метрга етди. Демак, вулқон ҳар йили саккиз метрдан ўсмоқда.                                                                                                                                                                                     Ўрта Осиё тоғларининг ўрнида бундан 60 миллион йил муқаддам каттагина денгиз бўлган экан. Тоғлар қад кўтара бошлаган-у, жанубдан есган муссон шамолларининг йўли тўсилган. Денгиз чекинган, нам илиқ иқлим аста-секин қурақ-лашган. Тропик ўрмонлар ва ўтлоқлар ўрнида чўл ҳамда даштлар пайдо бўлган…

Ернинг сунъий йўлдошлари олиб борган текширишлар натижасида геологик тарихга доир янгиликлар аниқланди: бундан 250 миллион йилча муқаддам Атлантика океани ҳосил бўлиб, Европа-Африкадан Америка қифаси ажралган.

Шу қифалар ҳар йили бир-биридан икки сантиметрдан узоқлашиб кетмоқда.

Қитъаларнинг бошқа томонлари ҳам тобора силжимоқда… Арабистон яримороли билан Африка қирғоқлари, Осиё билан Австралия оралиғидаги масофа кенгайиб бормоқда… Буларни билиб етгунга қадар одамлар ҳар хил хаёлга боришди, турлича изоҳлаб кўришади, тахмин ва фаразлар қилишади, мунозаралар қизиб кетади.

Материклар кўчманчими? Ер шаридаги яхлит қуруқликлар материк дейилади. Бир гуруҳ олимлар Ердаги материклар азалдан шу ҳолатда, айрим-айрим пайдо бўлган, фақат бир баландлашиб, бир чўкиб, гоҳ сув босиб, гоҳ кўтарилиб туради, деб фараз қилишади. Буни фанда фиксизм фарази деб аталади.

Кўпчилик олимлар эса, аксинча, материклар доимо ҳаракатда, силжиб, кўчиб туради, деб фараз қиладилар. Буларни мобилизм тарафдорлари деймиз. Исботи тариқасида Европа-Африка материкларининг ғарбий қирғоқлари Американинг шарқий қирғоқларига мос келишини айтишади.

Ҳиндистонда нодир моллускаларнинг икки турини кўл ичидан топишган. Худди шу хил моллускалар Танганка кўлидагина маълум эди. Бу мисол ҳам Ҳиндистон ва Африканинг туташ бўлганидан далолат беради. Шунингдек, бир турдаги ҳайвонларнинг суяклари Европада ҳам, Шимолий Америкада ҳам топилган…

Айрим олимларнинг фаразича, жанубий материклар — Африка, Ҳиндистон, Жанубий Америка, Антарктида ва Австралия бундан 250 миллион йил муқаддам битта яхлит қуруқлик бўлган. Уни шартли равишда Гондвана деб аташади ҳам. Бу гуруҳдаги олимлар материкларда бир хил қазилма ўсимликлар ва ҳайвонлар топилганлигига асосланмоқдалар.

Антарктида материги дастлаб экватор яқинида бўлган-у, йилига бир неча қаричдан силжиб, ҳозирги жойига етиб келган, деб тахмин қилинади…

Ер ядроси қаерда? Венгриялик академик Дъёрд Барта кўп йиллар мобайнида сунъий йўлдошларнинг Ер теварагида айланиш йўлини кузатиб, фандаги мавжуд назарияга зид бир фаразни олға сурмоқда. Унинг фаразича, Ернинг ядроси қоқ марказда бўлмаган, балки Австралия томонга 450 километр сурилган. Ядро доимо у ёқ-бу ёққа, кўпинча ғарб томонга силжиб туради. Бунинг натижасида тоғлар кўтарилади, Ер юзининг релефи ўзгариб туради. Демак, бўлажак ўзгаришларни ҳам олдиндан айтиш мумкин…

Атлантида қаердалигини биласизми? Қадимги грек олими Афлотун (Платон) аллақандай афсонавий Атлантида мамлакати тўғрисида ривоят қилган. Денгиз ҳокими Посейдоннинг катта ўғли Атлант исми билан аталган орол шу мамлакатнинг ўртасида бўлган эмиш. Гўё унинг маданияти юксак, замини маҳсулдор ва аҳолиси баҳодир (атлант) бўлган-у, бироқ қўққисдан қаттиқ зилзила юз бериб, оролни океан ютиб юборган эмиш.

Афлотундан кейин икки ярим минг йил ўтибдики, Атлантида қаерда бўлган, ғойиб бўлишининг сири нимада, эҳтимол, умуман йўқдир, деган саволлар жумбоқлигича қолиб келяпти.

Тарихнавис, археолог ва географ олимлар, ёзувчилар ва жуда кўплаб ишқибозлар Атлантиданинг ўрнини тахмин қилиб кўрдилар. Орол ўрни Африканинг ғарбида, Марказий Америкада, ҳатто Эронда, Кавказда, Монголияда бўлган деб тахмин қилишди.

Энг сўнгги текширишларга кўра Атлантида ороли Грециянинг жанубидаги Крит ороли яқинида денгиз тубига чўккан бўлса керак. Ундан фақат Санторин вулқонигина кўриниб туради. Геолог ва археологларнинг қазишлари ва топилмалар шу атрофда ҳақиқатан ҳам ҳалокатли зилзила рўй берганини исботламоқда…

2050-йилда ер юзи аҳоли сони 9 миллиард кишига этади, деб тахмин қилинмоқда.

Америкалик фантаст ёзувчи Айзек Азимов ваҳимали ҳисоб-китоб қилди: 3500-йилга бориб ер юзида аҳоли шу даражада кўпаядики, ўшанда одамларнинг оғирлиги Ернинг оғирлигига тенглашармиш…

Япония ҳудудининг 80 фоиз майдони ўнқир-чўнқир, тоғлик ва вулқон тепаликларидан иборат. Пастак ва текис ерлар жуда кам. Ҳозир японлар ўз ер майдонларини икки марта кенгайтиришни мўлжаллашмоқда. Тоғларни ағдариб, денгизнинг саёз жойларига суриб туширилса, янги яримороллар пайдо бўлар эмиш. У ерларда турар жойлар, заводлар қурса бўлади, шоли ва сабзавотлар етиштирса бўлади. Мўлжал амалга ошса, 100—150 йил мобайнида Япония теп-текис мамлакатга айланиб кетади. Албатта, ҳамма тоғлар текисланса ҳам, барибир, уларнинг муқаддас тоғи Фудзияма қўриқхонадай сақланса керак…

Вам может понравиться

Добавить комментарий