“Танимабман, бой бўласиз!” ёхуд ғалати иримлар

Халқимизда кўплаб иримлар мавжуд, уларнинг айримларига қаттиқ риоя қилишса,  баъзиларига эътибор беришмайди. Ўзи иримлар ҳақиқатга қанчалик яқин?

Иримларни ким ўйлаб топган? Сиз билан бизга ўхшаган одамларми ёки қандайдир манбаларда ёзиб қолдирилганми?  Буниси энди маълум эмас.  Аммо, кўп йиллик тажрибаларга қараганда иримларнинг замирида ҳам маълум бир ҳа­қиқат, маъно-мазмун ётаркан. Демак, иримларга ишонса бў­ларкан-да! Бу эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола…

Кўплаб юртдошларимиз — кекса онахону отахонлардан, кайвонилардан сўраб-суриштириб бизда қуйи­даги иримлар «маш­ҳур»лигини аниқладик.

Келин-куёвларга «кўз» тегмаслиги учун либосларининг назарга тушмас жойларига кўзмунчоқли тўғ­ноғич қадаб қўйишар экан.

Агар тўй куни ёмғир ёғса, ёш оиланинг келажакда бахтли ва бой-бадавлат, фаровон ҳаёт кечиришидан далолат берармиш.

Бизда  келин-куёвнинг олдини кесиб ўтмайдилар, бу яхшиликка эмас…

Баъзиларнинг айтишича, агар тўй куни келиннинг оёқ ки­йими пошнаси тушиб қолса, кел­гу­сидаги турмуши ҳам «оқсоқ» бў­ларкан.

Кўзгуга қараётган келин-куёвнинг олдини биров тўсиб қолишига йўл қўймаслик керак, акс ҳолда ке­йинчалик ҳам орага кимдир суқилиши мумкин.

Тўй куни келинни олиб кетишга келган куёв бўсағада қоқилиб кетса, бу — танлагани борасида иккиланиш аломати экан.

Келин ва куёвнинг никоҳ узугига бўйи етган қиз қў­лини теккизган бўлса, тез орада ўша қизнинг ҳам тўйи бўлади.

Келинлар, эҳтиёт бўлинг. Тўй куни либосингиз бирор нарсага илиниб қолиб йиртилса, қайнонангиз сержаҳл бўлармиш.

Тўй куни келин-куёв расмга, алоҳида-алоҳида тушмасликлари керак эмиш, акс ҳолда…

Тўй куни қор ёғса, келин-куёв келгусида бой-бадавлат яшашади.

Тушлардаги аломатлар

Агар ёш болакай тушида қи­қирлаб кулса, демак, у яхши фаришталар билан ўйнаяпти. Зин­ҳор уй­ғотиб юборманг.

Кимда-ким тушида ҳўнграб йиғласа, ўнгида кулади дейишади.

Агар жуда қўрқинчли туш кўр­сангиз, эрталаб деразага қараб ту­риб: «Тун қаерга кетса, сен ҳам ўша ёққа кет!» дейиш керак. Қўр­қинчли тушни ҳеч кимга айтмаган маъқул.

Тушда вафот этган кишини кў­риш об-ҳавонинг бузилишидан дарак беради. Дарҳол ис чиқариб юбориш, дуо ўқиш лозим.

Бу ирим аломатларига ишониш, ишонмаслик  ўзингизга ҳавола…

Турли халқларда турлича иримлар

 Агар оёқдаги қадоқлардан қутилишни истасангиз, бир бўлак гўшт­ни ерга кўминг, у чириб, йўқ бў­либ кетгач, қадоқлар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. (Англия)

Агар бирор киши овқатланаётганида тилини тишлаб олса, демак, у кимнидир алдаган ёки ёлғон гапирган. (Франция)

Россияликларнинг иримига кўра,  иш бароридан келиши учун йўлга сешанба ёки шанба куни чиққан маъқул.

Йўлда олдингиздан мушук, қуён ёки бошқа бирор жонивор кесиб ўтсаям омад қочади дейишади.

Агар йўлда олдингиздан бирорта тиланчи чиқиб қолса, омадим келди дея­веринг.

Эсон-омон уйга қайтиш мақсадида йўлга чиқишдан олдин руслар бироз муддатга ўтиришади.

Йўлда топилган нарсаларни олмаслик керак.

Йигитлар, остонада Ўтирманг!

 Агар, бировнинг уйидан чиқаётиб, қоқилиб кетсангиз, орадан бир йил ўтгач, яна ўша уйда меҳмон бўласиз.

Мушук қашланаверса- меҳмон келади.

Агар икки киши бир пайтда бир сўзни айтиб юборишса — уйи­га кимдир келади.

Агар уйнинг томига каптарлар, қарғалар тўпланса, ўша уйда тўй бўлади.

Уйланмаган йигит остонада ўтирса — юборган совчиси қуруқ қайтади.

Эшик ёки дарвоза остонасида кўришиб, хайрлашманг-жанжаллашиб қолишингиз мумкин.

Агар кимнингдир танасининг ўзи кўролмайдиган жойида холи бўлса — (масалан, елкасида, белида) жуда бахтли бўлади.

