Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси

Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, вилоятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй бераётган янгиликларни телекўрсатувлар ва радио эшиттиришлар орқали алоҳида етказиб бермоқда.

1927 йил 11 феврал-мамлакатимизда илк бор Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон радиоси ўз ишини бошлаган. Ана шу санани Самарқанд радиоси фаолияти бошланган кун сифатида ҳам эътироф этиш мумкин.

1989 йилда вилоят радиоси ижодий жамоаси ва тележурналистлари ҳамкорлигида илк бор кўрсатувлар тайёрланиб, тажриба тариқасида эфирга узатила бошланди.

1991 йил 6 июндан вилоят  телевидениеси ҳафтанинг душанба, чоршанба ва жума кунлари бир соатдан, жами уч соатлик дастур асосида  кўрсатувлар бера бошлади. Шу даврдан Самарқанд телевидениесига тамал тоши қўйилди.

2003 йил 21 мартда Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси қошида ФМ-105.2  радиоси иш бошлади.

2006 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича тадбирлар ҳакида” 2005 йил 27 декабрдаги ПК-245-сон қарорини бажариш юзасидан ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари сонини мақбуллаштириш, бюджетдан ажратилган маблағлардан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Махкамасининг 2006 йил 14 февралдаги 23-сон қарори асосида  Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси қайтадан шакллантирилди.

Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг асосий мақсади ва вазифалари Республика Президентининг Фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, вилоятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги янгиликлар, вилоят шаҳар ва туманларида юз бераётган ўзгаришлар, саноат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, таълим, тиббиёт ва бошқа сохаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, ёшлар тарбияси, интеллектуал салоҳиятли, баркамол авлодни шакллантириш йўлида бажарилаётган ишлар хусусида кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаб, эфирга узатишдан иборат.

Вилоят телерадиокомпанияси кўрсатувлари “Самарқанд” телеканали оркали ҳар куни эрталаб соат 6:00 дан 14:00 гача ва 18:00 дан 24:00 га қадар, вилоят радиоси  эшиттиришлари ҳар куни соат 16:30 дан 18:06 га қадар  «Маҳалла» канали орқали эфирга узатилади. Вилоят телерадиокомпанияси радио эшиттиришлари эса ФМ 105.2  тўлқинида ҳар куни эрталаб соат 6:00 дан кеч соат 22:00 гача эфирга узатиб борилмоқда.

Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясидаги телекўрсатув ва радиоэшиттиришларнинг эфир қамрови Самарқанд вилояти ҳудудининг 70% ини ташкил этади. «Маҳалла» канали орқали эфирга узатиладиган эшиттиришлар вилоят ҳудудини тўлиқ қамрайди.

Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришлари  аҳолининг турли қатламлари, барча ёшдаги ва барча касбдаги мухлислар учун мўлжалланган.

Вилоят телерадиокомпаниясида ижтимоий-иқтисодий кўрсатувлар муҳарририяти ва “Диёр янгиликлари” информацион таҳририяти фаолият кўрсатади. Вилоят радиоси муҳарририяти эса ўзбекча, русча ва тожикча эшиттиришлар таҳририятларидан иборат.

Ҳозирги кунда Самарқанд вилоят телевидениеси орқали “Қадрият”, “Ёшлар вақти”, “Ниҳол”, “Маҳалла мўжаз Ватан”, “Обод маҳаллам”, “Самарқанд сайқали”, “Кинотеатр”, “Диёр табиати”, “Саломатлик”, “Борингизга шукур”, “Янги тонг”, “Аёл қалби”,  “Ойдин оқшом”,  “Болалар вақти”, “Матонат” кўрсатувлари шунингдек, вилоятимиз ижтимоий иқтисодий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Тафсилот” ахборот-таҳлилий ва “Диёр янгиликлари” информацион дастурлари мунтазам тайёрланиб, эфирга узатилмоқда.

Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг радиоэшиттиришлари ўзбек, рус ва тожик тилларда тайёрланади. Республика, вилоят ва хориж саҳнида содир бўлаётган тезкор воқеалар “Хабарлар” информацион дастури оркали эфирга узатилади. Шунингдек, “Мактуб йўллабсиз”, “Қадрият”, “Файзли оқшом”, “Хайрли кун”, “Радиосаёҳат”, “Кексаларга эҳтиром”, “Сўз ёшларга…”, “Ҳуқуқ ва бурч”, “Радиоошхона” , “Ғаройиб кашфиёт” каби эшиттиришлар тингловчилар эътиборига ҳавола қилинади.

манбаа: samtrk.uz

Вам может понравиться

Добавить комментарий