Суртсей вулқони

Денгиз остидан отилиб чиқувчи вулқонлар ҳам бўлади, лекин бундай ҳодиса кам учрайди. Денгиз остидан отилиб чиқувчи вулқонлардан сув ўртасида танҳо ороллар вужудга келиши мумкин.

1963-йил 13-ноябрда Исландия пойтахти Рейкявикдан 112 километр жануби шарқда сув бетидан 130 метр чуқурликда пайдо бўлган Суртсей шундай вулқонлардан биридир.

Вулқон отилишининг дастлабки даракчиси олтингугурт ҳидининг тарқалиши бўлди. Кейин шу жойдаги сувнинг ҳарорати кўтарила бошлади. 14-ноябрда денгиз тубида 300—400 метрлик ёриқ пайдо бўлди. Сувдан тутун чиқа болшлади. Тутун устунининг баландлиги 100 метрдан 500 метргача, ҳатто 1000 метргача борди. Тўсатдан сув бетида вулқон конуси — орол пайдо болди. Бу оролни исландияликлар Суртсей деб атадилар. Дастлабки куни орол соат сайин катталашиб борди. 15-ноябрда оролнинг сувдан чиқиб турган қисмининг баландлиги 10 метрга, 16-ноябрда 40 метрга ва узунлиги 550 метрга, 19-ноябрда баландлиги 60 метрга, узунлиги 600 метрга етди.

Вулқон отилиши тўхтаган пайтларда унинг оғзи (кратери) емирилиб, ичига денгиз суви тўлар, отилиш бошланиши билан яна кратер пайдо бўларди.

28-декабрда Суртсейдан 2,5 километр шимоли шарқий томонда бошқа сувости вулқони отилди. 1964-йили 4-апрелда портлашлар тўхтаб, сув устига чиқиб қолган вулқон кратеридан олов аралаш кул отилиб, лава чиқа бошлади. Лава кратерда қайнаб-қайнаб 50—100 метрча баландга кўтарилиб денгизга оқиб тушарди. Сувга тушиши билан қаттиқ жазиллаб парчаланиб кетарди. Лава атрофидаги сув шиддат билан қайнар, буғлар осмонга кўтарилар эди. Лава оқиб чиқиши шу тахлитда бир йилдан ортиқ, 1965-йил май ойигача давом этди.

1965-йили 22-майда яна янги сувости вулқони отилди, унинг отилиши октабргача давом этди. Натижада Сурцейдан 600 метр шарқда майдони 0,2 квадрат километр, баландлиги 70 метр келадиган янги орол ҳосил бўлди. Бу орол 24-октабрга қолмай ғойиб бўлди — уни денгиз суви ювиб кетди. Шу йили 26-декабрда Сурцейдан 800 метр жануби ғарбий томонда яна сувости вулқони отилиб, янги орол вужудга келди. Кўп ўтмай бу орол ҳам ғойиб бўлди.

1966-йил 19-августда Суртсейнинг дастлабки кратерида узунлиги 200 метр келадиган ёриқ пайдо бўлиб, вулқон яна жонланди. 1967-йил 1-январига келиб лава чиқаётган ёриқнинг узунлиги 400 метрга этди. Лава чиқиши сусаяерди. Суртсей ороли бироз катталашиб, чеккалари совий бошлаши билан уни «зиёрат қилувчилар» ҳам топилиб қолди. Шуҳратпарастлардан, «оролни биринчи бўлиб кашф этди» деган номни олишга интилувчилардан биринчи бўлиб «Пари матч» номли франсуз журналининг бир гуруҳ журналистлари ҳаётини хавф остида қолдириб, таваккал қилиб оролга қадам қўйдилар… Улар сочлари куйиб, қимматбаҳо фото ва киноаппаратларини ташлаб, қочиб қолдилар. Бир ҳафтадан сўнг оролга 7 та исландиялик «довюрак» ташриф буюрди; оролга тушаётганларида уларнинг кемалари тўнтарилиб кcтди… Вулқон куллари остидан аранг чиқиб олиб, улар ҳам жуфтакни ростладилар. 1964-йилнинг охирида бутун вужуди билан саргузаштга берилган бир франсуз йигити Робинзон Крузо жасоратини такрорламоқчи бўлиб, оролда қолмоқчи бўлди. Уни оролдан аранг олиб кетишди.

http://megadunyo.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий