Уйқудан воз кечиб машҳур бўлганлар

Инсон имконияти чекланганми? У ҳар куни камида 2-3 маҳал овқатланиши, 7-8 соат ухлаши, миясининг фақатгина беш фоизи билангина фикрлашга мажбур жонзотми?

Агар у бу чегарани ёриб ўтса, нима бўлади? Камроқ ухласа, миясининг захира фоизларини ишлатиб юборса-чи? Даҳога айланадими ёки заволга юз тутадими? Балки, вақт аталмиш бебаҳо жавоҳирдан кўпроқ фойда олиш мақсадида таваккал қилиб кўриш лозимдир?!

Соғлом уйқунинг организм учун қанчалик фойдали экани хусусида кўп ва хўп гапирилган. Биз бугун бу мавзу ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки, бутун жаҳонга машҳур бедорлар — уйқу учун энг кам вақт сарфлаган даҳолар ва сиёсий етакчилар тўғрисида гаплашмоқчимиз!
Олимлар ва шифокорлар уйқу миқдорининг умр давомийлигига қанчалик таъсир кўрсатишини тажриба йўли билан аниқлашди. Унда 30 ёшдан 102 ёшгача бўлган бир миллион нафар одам иштирок этди. Тажриба хулосасига кўра, 8 ёки ундан кўп ва 4 соатдан кам ухлаган инсонларда ўлим хавфи меъёрий 6-7 соат ухлайдиганларга қараганда тезроқ таҳдид солар экан.
Шунингдек, олимлар эрта туришни омадли ва муваффақиятли уйқу гарови, деб билишади. Ахир тонг саҳарда бир талай ишларни бажариб ташлашга улгурасиз-да! Тонгда «яна беш дақиқа» ётмасликка ҳаракат қилинг, аниқ будильникнинг жиринги остида туринг (ҳа, аввалига қийин кечади, аммо кейин кўникасиз). Машқлар бажаринг ёки югуришга чиқинг. Бу сизни тартибга солади ва тетиклаштириб, кун бўйи яхши кайфиятда юришингизни таъминлайди! Ҳеч қачон эрталабки нонуштани рад қилманг.
Олимларнинг аниқлашича, уйқудан кейинги дастлабки соат ижод ва иш учун жуда қулай фурсат бўлиб, бу вақтда мия фаолиятининг самараси 10 баробар кўп бўлар экан! Уйқуни жуда яхши кўрадиган таниқли инсонлар ҳам бизга маълум. Мисол учун, Альберт Эйнштейн уйқу учун 10 соат вақт ажратган ва буюк олим бўлиб етишган. Замонамизнинг кўзга кўринган кишиларига келсак, мультимиллионер Дональд Трамп 4 соат ухлар экан, барчага таниқли Олег Тиньков эса 6-7 соат ҳамда Владимир Путин ва Дмитрий Медведевлар эса — 6 соатдан.

манбаа: http://hordiq.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий