Сунами

Кучли зилзилалар пайтида денгиз туби тўсатдан кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Океан тубининг тўсатдан қаттиқ силкиниши, ларзага келишидан кучли, баҳайбат тўлқинлар вужудга келади. Табиатдаги бу ҳодиса сунами деб аталади.

Сунами қирғоқдан узоқда, океан ўртасида сузаётган кемаларга хавф туғдирмайди, аммо соҳилга яқинлашган сари тўлқиннинг баландлиги ортиб, даҳшатли, емирувчи кучга айланади.

Сунами соатига 400 дан 800 километргача тезликда тарқалади. Сунами тўлқинлари қирғоқдаги қоялар ва тор жойларда 15 метрдан 30 метргача баландликка кўтарилади. Сунами катта талафот келтиради. Сунамининг 85 фоизи Тинч океан соҳилларига тўғри келади.

1883-йилда Кракатау вулқони отилган вақтда ҳосил бўлган сунами 30—40 метр баландликка кўтарилиб, Ява оролининг қирғоғига ёпирилган ва 36 минг кишининг ёстиғини қуритган.

1896-йили Япониянинг Хонсю ороли соҳилига ёпирилиб келган сунами тўлқинларининг баландлиги 30 метрга этган, тўлқин 10000 уйни ювиб кетган, 27000 одам қурбон бўлган.

1960-йил май ойи охирида Чилида рўй берган зилзила вақтида ҳам денгиз тубининг релефи ўзгарди ва кучли сунами келтириб чиқарди. Бу сунами Чили соҳилида яшовчи юзлаб кишини океанга оқизиб олиб кетди.

Сунами тўлқинлари реактив самолёт тезлигида ҳаракатланиб Калифорнияга, Гавай оролларига, Янги Зеландия, Австралия, Флиппин, Япон ва Курил оролларига, шунингдек, Камчатка соҳилларига бориб урилди. Тўлқин Янги Зеландия соҳилларидаги кемаларни ағдарди, Филиппин соҳилларидаги бир неча шаҳар сув ослида қолди.

24-май куни 10 метр баландликдаги тўлқин Чилидан 1500 километр узоқда жойлашган Япония қирғоқларига келиб урилди. Натижада 36 минг уй сув остида қолди, балиқ овлайдиган 900 та кема ағдарилди, юзлаб одам ҳалок бўлди.

Ҳозирги вақтда сунами тўлқинларининг қаерга, қай вақтда етиб боришини олдиндан айтиб бериш йўллари топилди. Масалан, 1960-йили 24-майда Россия мутахассислари Курил ороллари ва Камчатка соҳилига сунами тўлқинлари етиб келажагини 20 минут олдин айтиб бердилар. Шу 20 минут ичида соҳилдаги аҳоли бехатар жойга кўчирилди. Кишилар ўша жойдан туриб табиатдаги бу даҳшатли ҳодисанинг гувоҳи бўлдилар.

Вам может понравиться

Добавить комментарий