Тошбақа ороллари

Галапагос ороллари 1535-йилда кашф этилган. Тинч океаннинг шарқий қисмида, Жанубий Америка яқинида экватоминг худди ўзида жойлашган Галапагос оролларида жуда катта тошбақалар беҳисоб кўп.

Шу боисдан оролга шундай ном берилган («Галапага» испанча сўз бўлиб, «катта тошбақа» деган маънони билдиради).

Дастлабки даврларда оролларда одамлар яшамаган. Шу туфайли ороллардаги ҳайвонот дунёсининг тинчини ҳеч ким бузмаган. Кейинчалик оролларга денгиз сайёҳлари кела бошлайди, баъзи мамлакатлардан одамлар кўчиб келади. Келгиндилар ороллардаги ҳайвонларни нобуд қила бошлайди, уларнинг баъзи турларини бутунлай қириб ташлайди. Галапагос оролларига Жанубий Американинг Эквадор мамлакатидан кўчиб келувчилар келтирган уй ҳайвонлари (эчки, ит, чўчқа) ҳам ҳайвонот оламига путур етказган.

Галапагос оролларининг ҳайвонот олами ўзига хос, дунёда ягона, ер юзининг бошқа жойларидагига ўхшамайди. Ана шу ноёб ҳайвонот дунёсини 1957-йилдан бошлабгина муҳофаза қилишга киришилди. Бу ерлардаги улкан тошбақалар ҳам муҳофаза қилинмоқда ва кўпайтирилмоқда. Галапагос оролидаги тошбақалар шунчалик каттаки, уларнинг косаси устига кўрпача ёзиб, бемалол чордана қуриб ўтириш мумкин. Бундай тошбақанинг оғирлиги 400 килограмм, косасининг узунлиги бк ярим метр келади. Бу тошбақаларнинг гўшти истеъмол қилинади ва ёғи жуда қадрланади.

Бу баҳайбат тошбақалар бир неча ойлаб емай-ичмай яшай олади. Тошбақа ишқибозларининг таърииича, улар бамисоли «тирик консерва». Уларни керфиаларга тўлдириб олиб кетилаверганлигининг боиси ҳам шу. Сўнгги 300 йил мобайнида 10 миллиондан ортиқ тошбақа истеъмол қилиб юборилган. Ороллардаги аҳоли тошбақа ёғини эритиш билан ҳам шуғулланишарди. Тошбақалар муҳофаза қилина бошлагач, бундай ишлар барҳам топди.

Галапагос оролларидаги ажойиб ҳайвонлардан яна бири — игуана (улкан калтакесак)лардир. Игуаналарнинг узунлиги бир ярим метрга яқин. Улар кўп вақтини сувда ўтказади ва сув ўтлари билан озиқланади. Галапагосда пингвинлар ҳам бор. Пингвинлар экватор кенгликларида, фақат шу оролларда яшайди. Оролдаги пингвинлар сони мингтадан ортади. Пингвинлар бу оролларга Антарктидадан совуқ Пера оқими билан келиб қолган бўлиши эҳтимол. Бу ердаги ҳайвонот дунёсининг яна бир намунаси — учмайдиган қорабузов қушидир; унинг кўзлари ям-яшил бўлиб, чақнаб туради. Қорабузовнинг пати жигарранг. У доимо қанотларини ёзган ҳолда юради. Қанотларидан югурганда ҳам, сузганда ҳам фойдаланмайди. Шокилага ўхшаш қанотлар юргарида ва сакраганда унга гавда мувозанатини сақлаш учун ёрдам беради, холос.

Галапагосда одамдан ҳайиқмайдиган денгиз мушуклари ҳам яшайди.

Вам может понравиться

Добавить комментарий