Улкан дарахтлар мамлакати

Дунёдаги энг баланд дарахтлар қаерда ўсади? Улар – Америка Қўшма Штатларида. АҚШнинг дунёда тутган ўрнини эса мутахассислар кўп жиҳатдан унинг ҳудудида ўсадиган баландлиги 110 метр, баъзиларининг ҳажми 1,5 минг м3 бўлган улкан дарахтлар-секвойяларга қиёслашади. Мамлакат умумий майдонига кўра (9,51 млн. кв.км) дунёда тўртинчи, аҳолисининг сони бўйича эса (311 млн.киши) учинчи ўринда туради.

АҚШ ҳудуди шимолда Канада (8893 км), жанубда Мексика (3326 км) билан чегарадош. Тинч ва Шимолий Муз океанини ту-таштирувчи, кенглиги 80 км. дан ошадиган Беринг бўғизи мамлакатни Россиядан ажратиб туради. Ғарбда Тинч океани, шаркда Атлантика океани, шимолда (Аляскада) Шимолий Муз океани қирғоқларини ювиб туради. Қирғоқ чизиғининг узунлиги -19924км.

АҚШ 1776 йилда ташкил топган ва 1787 йилда мамлакат Конституцияси қабул қилинган.

Мамлакат табиати хилма-хил ажойиботларга бой. Рельефини бир нечта алоҳида қисмларга ажратиш мумкин. Жумладан, шарқда Атлантика океани қирғоғи бўйлаб Аппалачи тоғлари тизими чўзилиб кетган. Аппалачидан ғарбда ер юзи бирмунча текисланиб, мамлакатнинг йирик дарёлари оқадиган пасттекисликларга уланиб кетган. Сўнг АҚШнинг прериялар деб аталадиган Буюк текисликлари аста-секин мамлакат ғарбида шимолдан жанубга қараб чўзилиб кетган Кордильера тоғларига уланиб кетади.

  Улкан секвойя дарахти.

Алясканинг катта қисмини Шимолий Кордильера тоғлари эгаллайди. Гавай штати бир нечта вулқон оролларидан ташкил топган. Мамлакатнинг ғарбий қирғоқлари Тинч океан вулқон-оловли ҳалқасига киради ва бу ерда қатор ҳаракатдаги вулқонлар мавжуд. Мамлакатнинг энг баланд нуқтаси Аляскадаги Мак-Кинли тоғи -6193 метр, энг паст нуқтаси Калифорниядаги Ажал водийси – денгиз сатҳидан 85,5 метр пастда.

АҚШ ҳудудидаги дарёлар тўртта – Тинч, Атлантика ва Шимолий Муз океани ҳамда берк ҳавза дарёларига бўлинади. Тинч ва Атлантика океани дарёлари ўртасидаги сувайирғич Кордильера тоғларидан ўтган. Шимолий Муз океани ҳавзасига эса фақатгина Аляскадаги бир неча дарёлар киради. Катта ҳавзага кирувчи кўл ва дарёлар берк ҳавзани ташкил этади. Бу ердаги энг йирик кўл – Катта шўр кўлдир.

Мак-Кинли тоғи.

Мамлакатнинг энг йирик кўллари – Буюк кўллар унинг шимолида жойлашган. Юқори, Гурон, Мичиган, Эри ва Онтарио кўлларининг умумий майдони 245,2 минг кв.км, сув сиғими эса -22,7 минг куб км. Мазкур кўлларнинг барчаси бир-бири билан дарё ва каналлар орқали ўзаро туташган. Мексика қўлтиғига қуйиладиган энг йирик дарё – Миссисипи АҚШдаги энг йирик дарё ҳавзасини ҳосил қилади. Колумбия ва Колорадо – АҚШ ғарбидаги энг йирик дарёлардир. Колорадо дарёси ўз оқими бўйлаб дунёдаги энг йирик ва чуқур дара – Катта Каньонни ҳосил қилган.

Ҳудудининг катталиги ва рельефининг хусусиятларига боғлиқ равишда АҚШда турли-туман иқлим турларини кўриш мумкин. Мамлакатнинг 40-параллелдан шимолда жойлашган катта қисми мўътадил иқлим минтақасига киради. Жануброқда субтропик иқлим мавжуд, Гавай ороллари ва Флориданинг жанубида тропик, узоқ Аляскада арктик иқлим устун. Бундан ташқари, Буюк текисликларнинг катта қисмида чўл ва чала чўл, Калифорниянинг баъзи ҳудудларида Ўрта денгиз иқлим тури мавжуд. Мамлакат ҳудудларидаги ҳарорат ўртасидаги фарқ жуда катта. Аляска тундрасида энг паст ҳарорат -62°С кузатилган. Энг юқори ҳарорат +56,7°С Калифорниянинг Ажал водийсида кузатилган. Бу Саҳрои Кабирдаги Ливия чўлида кузатилган дунёдаги энг юқори ҳароратдан 1°С паст.

Ёғинлар бўйича АҚШ ҳудудида баъзи бир рекордларни кузатиш мумкин. Гавай оролларининг баъзи қисмларига 11,5 минг мм ёғин ёғса, Мохаве чўлида 60 мм ёғади. 1998-1999 йилларнинг қишида Вашингтон штатининг баъзи бир тоғ-чанғи курортларида 29 метргача қор ёққан.

АҚШ ҳудудида аҳоли қадимдан яшайди. Пенсильвания университети олимларининг фикрича, мамлакат ҳудудига илк аҳоли ҳиндуларнинг авлодлари 20-25 минг йил илгари Олтой ўлкасидан Аляска орқали ўтиб келган. XVII асргача, яъни европаликлар ёппасига Америкага кўчиб келгунига қадар, ерли аҳоли – ҳиндулар, шимолда – алеутлар ва эскимослар мамлакат аҳолисининг асосий қисмини ташкил этган.

Ҳозирги вақтда Гавай оролларидан ташқари барча штатларда европаликларнинг авлодлари устун. Қадимда аҳолининг асосий қисмини ташкил этган алеутлар, ҳиндулар, эскимосларнинг сони ҳозирда бир фоиз, яъни 3 млн. кишига яқин.

Алеутлар.

Европадан жуда кўп сонли иммигрантларнинг келиши натижасида, XVIII-XX асрлар давомида аҳоли сони жуда тез кўпайган. 1790 йилда АҚШ ҳудудида 4 млн. киши истиқомат қилган, аҳоли сони XXI асрнинг бошларига келиб 75 баробарга кўпайган. Евро-паликлар аҳолининг учдан икки қисмини, африкаликлар, Лотин Америкаси, Осиё мамлакатларидан келганларнинг авлодлари ва ҳиндулар учдан бир қисмини ташкил этади.

Иирик шаҳарлари Тинч ва Атлантика океани қирғоқлари бўйлаб ҳамда Буюк кўллар атрофида жойлашган. Нью-Йорк, Бостон, Фи-ладельфия, Чикаго, Лос-Анжелес, Сан-Франциско каби шаҳарлар атрофдаги аҳоли пунктлари билан бирга, йирик агломерацияларни ҳосил қилган.

АҚШ сайёҳларнинг севимли масканидир. Нью-Йоркдаги Озод-лик ҳайкали, Эмпайр Стейт Билдинг осмонўпар биноси, Таймс Сквер, Лос-Анжелесдаги Голливуд, Гавай ороллари, Голден-Гейт-Бридж, Катта Каньон ва Диснейленд сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган масканлардир. АҚШдаги энг кўзга кўринган табиий ва ижтимоий объектларга бир йилда келадиган сайёҳларнинг сони мамлакат аҳолисининг сонидан бир неча баравар кўп.

Вам может понравиться

Добавить комментарий