Агар сизни ким биландир адаштириб юборсалар ёки танимасалар – тез орада катта даромадга эга бўласиз.

Қошиқ ёки вилкани тушириб юборсангиз – аёл киши, пичоқ  тушиб кетса, эркак киши келади.

Агар дастурхонда тишлаган ёки синдирган нонингизни қолдирсангиз, ризқингизни қолдирган бўласиз.

Меҳмонга боришдан олдин уйда бироз сукут сақлаб ўтириш лозим — шунда сизни яхши кутиб олишади.

Кийим чап томондан кийилса,  кўнгилсизлик рўй бериши мумкин.

Агар қиз бола тикаётиб, бармоғига игна тиқиб олса, у бировни севиб қолган.

Калитни дастурхон устига қўй­манг, акс ҳолда оилада жанжал  бў­­­­­­­­­­­­­­лармиш…

Эрталаб бировга пул бериб бўлмайди — қайтиши қийин.

Агар ҳиқичоқ тутиб қолса, сизни кимдир эслаяпти ёки сизга ниманидир илинаяпти.

Агарда қулоқ қичишса — янги хабар ёки ёмғирдан дарак.

Товонлар қичишса – узоқ йўл юрасиз.

Қошлар қичишса — учрашув ёки кўз ёши тўкиши мумкин.

Дунё қизиқ, иримлар ғалати…

Карпат тоғлари атрофида яшовчи айрим элатларда антиқа ирим бор. Агар уйдан жанжал аримай қолса, мушукдан қолган сутни яширинча қўшни уй остонасига тўкиш керак эмиш! Шунда оилада тинчлик бўларкан.

Уралда яшовчи халқларда кўр­ган ёмон тушни унутиш учун, уй­ғонгандан кейин бошнинг тепа қисмини бирпас ушлаб ётиш керак деган ирим бор.

Сибирда яшовчилар бирор одамни танимай қолиш ўша кишини бойиб кетишидан далолат де­йишади. Бу гап ўзимиздаям бор. «Танимабман, бой бўласиз», деб айтганингизни эсланг.

Хитойликлар бир-бирига ойна, рўмолча ва пичоқ совға қилмайдилар.

Кавказда яшовчи халқлар қуёш ботгандан сўнг туз, нон ва пулни қарзга олмайдилар. Хайр-барака қочармиш.

Голландияда «кўчада тушиб ётган ҳамённи олма, ичидагидан икки ҳисса йўқотасан» деган гап бор.

Эскимослар табиб ёки шамандан олинган малҳам учун раҳмат айт­маслик керак, акс ҳолда шифобахш кучи қирқилади дейишади.

Дунёдаги барча халқлар кийимни ўнг енгидан кийишади. Негалигини ҳеч ким билмайди…

Иримчи машҳурлар

Машҳур юлдузлар ҳам худди сизу биз каби бирор нимага эътиқод қўйишади, нимадандир ирим қилишади.

Голливуддаги энг иримчи одам кимлигини биласизми?

1.    Мартин Скорсезе. Режиссёр ёвуз руҳлардан ва кўз тегишидан жуда ҳам қўрқади. 11 рақамини эса фалокат олиб келувчи рақам, деб билади. Шу боисдан агар автомобиль қўйиш жойида шу рақамли бўш жой қолган бўлса, ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб, режасини бузиб, ортга қайтиб кетиши ҳеч гап эмас.

2.    Уэсли Снайпс устрицаларни умуман оғзига олмайди. Чунки устрицаларга гуноҳкор бандаларнинг руҳи кўчиб ўтишига қаттиқ ишонади.

3.    Лучано Паворотти. Буюк тенор  ҳеч қачон саҳнага чўнтагига учи қайрилган мих ва туфлиси ичига танга солмасдан чиқмаган .

4. Вуди Аллен. Таниқли режиссёр негадир кийимларни атайлаб тескари кияди. Мабодо бирорта либосини тескари ки­йиб қўйса ҳам ечиб, ўнглаб ўтирмайди. Унинг айтишича, бундай қи­лиш  бир талай омадсизликларга  сабаб бўлиши мумкин экан.

5.    Комедик роллар қироли Робин Уил­ямс  негадир тузга бефарқ эмас. У уйида, ҳатто ресторанда  ўтирганда ҳам,  бир сиқим тузни олиб, чап елкасидан ошириб сепиб юборади. Кўплар «юлдуз»нинг бу антиқа одатига кўникиб қо­лишган ва бунга ортиқча эътибор қаратишмайди.

6.    «Чарли фаришталари»дан бири Люси Ли ҳеч қачон пушти либос киймайди. Бу рангни кў­ришга ҳам умуман тоқати йўқ. Қизиғи шундаки, энг қимматбаҳо гул ҳи­собланган орхидея гулдастасини совға қилсангиз, ҳеч қачон қўлингизни қайтармайди. Ажаб!

7.         Сальма Хайек. Актриса бизнинг иримлардан хабардор кўринади. У остонадан ҳатлаб ўтаётган чоғида доимо ўнг оёқ билан қадам ташлайди. Актрисанинг айтишича, остонадан чап оёқ билан ҳатлаб ўтган куни негадир иши юришмас экан.

манбаа: http://www.bekajon.com

Вам может понравиться

Добавить комментарий