Секвойя – улкан дарахт

Секвойя Ер шарида фақат Серра-Неваданинг ғарбий ёнбағирларида сақланиб қолган. Агар бу дарахтни Ер шарида яшаб ўтган яшил мавжудотларга қиёс қиладиган бўлсак, уни яшил динозавр деб аташ мумкин.

Айтмоқчи, секвойя динозаврлар билан замондош ҳисобланади. Динозаврлар ҳам, Европа ва Осиёдаги секвойялар ҳам қирилиб битган. Музлик босмаган Калифорниядагина Ер шаридаги асосий мўжизалардан бири — секвойя бизгача сақланиб қолган.

…Улуғвор секвойянинг минг йиллик қизғиш таналари узоқдан худди тарашланган дағал тошга ўхшаб кўринади. Ҳақиқатда эса унинг танаси наматга ўхшаш пўстлоқ билан қопланган, қўлингизга ғовак ва илиқ туюлади.                                                  

Секвойя пўстлоғининг қалиинлиги 60 сантиметр, қўл билан боссангиз юмшоқ, ушалади.. Ушалган парчаси пўкакка ўхшайди, эзсангиз бир сиқим қизғиш кукунга айланади. Пўстлоғи бамисоли кўрпа, дарахтни қаттиқ совуқдан ҳимоялайди. Секвойя пўстлоғининг бундан муҳимроқ хусусияти ҳам бор: иссиқлик таъсирини ичкарига ўтказмайди. Шундай бўлмаганда ўрмонда чиққан ёнғинлар секвойянинг узоқ яшашига йўл қўймаган бўлар эди. Секвойя ўрмонларида кўп марталаб ёнғин чиққан… Бу ёнғинларга уч юз… беш юз… тўққиз юз йил бўлган… Танасининг бир қисми куйган секвойялар ана шундай катта ёнғинлардан гувоҳлик бериб турибди. Бир катта секвойянинг ўзаги куйгану, аммо у ҳамон яшафноқда. Биз худди ғорга киргандек, қадимги ёнғинда куйган бир дарахтнинг кавагига кирдик. Фонус ёқдик. Бу кавак бир хонали хонадонча келар эди.

Бир секвойянинг кавагига гараж ва савдо дўкони жойлашган (томоша ва реклама мақсадида), бошқа бир дарахт кавагини айиқлар эгаллаган: улар шу кавакда қишлашар экан.

Ёнғинлар секвойялар учун фойдали, деган фикрлар ҳам бор: ёнғин пастда жойлашган барча ўсимликларни куйдириб кулга айлантиргач, ернинг шираси фақат секвойяга қолади. Бундан ташқари ёнғиндан кейин ер кул билан ўғитланади. Секвойянинг узоқ умр кўришига яна бир сабаб шуки, унинг ёғочи чиримайди; у хасталикни писанд қилмайди. Унинг ёнидаги бошқа дарахт касалликка чалиниб қуриб ётибди, аммо секвойя худди сеҳрлаб қўйилгандек яшнаб турибди. Унинг қизғиш танаси бўғзидан тортиб учигача тоза ва беғубор.

Кекса дарахтларнинг шох-шаббалари тепасида, жуда баландда бошланади. Агар унинг баҳайбат танаси билан шох-шаббаларни бир-бирига таққослайдиган бўлсак, худди катта кишининг бошига ёш боланинг дўпписини қўндириб қўйгандек ғалати кўринади.

Минг яшар секвойялар бир-биридан анча нарида, сийрак ўсади. Уларнинг ёнига бориш учун бошқа дарахтларни, қалин ўтларни, тўкилган шох-шаббаларни ёриб ўтишга тўғри келади, аҳён-аҳёнда улкан «тош»ларни ҳам айланиб ўтиш керак бўлиб қолади. Бизга тошга ўхшаб кўринган нарсалар аслида ағдарилган секвойя дарахтининг таналаридир. Ағдарилган секвойя чиримайди, унинг пўстлоғи тушиб кетади-ю, аммо ёғочи жуда узоқ вақтларгача чиримай ётаверади.

Қадимий секвойяларга бориш учун ўрмон ичидан йўл очилган. Ҳар бир дарахтнинг номи бор. Айримларига машҳур одамларнинг номи берилган. Шунинг учун Магеллан, Коперник, Галилей, Колумб номи билан аталувчи секвойялар учрашига таажжубланмаса ҳам бўлади. Қизил танали бу дарахтлар машҳур одамлардан ҳам машҳурроқдир. «Генерал Шерман» номли дарахтни олайлик. Унинг бўйи 90 метр, йўғонлиги 10 метр, ёши тахминан уч минг йил. Дарахтнинг кўриниши ҳундан 500 йил илгари қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай.                                                                                                                                

Ер шаридаги энг кекса дарахтлардан бири бўлган секвойянинг ёнида кичик бир ниҳолни қидириб топдик. Бу ёш ниҳол бундан беш йил илгари шу улкан секвойя уруғидан униб чиққан бўлса ажаб эмас. Уч минг ёш билан беш ёш — ота билан ўғил! «Ота билан фарзанд» ўртасида ёш жиҳатдан бунчалик катта фарқни қаерда учратиш мумкин?! Модомики секвойя уч минг йил яшар экан, бу ёш ниҳолнинг 5005-йилдаги қуёш чиқишини кўра олиши эҳтимолдан узоқ эмас. ўша вақтга бориб ниҳолнинг қандай кўринишга киришини олдиндан тасаввур қилиш мумкин-у, аммо 5005-йилда Ер шарида яшайдиган инсонлар тўғрисида тахминий фикр айтиш қийин.

Секвойяларнинг қулаши кам учрайди. Шундай бўлсада, 1953-йилда одамларнинг кўз ўнгида бир секвойя қулаган. Унинг танасига «Бу дарахт 2415 йил умр кўрган» деб ёзиб қўйилган. Бунинг тўғрилигига ишониш учун секвойя танасидаги йиллик ҳалқаларни санаб кўриш мумкин.

Дарахтнинг қирқилган жойига инсоният тарихидаги айрим воқеалар ёзилган. Мана шулардан баъзилари:

«Эрамиздан олдинги 323-йилда Искандар Зулқарнайн вафот этган. Буюк саркарданинг жасади асал тўлдирилган бочкага солиниб, дафн этиш учун Осиёдан ўз юртига келтирилган. ўша йили секвойя 136 ёшда бўлган».

«Эрамиздан олдинги 44-йилда Юлий Сезар вафот этган. ўша вақтда секвойя 400 ёшда бўлиб, танасининг йўғонлиги бир ярим метрга этган».

«Эрамизнинг 570-йили Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва-саллам — пайғамбар туғилган. ўша вақтда секвойя 1032 ёшда бўлган».

1348-йилда Европада вабо тарқалган, 1492-йилда Америка «кашф этилган» вақтларда секвойя неча ёшда бўлганлиги ҳам шу тарзда ёзиб қўйилган.

Секвойя дарахтлари муҳофаза қилинмоқда. 1890-йилда секвойяларни муҳофаза қилувчи парк — қўриқхона ташкил этилган.

Вам может понравиться

Добавить комментарий